« Back

Май – фуқаролар йиғини раислигига сайловлар ойи 25.04.2019 16:54

ИНСОН ҲАЁТИ – ОЛИЙ НЕЪМАТ

Кейинги йилларда мамлакатимизни жадал ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маданий жиҳатдан ривожлантириш, фуқароларимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда ислоҳотларни амалга оширишда фуқароларнинг бунёдкорлик, меҳнатсеварлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган бир қатор муҳим меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бу каби чораларнинг кўрилишидан аввал, жойларда олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий аҳволи ҳар томонлама ўрганилиб, чуқур таҳлиллар қилинган.

Бугун эса шиддат билан ўзгараётган замонда юртимиз равнақи ҳамда инсон манфаатларини тўлақонли таъминлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқмоқдалар. Айниқса, халқ турмуш фаровонлигини оширишда, уларнинг муаммоларини аниқлаш учун аҳоли билан ўтказиладиган бевосита мулоқотларнинг янги, энг муҳими самарали шаклини жорий этишда аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар бўйича манзилли Дастурлар ва бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни сўзсиз амалга ошириш, жойларда ишни самарали ва тўғри ташкил этиш, биринчи навбатда, жамоатчилик олдида ҳисобот бериш шакллари ва услубларини тубдан такомиллаштириш, аҳолининг турмуш тарзи сифатини ошириш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш долзарб масалалардан этиб белгиланди. Бу ишларнинг барчаси, инсон ва унинг манфаатлари учун, одамларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшашлари учун муносиб шароит яратишга қаратилган.

Маълумки инсонга ҳаёт бир маротаба берилади. Уни қанчалик мазмунли ва мақсадли ўтказиш энг аввало, ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши алоҳида белгилаб қўйилган. Бироқ, айрим одамлар орасида ҳаёт қадрига етмай, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг учраши долзарб муаммолар қаторида турганлиги кишини чуқур ташвишга солиб келмоқда.

Бу каби долзарб муаммоларга бағишланган ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ва унинг олдини олиш масалалари идоралараро мувофиқлаштирувчи йиғилишда атрофлича муҳокама қилиниб, масъул идораларнинг бу борадаги фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Йиғилишда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олишда биринчи галда вояга етмаганлар, хотин-қизлар ва оғир ижтимоий шароитдаги шахсларга алоҳида эътибор қаратиш, “хавф остидаги” шахслар рўйхатини аниқ шакллантириш, улар билан нафақат психологик суҳбатлар, балки, иш билан таъминлаш, моддий, тиббий ёрдам кўрсатиш, маънавий кўмак бериш масалаларини ҳал этиш асосий вазифа этиб белгиланди. Айниқса, ҳар бир идора алоҳида эмас, ҳамкорликда фаолият олиб бориш, ўзаро маълумот алмашинувини тўғри йўлга қўйиш, инсон тақдирига бефарқликка йўл қўймаслик, ажримларнинг олдини олиш, бу борада энг ноёб институт – маҳалланинг ролини янада кучайтиришга муҳим эътибор қаратилди. Йиғилиш якунига кўра, тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида 2018 йилнинг
27 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъу­лиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бу масалаларга эътиборнинг юқори даражада кўтарилиши бежиз эмас. Чунки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчасининг туб замири инсон ва унинг манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги, юртдошларимизнинг фаровон турмуш кечиришлари учун барча замонавий шарт-шароитлар яратилаётгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Бу жараён бугун дунёнинг барча ривожланган давлатлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бироқ, шунга қарамасдан, ҳаёт неъматларидан баҳра олиш ўрнига ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг учраётганлиги ташвишлидир.

Тўғри, ҳаёт доимо бирдек кечмайди. Инсон бошига турли хил мусибат ва муам­молар тушиши табиий ҳол. Бу мусибатларга сабр қилиш ва уни енгиб ўтиш – иродаси мустаҳкам инсонга хос ишдир. Бирор синов келса, осмону фалакни бошига кўтариб аюҳаннос солиб, дод-фарёд қилиш, ҳаётдан норози бўлиб, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан қутилишнинг ягона йўли деб билиш – ироданинг, имоннинг заифлигидандир. Ваҳоланки, бу юзага келган муаммони ҳал этишнинг асло ечими эмас. Аксинча, киши ўз жонига қасд қилиши оқибатида қариндошлари ва ота-оналарини ҳам оғир кулфатга солиб қўйишади. Бунинг оқибатида болалар етим қолмоқда, оилалар пароканда бўлмоқда. Қолаверса, инсон бундай хатти-ҳаракати билан яқинларини доғда қолдириб кетади, уларни ҳалқ орасида ноқулай ҳолатга тушишларига сабабчи бўлади. Лекин, буни тўла англаб етмасдан, фақатгина ўзини ўйлаб, гоҳида эса, қилаётган ҳаракатининг моҳиятини чуқур англаб етмаган ҳолда, ҳали ҳаётнинг гўзаллигидан баҳра олмаган ёшлар, хотин-қизлар ўзларининг жонларига қасд қилиб, ҳаёт нурини бевақт ўчиришга уринмоқдалар.

