« Back

Май – фуқаролар йиғини раислигига сайловлар ойи 25.04.2019 16:51

ФУҚАРОЛАР  ЙИўИНИ РАИСИ (ОҚСОҚОЛИ)НИ САЙЛАШНИНГ АДОЛАТЛИ ВА ДЕМОКРАТИК ТАМОЙИЛЛАРИ

Маълумки, 2018 йил 15 октябрда янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунга биноан жорий йилнинг май ойида Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) навбатдаги сайлови ўтказилиши кутилмоқда.

Айни пайтда ушбу сайловга тайёргарлик ишлари қизғин бошлаб юборилган. Шу муносабат билан сайловни ўтказишга оид баъзи демократик принциплар ҳақида фикрлашиб олиш мақсадга мувофиқ. Зеро, мамлакатимизда адолатли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш жараёнида адолатли ва эркин сайловлар ҳал қилувчи омиллардан ҳисобланади. Инчунун, сайлов демократиянинг энг асосий белгисидир. Айнан сайловлар воситасида халқ оммаси давлат ишларини бошқаришда бевосита ёки билвосита иштирок этадилар. Бинобарин, қонунларимизда ҳам фуқароларнинг сайловларда фаол иштирок этишлари учун халқаро андозаларга мос демократик тамойиллар ўрнатилган.

Сайлов ҳуқуқига оид умум­эътироф этилган халқаро принциплар ва андозалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1948 йилги “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”да, 1966 йилги “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт”ида, 1963 йилги “Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги декларацияси”да, шунинг­дек, Парламентлараро иттифоқ Кенгашининг 1994 йилги “Эркин ва адолатли сайлов принциплари тўғрисидаги декларацияси”да ва бошқа халқаро ҳужжатларда белгиланган. Буларга асосан сайлов ҳуқуқи соҳасига тааллуқли қуйидаги принцип ва ҳуқуқлар умумэътироф этилган андозалар сифатида тан олинади: умумий сайлов ҳуқуқи; тенг сайлов ҳуқуқи; тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи; яширин овоз бериш йўли билан сайлаш; мунтазам ва мажбурий сайловлар; очиқ ва ошкора сайловлар; эркин сайловлар; ҳақиқий сайловлар; адолатли сайловлар; сайловларнинг мустақил сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши; сайловлар ва сайлов кампаниясининг давлат томонидан молиявий таъминланиши; сайловлар ва ташвиқот фаолиятининг давлат томонидан ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватланиши; сайловларда миллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштироки, фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги устидан шикоят қилиши ва бунинг учун тегишли жавобгарликнинг кўзда тутилганлиги.

Сайлов ҳуқуқининг мазкур умумэътироф этилган халқаро принциплари Ўзбекистоннинг сайловларга оид қонунларида ҳам
мус­таҳкамланган. Жумладан, Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра,  Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Фуқароларни сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга таъсир кўрсатишга, шунингдек, уларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас. Бунда мазкур маҳаллада доимий яшовчи, сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар сайлаш ҳуқуқига эга бўлади. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларнинг сайловда иштирок этиши мумкин эмас. Сайловда фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Қонунга биноан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида амалга оширилади. Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш очиқ ҳамда ошкора амалга оширилади. Сайлов ташкил этилаётганда ҳамда ўтказилаётганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида фуқаролар воқиф этилади, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар ҳақида, овоз бериш якунлари тўғрисида хабардор қилинади.

Қонунда кўрсатилганидек, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш санаси, вақти ва жойи, сайловга қўйилган номзодлар тўғрисидаги ахборот Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилади. Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёни оммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб борилади.

Қонуннинг 6-моддасида белгиланганидек, сайлов муқобиллик принципи асосида ўтказилади. Бунга кўра, сайловда оқсоқол лавозимига икки ва ундан кўп номзод кўрсатилган ҳолда амалга оширилади.

Юқоридагилар билан бирга оқсоқолни сайлашда фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эгадир. Сайловда ҳар бир иштирокчи бир овозга эга бўлади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)ни сайлаш тартибидаги муҳим янгиликлардан бири эндиликда оқсоқоллар 2,5 йилга эмас, 3 йил муддатга сайланадилар. Сайловлар аввалгидек фуқаролар йиғинида, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилишида амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, сайловни ташкил этиш ва ўтказишда давлат органлари фуқаролар йиғинларига кўмаклашади, зарур ҳолларда эса уларни бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаши шарт.

Фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш тартибидаги яна бир ўзгариш шундан иборатки, эндиликда сайловлар фақат яширин овоз бериш орқали, яъни сайлов бюллетенларини тўлдириш йўли билан амалга оширилади. Илгари овоз бериш яширин ёки очиқ овоз бериш йўли билан амалга оширилиши мумкин эди.

  Фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш тартибидаги яна бир демократик ўзгариш шундан иборат бўлдики, сайловда ҳовлилар, уйлар ва кўчалардан вакиллик нормасини илгаригидек тегишли комиссия белгиласа ҳам, бироқ, бунда фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиши шарт қилиб белгиланди.

Юқоридагилар билан бир қаторда, раисларни (оқсоқолларни) сайлашнинг белгиланган тартиб-таомили бундан буён уларнинг маслаҳатчиларига нисбатан татбиқ этилмайдиган бўлди. Энди улар оқсоқол сайлови натижалари бўйича бир ой ичида, фуқаролар йиғини кенгашини, фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларни ва тафтиш комиссиясини шакллантириш билан бир вақтда сайланади.

Шундай қилиб, қонунларимиз Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилишини кафолатлайди. Шунингдек, сайловларнинг мунтазам ва мажбурий, очиқ ва ошкора, эркин ва адолатли тарзда ўтказилиши учун ҳуқуқий тартиботлар белгилайди. Сайловлар давлат томонидан молиявий таъминланади ва ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватланади. Шу жиҳатдан сайловга оид қонунларимиз ўзининг демократик тамойил­лари билан халқаро андозаларга тўла-тўкис мос келади.

Ҳайдарали МУҲАМЕДОВ,

ТДЮУ Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи кафедраси профессори