« Back

Май – фуқаролар йиғини раислигига сайловлар ойи 25.04.2019 16:48

КЕНГ КЎЛАМЛИ ИШЛАР

Тошкент шаҳрида жорий йилнинг май ойида ўтказилиши кутилаётган маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайловини сифатли, мазмунли, демократик тартиб-тамойиллар асосида ўтказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини маҳаллалар миқёсида тушунтириш мақсадида кенг кўламли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жойларда олиб борилаётган бу каби тадбирлар орқали аҳолининг сайлов жараёнида қонун талабларига қатъий амал қилишини таъминлаш мақсад қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорининг ижроси тўғрисидаги масала халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2019 йил 28 февралдаги сессиясида кўриб чиқилган эди. Тегишли қарор қабул қилиниб, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Тошкент шаҳар комиссияси тузилди.

Ушбу қарор билан 2019 йил майда фуқаролар йиғинлари раисларининг сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир чора-тадбирлар режаси тасдиқланди ҳамда сайловларнинг қонун талаблари асосида ўтказилишини таъминлаш, туман комиссиялари ва ишчи гуруҳларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ишчи гуруҳи аъзолари – сенатор ва депутатлар, шаҳар кўмаклашувчи комиссия аъзолари ҳам туманларга бириктирилди.

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгаши комиссияси аъзоси Абдураҳмон Бобоев раислигида шаҳар кўмаклашувчи комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг сайловини ташкил этиш ва уни ўтказишга оид ташкилий масалалар, тадбирлар режаси, сайловни ёритувчи медиа-режа ишлаб чиқиш ва туманларда семинарлар ўтказиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгаши томонидан тасдиқланган режага асосан Тошкент шаҳридаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларининг вакиллар йиғилишлари бўлиб ўтди. Йиғилишларда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг сайловини ўтказувчи ишчи гуруҳлар тузилди.

Жорий йилнинг 12 апрелига қадар кўмаклашувчи комиссия ва ишчи гуруҳлар аъзолари иштирокида ўқув-семинарлари ўтказилди.

Сайловларни ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгаши томонидан тайёрланган услубий қўлланмалар ҳар бир туман комиссиялари ва ишчи гуруҳлар аъзоларига етказилди.

Фуқаролар йиғинлари раисларининг сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Республика ишчи гуруҳининг 3 та комиссияси томонидан 27 мартдан бугунги кунга қадар Тошкент шаҳридаги 506 та маҳалла фуқаролар йиғинида 2222 нафар тавсия этилаётган номзод билан суҳбатлар ўтказилди ва суҳбатлар натижасида 1353 нафар номзодга ижобий хулоса берилди. Республика ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳрининг қолган маҳаллаларида номзодлар билан суҳбат жараёнлари давом этмоқда.

Тошкент шаҳридаги барча маҳалла ишчи гуруҳлари таклифларини инобатга олган ҳолда, вакиллик нормалари тасдиқланди. Унга асосан маҳалла ишчи гуруҳлари томонидан ҳовлилар, уйлар ва кўчаларда аҳолининг фуқаролар йиғини вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишлар ўтказилди ва вакиллар сайланди.

Фуқаролар йиғини раисларининг сайловини ўтказиш куни, жойи ва вақтлари аниқланиб, сайловлар янги
бунёд этилган замонавий маҳалла гузарлари, коллеж, академик лицей ва мактаб биноларида ўтказилиши белгилаб олинди.

Туман кўмаклашувчи комиссияси ва туман ҳокимлиги масъуллари томонидан сайлов ўтказилиши белгиланган манзилларга овоз бериш кабинаси ва сайлов қутилари етказилди.

Шаҳар кўмаклашувчи комиссияси томонидан барча туманларга сайловга чорловчи шиорлар ва плакатлар тарқатиш тартиби учун ишлаб чиқилди. Ушбу плакатлар шаҳарнинг барча марказий кўчалари, маҳаллалар, аҳоли гавжум жойларга жойлаштирилиши бўйича манзиллар белгиланмоқда.

Шунингдек, ҳар бир туманда барча ишчи гуруҳ раисларини таклиф этган ҳолда кўргазмали сайлов йиғилишлари ўтказилиши бўйича режа-жадваллар ишлаб чиқилди.

Бир сўз билан айтганда, Тошкент шаҳрида сайлов жараёнларига тайёргарлик ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 508 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, маҳаллаларнинг ҳаммасида 2019 йил май ойида фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтади.

Ўткир УЛАШЕВ,

Тошкент шаҳар маҳаллалар кенгаши Ташкилий-услубий шўъба етакчи мутахассиси