« Back

Олмазор тумани ҳокимининг ҚАРОРИ 04.10.2019 11:17

ОЛМАЗОР ТУМАНИДА ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗАГА МУҲТОЖ, ИШ ТОПИШДА ҚИЙНАЛАЁТГАН ВА МЕҲНАТ БОЗОРИДА ТЕНГ ШАРТЛАРДА РАҚОБАТЛАША ОЛМАЙДИГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШ УЧУН 2020 ЙИЛГА ИШ ЎРИНЛАРИНИНГ ЭНГ КАМ СОНИНИ БЕЛГИЛАШ ВА ЗАҲИРАГА ҚЎЙИШ ТЎўРИСИДА

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни 7, 17-моддалари (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси 1998 й., 5-6-сон 97-модда), “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги (янги таҳрири) Қонуни 25-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси 2008 й., 7-сон 353-модда), “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни 8-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси 2008 й., 4-сон 190-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3856-сон қарори (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2018 йил 17 июль), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартиби тўғрисида”ги Низомга (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz), 2017 йил 11 декабрь) мувофиқ, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун 2020 йилга иш ўринларини энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш бўйича туман махсус комиссиясининг 2019 йил 29 августдаги 29-сон баёнини инобатга олиб,                                              

Қ А Р О Р    Қ И Л А М А Н:

1.        Олмазор туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун тумандаги 319 та ташкилотларда аҳолининг қуйидаги тоифалари учун жами 3612 та иш ўринлари заҳирага қўйилсин, бунда:

– 14 ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун – болаларини тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари – 377 та;

– умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаганидан кейин касбни эгаллаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилари учун – уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари – 811 та;

– сафарбарлик чақириқ заҳирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун – уларнинг профессионал тайёргарлигига мос бўлган иш ўринлари – 378 та;

– ногиронлар учун – меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ва ходимга уларнинг соғлиғи ҳолатини ва меҳнат фаолиятига тўғри келмайдиган белгиланган зидликлар ҳисобга олинган ҳолда меҳнат операцияларини тўсиқсиз бажариш имконини берадиган иш ўринлари – 431 та;

– пенсия олди ёшидаги шахслар учун – уларнинг касбий тайёргарлигига мос бўлган ёки махсус малакани талаб этмайдиган иш ўринлари – 428 та;

– жазони ижро этиш муассасаларидан ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар учун – уларнинг касбий тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда ёки махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари – 821 та;

– одам савдоси қурбонлари учун – уларнинг касбий тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда ёки махсус малакани талаб этмайдиган иш ўринлари характерли талабларга мувофиқ бўлган меҳнат шароитларини таъминлайдиган иш ўринлари – 358 та;

2. Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини заҳирага қўйиш мажбурияти юкланган ташкилотлар рўйхати иловага асосан тасдиқлансин.

3. Ташкилотлар раҳбарларига:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ иш ўринлари ташкил этилиши таъминлансин.

Шахсларнинг кўрсатиб ўтилган тоифалари учун иш ўринлари санитария-гигиена меъёрларига ва ходим ўз меҳнат мажбуриятларини тўсиқсиз бажаришини таъминлайдиган меҳнат қилиш шароитлари яратилсин.

Йил бошланишидан олдин 10 кундан кечикмай муҳтожларни ишга жойлаштириш учун муҳтожлар учун заҳирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг 25 (йигирма беш) фоизи миқдорида иш ўринлари заҳирага қўйилиши ва тайёрлиги таъминлансин, шунингдек, бу ҳақида йил бошлангунга қадар, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази хабардор қилинсин.

Муҳтожлар учун иш ўринларининг қолган қисмини заҳирага қўйиш ташкилот томонидан календарь йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминлансин ва бу ҳақда туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази биринчи чорак тамом бўлгандан кейин 10 кундан кечикмай хабардор қилинсин.

Ташкилот томонидан муҳтожларни ишга жойлаштириш учун иш ўринлари тайёрлиги тўғрисида ахборот тақдим этилмаслиги, тенг даражада заҳирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини ҳисобига ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг амалда тайёр эмаслиги, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан туман ҳокимининг қарори бажарилмаслиги сифатида қаралади.

4. Муҳтожлар учун иш ўринларини заҳирага қўйиш бўйича туман ҳокимининг қарорини бажармаган ташкилотнинг мансабдор шахсига, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Муҳтожлар учун иш ўринларини заҳирага қўйиш бўйича туман ҳокимининг қарори бажарилмаганлиги учун жарима тўлаш ташкилотни заҳирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини яратиш бўйича мажбуриятдан озод қилмайди.

5. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасии Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Банд­ликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги (АВ рўйхат рақами №-3163 сон, 31.05.2019 й) буйруғига асосан субсидиялар ажратиб бериш амалиёти жорий этилганлигини ҳисобга олиб, “Ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлаш” тўғрисидаги нормани корхоналарга маълумот берилсин.

6. Мазкур қарорнинг биринчи бандида кўрсатилган шахслар ишга жойлаштирилган иш ўринлари бўлажак даврга заҳирага қўйиладиган иш ўринлари сонини аниқлашда ҳисобга олиниши ҳамда заҳирага олинган иш ўринлари сони ушбу иш ўринларига қабул қилинган кундан бошлаб 3 йил мобайнида ҳисобга олиниши белгилаб қўйилсин.

7. Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (А.Камиловга):

беш кун муддатда ушбу қарорни заҳира ўрни яратаётган ташкилотлар раҳбарларининг эътиборига етказсин ва туман ҳокимининг қарори бажарилиши устидан назорат ўрнатсин.

8. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Олмазор туман ҳокимининг ўринбосари Т.Тешаев зиммасига юклансин.

Олмазор тумани ҳокими

Б.Рахмонов

2019 йил 25 сентябрь