« Back

Мулоқот 09.04.2020 21:50

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ва Марказий Осиё минтақасидаги коронавирус тарқалиши билан боғлиқ жорий эпидемиологик вазият юзасидан фикр алмашдилар.

Коронавирусга қарши самарали курашиш мақсадида мувофиқлашган чораларни ишлаб чиқиш, ўзаро кўмаклашиш, тегишли тиббиёт ва бошқа алоқадор хизматлар ўртасидаги яқин мулоқотларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Пандемиянинг икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг ривожланиш суръатига салбий таъсирини камайтириш учун олдиндан чора кўриш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Савдо-иқтисодий, инвестиция, молия ва транспорт-коммуникация соҳалари, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорлик, шу жумладан пойтахт шаҳарлар Тошкент ва Душанбе ўртасидаги алмашинувлар доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар бу борадаги устувор йўналишлар сифатида белгилаб олинди.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари минтақавий ҳамкорликка оид ва халқаро аҳамиятга молик айрим долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

ЎзА