« Back

Расмий баёнот 31.03.2020 12:01

"Бу давр ўткинчи. Карантин тадбирларига масъулият билан ёндашайлик!"

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков: 

– Айни дақиқаларга келиб мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан рўйхатга олинган беморлар сони 158 нафарни ташкил этди. Ҳозиргина Вирусология илмий-тадқиқот институтидан олинган маълумотга кўра, у ерда даволанаётган беморларнинг 22 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти. Мазкур ҳолат бевосита ренгионалагик текширувларда ҳам ўз тасдиғини топган. Даволанаётган беморлар 5 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғир, деб баҳоланмоқда. Барча беморлар тегишли даволаш муолажаларини оляпти ва уларнинг ҳар бири тиббий кузатувда. 

Ҳурматли ҳамюртлар! 

Бугунги кунга келиб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 90 мингдан кўпроқ фуқаромиз тиббий кузатув остига олинган. Улар орасидан ҳам касаллик чиқиб қолиш эҳтимоли йўқ эмас. Шундай экан, касаллик қўзғатувчиси юртимиз ҳудудида айланиб юрибди. Ҳар биримиз эҳтиётимизни қилишимиз, ортиқча мулоқотга киришишдан тийилишимиз керак. 

Қачонки, биз мулоқотларни камайтирар эканмиз, касаллик бир одамдан иккинчи одамга юқишининг олдини олган бўламиз. Бу давр ўткинчи. Карантин тадбирларига масъулият билан ёндашайлик. Энг асосийси, сабр-қаноат билан тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилиш, уйда қолиш орқали ушбу сафарбарлик ишида фаол иштирок этайлик.

ЎзА