« Back

Ижтимоий сўров 17.10.2019 14:16

ТАДБИРКОРЛАР ЎЗБЕКИСТОН ВА РОССИЯ ЎРТАСИДАГИ САВДО МУНОСАБАТЛАРИ РИВОЖИНИ ҚАНДАЙ БАҲОЛАЙДИ?

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази илк маротаба “Ўзбекистон – Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар тадбиркорлар наздида” мавзуида ижтимоий тадқиқот ўтказди. Олинган маълумотлар ҳамкорликнинг салоҳиятини холис ва ҳар томонлама баҳолаш, мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни таъминлаш омилларини ўрганиш, шунингдек, савдо ва иқтисодиёт соҳасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга тўсқинлиқ қилаётган муаммоларни аниқлаш имконини беради.

Сўров аксарият ўзбекистонлик тадбиркорлар (84,5 фоиз) давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни юксалтириш, кенг кўламли ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, Россия Федерацияси билан савдо ҳажмини ошириш, ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ҳамкорликда турли соҳалар бўйича истиқболли инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган сиёсатни қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

Сўров иштирокчиларининг фикрича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши билан боғлиқ ижобий тенденция кузатилмоқда. Бу мунтазам ва самарали мулоқотлар натижаси бўлиб, пировардида давлат раҳбарлари ташрифлари чоғида эришилган келишувлар, қўшма истиқболли инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

37,3 фоиз тадбиркорларимиз фаолияти Россия Федерациясидаги ҳамкасблари билан ҳамкорликка асосланган. 76,5 фоиз сўров қатнашчиларининг фикрича, Ўзбекистон биринчи бўлиб россиялик тадбиркорлар билан иқтисодий шериклик муносабатларини йўлга қўйиш ташаббуси билан чиқди, иштирокчиларнинг ўндан бир қисми эса уларнинг шароитида Россия томони икки томонлама алоқалар ўрнатиш ташаббускори бўлган.

Иштирокчиларнинг учдан бир қисми умуман, ишлаб чиқариш соҳасида, ҳар тўртинчиси – ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик қилишини билдирган. 23,1 фоиз тадбиркорлар сайёҳлик хизматлари кўрсатишга қизиқиш билдирган. Шаҳарда истиқомат қиладиган қарийб 15 фоиз респондентлар россиялик шериклар билан ҳамкорлик қилишда асосий соҳалар сифатида савдо ва қурилиш соҳаларини қайд этган. Сўров иштирокчилари ахборот-коммуникация тармоғи, таълим, илм-фан, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларини ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан деб ҳисоблайди.

Аксарият тадбиркорларнинг фикрича, ушбу ҳамкорлик самарасида жорий йилда кўзда тутилган фойдани олиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ўз имижларини яхшилаш ва истеъмолчилар ишончини қозониш, шунингдек, ускуналарни модерни­зация қилиш, техник таъминотни реконс­трукция қилишга эришилди.

Сўров шуни кўрсатдики, кўпчилик респондентлар (64,1 фоиз) сўнгги ўн икки ой мобайнида асосий капитал – ишлаб чиқаришни кенгайтириш, таълим ва кадрлар малакасини ошириш, замонавий ускуналарни харид қилиш, янги технологияларни ўрганиш бўйича инвестиция киритган. Сўровда иштирок этганларнинг учдан бир қисми эса мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланмагани учун ўз тадбиркорлик фаолиятини ривожлантира олмаганини маълум қилган.

Сўров натижалари таҳлили шуни кўрсатдики, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида тадбиркорликни ривожлантириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича самарали ишлар амалга оширилган. Айни пайтда 28,2 фоиз респондентлар сармоядорлар учун ўз ҳудудларининг жозибадорлигини юқори даражада, 60,6 фоиз сўров иштирокчилари улар яшайдиган ҳудудларнинг инвестициявий салоҳиятини ўрта даражада деб ҳисоблайди.

