ДУНЁДА
04.07.20

• Канадада коронавирус пандемиясига қарши ўз жонини хатарга қўйиб кураш олиб бораётган ва шундай оғир вақтда ҳам Канада аҳолисини энг зарур маҳсулотлар билан таъминлаётган шифокорлар, кўнгиллилар, озиқ-овқат дўконлари ходимлари ва бошқа ишчилар шарафига махсус танга чиқарилди. Танганинг бир томонида Канада рамзи ҳисобланган заранг дарахти барги билан кесишган юрак тасвири туширилган. Иккинчи томонида эса катта юрак ўртасида қучоқлашиб турган одамлар гуруҳи акс этган. Тасвирнинг тагида мамлакатнинг расмий тили ҳисобланган инглиз ва французчада «Раҳмат» сўзи туширилган. Ушбу танганинг нархи 9 канада доллари ва 95 цент (тахминан 7,5 АҚШ доллари). Тангани фақат онлайн тарзда буюртма бериб харид қилиш мумкин. Тангаларни сотишдан тушган маблағ Канаданинг коронавирусга қарши кураш бўйича хайрия фондига ўтказилади.

• Нур-Султондаги Миллий мудофаа университетида Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг монументи очилди, дея хабар беради мамлакат президенти расмий сайти. Қасим-Жомарт Тоқаев очилиш маросимида онлайн режимида иштирок этди. Унинг айтишича, Миллий мудофаа университетида ҳайкал ўрнатилиши чуқур рамзий аҳамият касб этади, чунки Қозоғистон Қуролли Кучлари айнан мамлакат мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланишга катта эътибор қаратиб келган Назарбоев фармони билан ташкил этилган. Тоқаев мамлакатнинг стратегик йўлини белгилаб берган ва халқни жипслаштирган Назарбоевни замонавий Қозоғистон асосчиси дея таърифлади. «Тинчлик ва барқарорлик, фаровонлик ва бирлик – бу Елбаси сиёсати самарасидир. Ҳар бир давлат тарихида ўзидан беқиёс из қолдирган ноёб шахслар бўлади. Ўсиб келаётган авлод олдидаги бурч - уларнинг хизматларини қадрлаш ва ҳурмат қилишдан иборат», – деди президент.

« Back

Йиғилиш 29.07.2020 14:57

Шавкат Мирзиёев: касалларни даволашга ҳам, иқтисодиётни ишлатишга ҳам мажбур ва масъулмиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июль куни ҳудудларда коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Бутун дунёда COVID-19 тарқалиши ҳамон давом этмоқда. Мамлакатимизда охирги беш кунда инфекция юқтирганлар сони 3 мингтага кўпайиб, 21 минг 700 нафарга етди.

Жумладан, Тошкент вилоятида 347 та, Қашқадарёда 193 та, Сурхондарёда 130 та, Самарқандда 123 та, Сирдарёда 83 та, Андижонда 79 та янги касалланганлар аниқланган. Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Наманган, Тошкент, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистонда пневмония ҳолатлари анча кўпайган.

Маълумки, Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, юртимизда карантин талаблари муддати 15 августгача узайтирилди. Шу билан бирга, ҳозирги вазият пандемияга қарши кураш ишларини янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Йиғилишда бу борада ҳудудларда долзарб бўлиб турган масалалар кўриб чиқилиб, қўшимча вазифалар белгиланди.

Республика махсус комиссиясига жойлардаги эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш ва касалларни даволашга амалий ёрдам берадиган гуруҳлар тузиб, ҳар бир ҳудудга юбориш бўйича кўрсатма берилди.

Ушбу гуруҳларга мутасадди идоралар, ихтисослашган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари раҳбар ва мутахассислари, шунингдек, нафақадаги тажрибали шифокорлар жалб этилади. Бу ҳудудларда аҳолига эрта ва аниқ ташхис қўйиш, беморларни касаллик даражасига қараб тўғри ва малакали даволашда муҳим омил бўлади.

Ҳокимликларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар ташкил этиш, интенсив ва реанимация ўринларини кўпайтириш, уларни зарур тиббий жиҳозлар ва дори-дармон билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Тошкент шаҳридаги тажриба асосида COVID-19 ва пневмония билан касалланганларга дастлабки малакали тиббий ёрдам кўрсатадиган “махсус поликлиникалар” ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари оғир касаллар аҳволини енгиллаштирадиган тиббий ускуналар таъминоти масаласига алоҳида тўхталди.

Қайд этилганидек, охирги икки ҳафтада қўшимча равишда 370 та сунъий нафас олдириш аппарати, 1 минг 41 та портатив нафас олдириш ускунаси, 1 минг 164 та кислород концентратори ва бошқа зарур тиббий жиҳозлар олиб келиниб, ҳудудларга тарқатилди. Касаллар кўпайиши мумкинлигини ҳисобга олиб, Республика махсус комиссиясига жойларга яна қўшимча ускуналар етказиш бўйича топшириқ берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 25 июлдаги “Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ташкил этилди. Ушбу хизматнинг бугунги кундаги энг асосий вазифаси вирус занжирини узиш ҳисобланади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими, ҳокимликлар билан биргаликда беморларни соғайтириш ва улардан бошқаларга вирус юқишини камайтириш ҳам энг муҳим йўналишдир.

Йиғилишда ёш болалар, ҳомиладор аёллар, кексалар, ногиронлиги ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар саломатлиги устидан тизимли мониторинг олиб бориш муҳимлиги белгиланди.

Карантин даврида бирор бир эҳтиёжманд оила эътибордан четда қолмаслиги, кам таъминланган аҳоли қатламига моддий ёрдам, озиқ-овқат ва дори-дармонларни манзилли етказиб бериш тизими “соат”дай аниқ ишлаши кераклиги таъкидланди.

– Ҳозирги шароитда касалларни даволашга ҳам, иқтисодиётни ишлатишга ҳам мажбур ва масъулмиз. Шунинг учун аҳоли саломатлигини сақлаш, айни пайтда темир интизом билан ҳамма ишларни давом эттиришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳокимлар ўз ҳудудидаги реал вазиятдан келиб чиқиб, аниқ чоралар кўриши бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, 65 ёшдан ошганлар зарурат бўлмаса уйдан чиқмаслиги қоидаларига қатъий риоя қилишнинг аҳамияти қайд этилди.

Видеоселектор йиғилишида ҳокимлар ва сектор раҳбарлари қатнашганидан фойдаланиб, экспорт ва инвестиция масалалари, бюджет тушумлари прогнозининг бажарилиши, ғўза парвариши ва экинларни суғориш ишларининг бориши кўриб чиқилди. Булар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботи эшитилди.

ЎзА