« Back

Сайлов 07.10.2019 15:31

ДЕПУТАТ ВА ЁШЛАР

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмасини оширишда уларни демократик жамиятнинг асосий принциплари ҳамда қонун ижодкорлиги жараёни билан бевосита таништириш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссияси аъзолари ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солишда ёшларнинг роли” мавзуидаги “Депутат ва ёшлар” учрашуви ҳам шу мақсадда ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрганларга мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар хусусида сўзлаб берилди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, унинг тузилмалари, депутатлик бирлашмалари, комиссиялар ва депутатлар фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Тадбирда асосий эътибор жамиятнинг маънавий муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган тўй маросимлари, оилавий тадбирлар ва маъракаларни ўтказишни тартибга солиш, номақбул ҳолатлар ва исрофгарчиликнинг олдини олиш масалаларига қаратилди. Бунда жамоатчилик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг ўрни каби масалалари кенг муҳокама қилинди.

Учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар. Давра суҳбатидан сўнг иштирокчилар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида депутатларга яратилган шарт-шароит­лар, мажлис заллари, кутубхона, миллий парламентимиз тарихи билан яқиндан танишди. Бу эса парламент вакилларининг иш жараёни ҳақида тасаввурга эга бўлиш имконини берди.

(Ўз мухбиримиз)