« Back

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида 20.09.2019 15:51

ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Куни кеча халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг  сессияси бўлиб ўтди.  Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган сессия селектор шаклида ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, шаҳар Кенгаши депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари  ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Кун  тартиби доирасида парламент ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Тошкент шаҳри юксак иқтисодий салоҳияти, қулай инвестицион ва инфратузилма шароитлари ҳамда меҳнат ресурслари билан мамлакатимиз иқтисодиётида етакчи ўрин эгаллайди. Айниқса, кейинги уч йил давомида пойтахтимизда барча соҳаларда  юксалиш кузатилмоқда. Бунда, албатта, ишбилармон доираларнинг ҳиссаси катта.

Жумладан, ҳозирги вақтда 73 мингдан зиёд кичик тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган бўлиб, бу корхоналар умумий сонининг 87,9 фоизини ташкил этади. Кичик бизнес субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 62,2 фоиз, маҳаллий бюджетдаги ҳиссаси эса 14 фоизга тенгдир.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида тадбиркорлик субъектлари учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 24,3 трлн. сўм кредитлар ажратилди. Бу эса 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 56 фоизга ёки 10,6 трлн. сўмга кўпдир.

Бироқ, шунга қарамасдан, шаҳарда тадбиркорликни ривожлантириш, пойтахтни том маънода ишбилармонлик маконига айлантириш бўйича ҳали кўплаб вазифалар, ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар мавжуд.

Шаҳарда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали  импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришга лозим даражада эътибор қаратилмаётгани оқибатида импорт ҳажми камаймаяпти.  2019 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра экспорт ҳажми 1 млрд. 971,8 млн. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,3 фоизга ўсган бўлса, импорт ҳажми 3,9 млрд. долларга тенг ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34,5 фоизга ўсган. Шу рақамларнинг ўзиёқ бу борада жиддий ишлар амалга оширилиши лозимлигини кўрсатиб турибди.

Сессияда қайд этилганидек, пойтахтнинг экспорт салоҳиятини оширишда кичик саноат зоналари фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Айтиш жоизки, Тошкент шаҳрида 8 та кичик саноат зонаси фаолият кўрсатмоқда. Бектемир, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Юнус­обод ва Яккасарой  кичик саноат зоналари шулар жумласидан. Уларнинг ҳудудида 653 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1,18 трлн. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 13910 та янги иш ўрни яратилди.

Кичик саноат зоналари фаолиятини такомиллаштиришга ҳалал бераётган бир қатор камчиликлар депутатлар томонидан кўриб чиқилди. Улар фаолият юритаётган субъектларга имтиёз ва преференциялар тақдим этилишини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, тўрачилик билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этиш, қолаверса, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш масалалари атрофлича кўриб чиқилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий таклифлар билдирилди.

Сўзга чиққанлар қайд этилган  камчиликларни бартараф этиш юзасидан пойтахтимиздаги ташкилотларни жалб қилган ҳолда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган аниқ чораларни белгилаб олиш ҳамда  уларнинг ўз вақтида ижро этилиши юзасидан  қатъий назорат ўрнатиш лозимлигини айтиб ўтди.

Сессияда кўриб чиқилган масала юзасидан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг Ахборот хизмати