« Back

Мулоқот 07.05.2020 13:10

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар

Бугун, 6 май куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида стратегик шериклик тамойилларига асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларининг жорий ҳолати ва уларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Президентлар ўзбек ва туркман халқларининг тақдирида умумий жиҳатлар жуда кўплиги, уларни қадимий тарих, анъана ва урф-одатлар боғлаб турганини алоҳида қайд этдилар. Халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва биродарлик ришталари, яхши қўшничилик муносабатлари бугунги кунда ўз ривожининг янги, тарихий босқичига кўтарилди.

Давлат раҳбарлари савдо, энергетика, транспорт ва транзит, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани ва самарали идоралараро алоқалар йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этдилар.

Ҳамкорликка оид устувор лойиҳаларни, шу жумладан икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида илгари суриш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаол давом эттиришга келишиб олинди.

Мулоқотда, шунингдек, мамлакатимизда Сардоба сув омборидаги фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтилди.

Коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият хусусида ҳам фикр алмашилди.

Ушбу хавфли касалликнинг олдини олиш, шунингдек, бугунги мураккаб даврда миллий иқтисодиёт ва аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида биродар мамлакатларимизда кўрилаётган чоралар тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Президентлар тегишли вазирлик ва идораларга вирусга қарши самарали курашни ташкил этиш масалаларида ўзаро мувофиқлашув ва ҳамкорликни кучайтириш бўйича топшириқ бердилар.

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликка оид қатор долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Суҳбат ҳар доимгидек самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.

ЎзА