Тадқиқот қатнашчилари қишлоқ хўжалиги, айниқса, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қоракўлчилик ва қўйчилик йўналишларини сармоя киритиш учун энг жозибадор йўналишлардан деб билишади. 64,4 фоиз сўров иштирокчилари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги хорижий сармоядорлар учун улкан салоҳиятга эга деб ҳисоблайди. 59,8 фоиз иштирокчилар бизнес учун кенг турдаги йўналишларни тақдим этадиган туризм соҳасини жозибали деб ҳисоблайди. 57,1 фоиз иштирокчилар сармояни замонавий ахборот-коммуникация технологияларини иқтисодиётнинг барча тармоқларига жорий қилиш, 54,5 фоизи – қурилиш соҳаси ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга киритиш муҳим, деган фикрда. Сўровда иштирок этган тадбиркорлар 26,2 фоизининг фикрича, сармоядорларни асосан тўқимачилик саноати ва кенг истеъмол буюмларини ишлаб чиқариш кўпроқ жалб қилади.

Тадқиқот натижаларига кўра, 42,3 фоиз тадбиркорлар ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлардан қониқади, бироқ инвес­тицияларни ижтимоий соҳага жалб қилишнинг замонавий, самарали механизмларини жорий қилиш, бошқарув органлари, ташкилотлар раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш зарур, деб ҳисоблайди.

56,4 фоиз сўров қатнашчиларининг фикрича, маъмурий тўсиқларни янада фаол равишда бартараф этиш, қўллаб-қувватлаш чораларини такомиллаштириш, тадбиркорлар ва сармоядорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқа каналларини ривожлантириш зарур. Сўровда қатнашганларнинг 47,6 фоизи маҳаллий бюджетда маблағлар етишмаслиги, инфратузилма ҳолати ва йўллар сифати, банк тузилмалари фаолияти ва интернетнинг қониқарсиз аҳволдалигини инвестицияларни жалб қилиш йўлидаги асосий тўсиқлардан деб биладилар. Тадбиркорлар сўров давомида муҳандислик тармоқларидан фойдаланишни таъминлаш, етишмайдиган инфратузилмаларни яратиш билан боғлиқ қўшимча инвестиция харажатларини чиқариб ташлаш, базавий табиий монополия хизматлари кўрсатувчиларга нисбатан қатъий антимонопол сиёсатни юритиш муҳимлигини билдирган.

Сўровнинг ҳар учинчи қатнашчиси устувор тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнида инвестициявий фаолликни рағбатлантиришда технопарклар, бизнес-инкубаторлар, эркин иқтисодий зоналар, кўп функцияли марказлар шаклидаги ихтисослашган органлар ва маҳаллий бошқарув таркибида инвестиция сиёсати бўйича мувофиқлаштириш кенгашларини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайдилар. Шунингдек, респондентлар инвестиция лойиҳалари бўйича ягона база тузиш ва уни юритиш, халқаро авиарейсларни ривожлантириш ва авиаташувчилар учун мамлакатимиз аэропорт­ларининг жозибадорлигини ошириш, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги тўғрисида холис материаллар тайёрлаш ва узатиш мақсадида ишбилармонлар ОАВнинг медиа-хабини яратиш нафақат мамлакат, балки ҳар бир вилоят бўйича инвестициялар оқиминини ошириш имконини беради, деб қайд этган.

Ижтимоий тадқиқот натижалари таҳлили тадбиркорларнинг фикрича, россиялик шериклар билан савдо-иқтисодий муносабатлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган қатор муаммоларни аниқлади. Маҳаллий ҳокимият, назорат органлари ва бош­қа тузилмалардаги амалдорлар қўллайдиган расмиятчилик 18,7 фоиз тадбиркорларнинг россиялик шериклари билан ҳамкорлик қилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. 15,3 фоиз сўров иштирокчилари логистика ва транспорт соҳасидаги муаммоларни кўрсатиб ўтган. Сўров қатнашчилари ушбу муаммолар ечими сифатида юқори тезликда ҳаракатланадиган пуллик магистраллар қуриш, юқори технологияли терминалларни барпо этиш, темир йўлларни модернизация қилиш ва авиаташувчиларнинг юк ташиш хизматлари сифатини ошириш, ушбу соҳада соғлом рақобатни шакллантиришни қайд этади.

