« Back

Май – фуқаролар йиғини раислигига сайловлар ойи 25.04.2019 16:49

ЖАМИЯТ ҲАЁТИДАГИ МУҲИМ ЖАРАЁН

Маҳалла фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга шароит ҳозирлаб, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашиб келмоқда. Шу боис маҳалла фуқаролар йиғинлари раислигига номзодларни тўғри танлаш, лавозимга энг муносибларни қўйиш — бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири.

Сайлов жараёнларини янада демок­ратлаштириш мақсадида 2018 йилнинг 15 октябрида қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонун маҳалла институти ривожидаги муҳим қадам бўлди. Қонун асосида сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш учун бевосита масъул бўлган органларнинг, хусусан, кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳларнинг ташкил этилиши, шунингдек, уларга аъзолик бўйича янги талабларнинг қўшилиши, бу — сайловлар ўтказилиши халқчиллигига хизмат қилади.

— Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги 508 та маҳалла фуқаролар йиғинида жорий йилнинг май ойи­да фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтади, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Маҳмудхўжаев. — Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгашининг 2019 йил 18 мартдаги 2-сонли баёнида келтирилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш соҳасида қуйидаги ишлар амалга оширилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар ҳамда маҳаллалар фаолларининг фуқаролар йиғини раиси лавозимига ташкилотчилик қобилияти, иш ва ҳаётий тажриба ҳамда аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган ва ташаббускор номзодларни фуқаролар йиғини сайловида иштирок этишига кўмаклашиш ишларини ташкил этиш бўйича таклифлари маъқулланди.

Республика Кенгашининг 2019 йил 18 мартдаги 2-сонли баёни билан Фуқаролар йиғини раислари лавозимига тавсия этилаётган номзодларни саралаб олишга кўмаклашувчи минтақавий республика ишчи гуруҳлари таркиби ва ҳудудларга бириктириш жадвали, фуқаролар йиғини раислари лавозимига тавсия этилаётган номзодларни саралаб олишга кўмаклашувчи минтақавий республика ишчи гуруҳлари учун йўриқномага мувофиқ тасдиқланди. Ишонамизки, халқимиз ушбу сайловда ўз фуқаролик бурчини тўла адо этиб, кейинги ҳаётимизнинг янада гуллаб-яшнаши, юртимизнинг бундан-да обод бўлишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар.

23-24 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида республика ишчи гуруҳи аъзолари, ҳудудий кенгаш раис ўринбосарлари учун алоҳида дастур асосида икки кунлик ўқув-семинар машғулотлари ташкил этилди.

Фуқаролар йиғини раислари лавозимига тавсия этилаётган номзодларни саралаб олишга кўмаклашувчи минтақавий республика ишчи гуруҳлари фао­лиятини умумлаштириш, таҳлил қилиш ва тезкор маълумот алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларида 3, 3а, 3б-иловаларга мувофиқ таркибда штаблар тузилди ва уларнинг вазифалари белгилаб олинди.

Жорий йилнинг 27 мартидан 12 апрелига қадар тасдиқланган жадвалга кўра туманлар ҳокимликлари ва туман кенгашларида фуқаролар йиғини раиси лавозимига кўрсатилган номзодлар билан суҳбатлар ўтказиш бошланди. Суҳбат натижалари бўйича кунлик ҳисоботлар Республика штабига топширилмоқда. 27 март куни Бектемир, Яккасарой ва Чилонзор туманларида Республика ишчи гуруҳи ва сектор раҳбарлари иштирокида номзодлар билан суҳбатлар бўлиб ўтди. Жами кўрсатилган 111 та номзоддан Бектемир туманида 15 тадан 10 таси, Яккасарой туманида 36 тадан 21 таси ва Чилонзор туманида 60 тадан 35 таси саралаб олинди.

Суҳбатлар натижаси 2 апрель ҳолатига кўра Тошкент шаҳар туманларида 346 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ишчи гуруҳлар томонидан 1294 та номзоддан 759 та номзодга тавсия берилди.

Зиёда РАСУЛОВА