Ўз жонига қасд қилиш барча динларда бирдек қораланиши билан жамият қонунларига кўра ҳам энг мудҳиш жиноят саналади.

Кўпинча ишсизлик, оиладаги нотинчлик, спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни истеъмол қилиш шахснинг ўзини ўзи ўлдиришига сабаб бўлаётган асосий омиллардан дейиш мумкин. Туманда ушбу масалалар ечимига алоҳида эътибор қаратилиб, туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар таълим муассасаларидан тортиб, маҳалла, хотин-қизлар, “Оила” маркази, ФҲДЁ, бандликка кўмаклашиш маркази ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Лекин, шунга қарамасдан, кейинги пайтларда арзимаган ва ўринсиз сабабларни рўкач қилиб, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб турибди. Масалан ўз жонига қасд қилганлардан бири 1976 йилда туғилган Илҳом Камилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бўлиб, маст ҳолатда ўз жонига қасд қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган текширувда И.Камилов муқаддам уч маротаба судланиб, яшаш манзилига қайтиб келганидан сўнг маҳалла фаоллари, профилактика инспекторининг доимий кузатувида бўлган, у билан суҳбатлар олиб борилган, иш таклиф этилган. Бироқ, ўзининг ҳаётий қарашидан қайтмасдан, охирги маротаба озодликдан маҳрум қилиш муассасасидан озодликка чиққанидан сўнг оила қуришни, аниқ бир ишга жойлашмаганлиги, ёлланма тарзда ишлаб топган даромадига спиртли ичимликларга ружу қўйиб, яшаб келиб, муайян мақсадга эга бўлмасдан ўз жонига қасд қилган.

Гоҳида бўлса-да, учраб тураётган бу каби ҳолатларнинг энг оғриқли жиҳатларидан бири – улар ичида вояга етмаганларнинг ҳам борлигидир.

Туманда бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вояга етмаганлар ўртасида аниқланган хавф остидаги шахслар рўйхати шакллантирилган, улар билан мактаб, маҳалла ва оиласида мунтазам мутахассислар жалб этилган ҳолда суҳбатлар ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг муаммоларини, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, уларни ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш, тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, “Оила” марказининг бир қатор вазифаларининг белгиланиши ҳам бежизга эмас. Бу борада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, туман хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий маркази томонидан белгиланган дастур асосида тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир шароитли, ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларни ҳал қилиш, ажримларнинг олдини олиш, уларнинг руҳиятидаги ўзгаришларни билиш мақсадида психологларни жалб этиш, ҳолидан тез-тез хабар олиш, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Муаммоларни жойи­да бартараф этиш, кенг қамровли муаммоларни эса, йўл харитасига киритиш ва ҳал этиш юзасидан аниқ мақсадли вазифалар белгилаб борилмоқда. Шунингдек, “Хавф остидаги гуруҳ”да бўлган шахсларнинг электрон базаси шакллантирилган, 39 та маҳаллада отинойи, имом-хатиб, психологлар билан ҳамкорликда тарғибот тадбирлари ўтказилиб, фуқароларнинг дарду ташвишлари, уларни қийнаб келаётган муам­молари аниқланиб, ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланмоқда.

Бу дунёнинг ўзи омонат. Ўтаётган ҳар лаҳза ғанимат. Инсон ўзига берилган барча неъматларга доимо шукр қилиб, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай синов, қийинчилик, муваффақиятсизлик, мусибатларга сабр қилиши, эртанги кунга қатъий ишонч, аниқ мақсад билан яшаши лозим.

Юртимизда ҳамма шарт-шароитлар тўла-тўкис муҳайё қилинган, тинч ва фаровон жамиятда яшамоқдамиз. Бундай жамиятда яшашнинг ўзи айни саодатдир. Шундай экан, унинг қадрига етишимиз лозим.

Тохиржон ХУСАНОВ,

Сергели тумани прокурори