« Back

Май – фуқаролар йиғини раислигига сайловлар ойи 25.04.2019 16:52

МУНОСИБЛАР САЙЛАНАДИ

Фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати 2019 йил май ойида тугаши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг май ойида ўтказиладиган сайловда пойтахтимизнинг Яшнобод туманида 58 нафар фуқаролар йиғини раиси сайланиши белгиланган.

Айни пайтда туманда сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашида сайловга оид маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича туман комиссияси тузилди.

Бўлажак сайлов қонунга киритилган янги ўзгартиришлар, янги меъёр ва янги тартиб-қоидалар асосида ташкил этилмоқда. Шунга мувофиқ, бу йил маҳалла раислари яширин овоз бериш йўли билан уч йил муддатга сайланади. Фуқаролар йиғини раиси сайлаб олингач, бир ой муддатда маслаҳатчиларни сайлайди.

Шу кунларда Яшнобод туманида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши тавсиялари асосида фуқаролар йиғинлари раислигига номзодларни саралаш мақсадида номзодлар билан суҳбатлар ўтказилмоқда.

– “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича жойларда тизимли равишда тар­ғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Равшан Тўраев. – Ҳар бир маҳалла раиси (оқсоқоли)га 4-5 тадан номзод кўрсатилган. Суҳбатларда ҳар бир номзод ўзининг иш дастури ва истиқболдаги режаларини баён этди. Муҳими, бу жараёнга ҳудудимиз аҳолиси уюшқоқлик билан ёндашмоқда.

Мазкур жараёнларга масъул мутахассислар томонидан фуқаролар йиғинлари бўйича сайлов ёшидаги фуқаролар рўйхати шакллантирилди. Жойларга сайловни ўтказиш учун махсус овоз бериш кабиналари, қути ва шу каби жиҳозлар етказиб берилмоқда.

Абдулазиз МУСАЕВ