Сўров давомида инфратузилма – йўллар, маҳсулот сотиш, алоқа шохобчалари, улгуржи бозорлар ривожланмаганлиги (13,1 фоиз), бозор конъюнктураси ҳақидаги маълумотнинг йўқлиги (13 фоиз), чегараларда божхона назоратидан ўтиш қийинлиги (12,7 фоиз), ҳокимликлар ва бошқа ҳудудий бошқарув органлари томонидан кўрсатиладиган ёрдам йўқлиги (10,9 фоиз) ҳамкорликка салбий таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида эътироф этилди.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, сўровда иштирок этган 68,3 фоиз тадбиркорлар Ўзбекистон солиқ тизимини ўзида фуқаролар ва давлат манфаатларини тенг даражада мужассамлаштирган, хорижий сармоядорларнинг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантирувчи самарали тизим деб баҳолайди. 85,2 фоиз тадбиркорлар уларга хизмат кўрсатадиган банклар фаолиятига ижобий баҳо берган. Айни пайтда 13 фоиз тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун кредит олишда қийинчиликларга дуч келишини ҳам маълум қилган. 11,2 фоиз сўров қатнашчилари банклар томонидан хизмат кўрсатиш тарифларининг оширилиши туфайли муаммолар юзага келганини билдирган. Ҳар ўнинчи сўров иштирокчисида ҳисоб рақамидан, жумладан, хорижий шериклар томонидан кўчирилган нақд пул маблағларини олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келган, 9,7 фоиз иштирокчи хом ашё харид қилишда нақд пул танқислиги муаммосига дуч келган.

Респондентларнинг фикрича, Ўзбекистонда самарали тадбиркорлик фаолияти юритишни ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимояланганлигини таъминлайдиган меъёрий-ҳуқуқий база яратилган. Шундай бўлсада, тадбиркорлик субъектларининг Савдо-саноат палатаси ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига бўлган ишончи нисбатан паст даражада. Тадбиркорлик ҳуқуқлари бузилганида ёки чеклаб қўйилганида 7,1 фоиз тадбиркорлар ва сўровда иштирок этган 2,9 фоиз тадбиркорларнинг ушбу ташкилотларга мурожаат қилгани ҳам бунинг яққол исботидир.

Тадқиқот натижасида шу нарса аниқландики, тадбиркорлар ўз маҳсулотларини сертификатлаштиришда катта моддий харажатлар, амалдорлар малакаси пастлиги ва билими саёзлиги, сертификат олиш учун кўплаб ҳужжатларни тақдим қилиш зарурлиги туфайли ушбу таомилнинг мураккаблиги, сертификат олиш учун узоқ кутишга тўғри келган.

Сўров давомида 80,1 фоиз тадбиркор сўнгги ўн икки ой давомида уларнинг ташкилотларига бўлган текширувлар сони қисқаргани, 14,8 фоиз иштирокчилар текширувлар сони олдингидек қолгани, 4 фоизи эса текширувлар сони ошганини қайд этган. Сўров натижаларига кўра, ҳокимликлар хўжалик субъектлари фаолиятига энг кўп аралашувчи субъектлар ҳисобланади.

Улар тадбиркорларни нимани ва қандай ишлаб чиқариш, қайси қишлоқ хўжалиги экинларини қай тарзда етиштириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳамда уларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун пул маблағлари кўчиришга мажбур қилган.

Умуман олганда, сўров давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг ”Фаол инвес­тициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Россия Федерациясининг турли ҳудудларига экспорт қилинишида қўшимча шароитлар яратилиши ҳамда тўғридан-тўғри инвестициялар, илғор технологияларни мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор тармоқларига жалб қилинишига хизмат қилаётганини кўрсатди.

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида ЎзА мухбири О.ХАРЧЕНКО тайёрлади