« Back

Расмий баёнот 11.05.2020 12:40

Коронавирусдан даволанаётган 562 бемордан 6 нафарининг аҳволи оғир

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 2453 нафарга етди. Беморларни даволашда самарадорлик кузатиляпти. 10 май куни 35 фуқаро тўлиқ соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилди. Шу тариқа 1881 нафар, яъни 78 фоиз бемор тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, шифохоналарда даволанаётган 562 бемордан 6 нафарининг аҳволи оғир.

Шу ўринда маълумот учун айтиш жоиз, коронавирус инфекцияси қўшни мамлакатларда ҳам сақланиб турибди. Хусусан, Қозоғистонда 5090, Қирғизистонда 1002, Тожикистонда 612 фуқаро ушбу касалликка чалинган.

Ҳурматли юртдошлар!

Шуларни инобатга олиб, барчамиз ҳушёр бўлишимиз керак. Эслатиб ўтамиз Ўзбекистонда карантин тадбирлари давом этяпти. Карантин тадбирларини босқичма-босқич юмшатиш мақсадида ҳудудлар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга бўлинди. Бу шунчаки бўлиниш, холос. Лекин ҳеч ким қайсидир ҳудудда касаллик чиқмаслигига кафолат бера олмайди. Шундай экан, ҳар биримиз ўта синчков бўлайлик!

Аҳамият берган бўлсангиз кейинги икки кун ичида коронавирус касаллиги билан янгидан рўйхатга олинган беморлар сони яна ортди. Барчамиз касалликнинг иккинчи тўлқинига дуч келмаслик ҳақида қайғуришимиз зарур.

ЎзА