« Back

Май – фуқаролар йиғини раислигига сайловлар ойи 25.04.2019 16:53

СТАРТАП ЛОЙИҲАЛАР ТАНЛАБ ОЛИНДИ

Инновацион ривожланиш вазирлигида стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун сертификатлар тақдим этилди.

Вазирлик ўтган йил сентябрь ойида ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва “Startup” лойиҳалари танловини эълон қилган эди. Ўтган даврда танловга 500 дан зиёд лойиҳа келиб тушди. Улар долзарблиги, тижоратлаштириш имконияти, самарадорлиги нуқтаи назаридан ўрганилди. Натижада бугунги кунга қадар лойиҳалардан 12 таси танлаб олинди.

Танловда мавзу чегараланмаган бўлиб, унда турли соҳа вакиллари иштирок этди. Қатор йўналишлар бўйича инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳалар молиялаштиришга лойиқ топилди. Экинларни касалликлардан ҳимояловчи органик ўғитлар, ерёнғоқдан диабетик ҳолва ва пасталар, госсипол смоласидан битум, топинамбурдан шифобахш препарат, мактабгача ва бошланғич синф ёшидаги болалар учун электрон конструктор, юқумли касалликларнинг олдини олувчи инновацион препаратлар шулар жумласидандир.

Танлов ғолибларининг аксарияти грант маблағлари билан бир қаторда лойиҳада ўз маблағлари билан ҳам иштирок этмоқда. Маблағи бўлмаган тақдирда тадбиркорлар сафидан инвесторларни жалб қилишга муваффақ бўлган лойиҳа эгалари ҳам бор. Бу ушбу лойиҳаларнинг натижадорлигига ишончни оширади.

– Лойиҳанинг нақадар омадли бўлиши тадбиркорнинг ўз маблағини сарфлашга тайёрлиги билан ҳам баҳоланади, – дейди стартаплар илмий-техник кенгаши раи­си, тадбиркор Ҳасан Мамасаидов. – Стартап лойиҳаларда ҳам ҳар қандай бизнесда бўлгани каби кам пул сарфлаб, кўп даромад кўриш имкониятлари изланиши керак.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ўз бизнес лойиҳаларини кейинчалик хорижга экспорт қилиш ва бутун дунёга ёйиш имкониятини қўлга киритган танлов ғолибларини Илғор технологиялар марказидаги Илмий стартаплар акселераторининг резидентлари бўлишга таклиф этди. Акселераторда улар мазкур соҳада халқаро тажрибага эга менторлар хизматидан фойдаланиши мумкин. Бу стартап лойиҳаларнинг муваффақиятли кечишига замин яратади.

Яқин кунларда Инновацион ривожланиш вазирлиги стартап лойиҳаларнинг янги танловини эълон қилади. Танловда инноваторлар, тадбиркорлар, илмий салоҳиятли, техник кўникмаларга эга, ижодий фикрлайдиган барча юртдошларимиз иштирок этиши мумкин.

ЎзА