« Back

Сайлов – 2019 29.10.2019 14:29

САЙЛОВЛАРНИ ДЕМОКРАТИК ТАЛАБЛАРГА МУВОФИҚ ЎТКАЗИШДА САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИНИНГ ЎРНИ

Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сайловини ўтказувчи 150 та округ сайлов комиссияси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари раислари ва котиблари учун семинар ташкил этилди.

“Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар!” шиори остида ўтадиган муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик қизғин давом этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш, уларни рўйхатга олиш – сайлов кампаниясининг муҳим бир жараёни бўлиб, буни қонуний, адолатли, холис ва юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш сайловчиларнинг муносиб номзодларни танлаб овоз бериши учун катта аҳамият касб этади.

Жорий йилги сайловлар илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Кодексдан сайловларни умум­эътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги норма ва қоидалар жой олиб, илгари амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 37-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат ва фақат сиёсий партиялар эга бўлди.

Сайлов Кодексининг 9-моддасига мувофиқ сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши, қоида тариқасида, 10 фоиздан ошмаслиги кераклиги белгиланди. Аввалги қонунчиликда бу миқдорнинг чегараси белгиланмаган эди. Худди шундай яна бир янгилик: эндиликда Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилган тақдирда округ сайлов комиссиялари томонидан ягона сайлов участкалари тузилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари 9-11 нафар таркибда сайловга камида 70 кун қолганида Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади. Округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тавсия этилади. Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округи тузилади.

Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади. Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда қоида тариқасида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сайловчилар сони тенг ҳолда белгиланади.

Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, етакчи олий таълим ўқув юртлари, Адлия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ва соҳанинг бошқа таълим, илмий, амалий, тадқиқот муассасалари олимлари, экспертлари ва амалиётчилари билан ҳамкорликда семинар-тренинглар дастурлари ишлаб чиқилгани, бунда анъанавий маърузабозликдан воз кечилиб, асосий эътибор амалий кўникмаларни оширишга қаратилаётгани ҳақида айтиб ўтилди.

Шу кунга қадар сайлов комиссияларининг 51 мингга яқин раис, раис ўринбосари ва котиблигига номзодлар уч кунлик курсларда ўқитилган. Айни кунларда семинар-тренингларнинг навбатдаги бос­қичи давом этмоқда. Ўқишларга сайлов комиссияларининг 30 мингдан кўпроқ аъзоси жалб этилган. Сайлов кунигача жами 180 мингга яқин киши тизимли равишда ўқитилиши назарда тутилган.

Тадбирда Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати 18 ёшга тўлган, доимий ёки вақтинчалик рўйхатда турувчи, муомалага лаёқатли Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (20 миллиондан зиёд фуқаро) ҳақидаги маълумотларни жамлаган давлат ахборот ресурси ҳисобланади. СЯЭРда бир сайловчининг икки марта овоз бериш ҳолатларининг олдини олиш, сайлов участкаларига тегишлилиги бўйича, кўчмас мулк объектларининг кадастр рақамларига боғлаган ҳолда, сайловчилар рўйхати шакл­лантирилганлиги кабилар таъминланади.

– Бу йилги сайловларга замонавий ахборот технологияларининг жорий этилаётганлиги нафақат сайлов иштирокчиларининг ишини осонлаштиради, балки сайловчилар учун ҳам кенг имкониятларни яратади, – дейди Хоразм вилояти округ сайлов комиссияси раиси Мадиёр Бобожонов. – Хусусан, сайловчиларнинг электрон рўйхатини шакллантириш орқали овоз беришда қатнашувчи фуқаролар, уларнинг сайлов участкаларига тегишли маълумотлари билан танишиш мумкин. “Сайлов – 2019” мобиль иловасининг яратилгани ундан жой олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ўқув материаллари, савол-жавоблар, тестлар, барча аудио ва видео материаллардан фойдаланиш учун катта имкониятдир. Илова қулай ва тезкор зарур ахборотни олиш имкониятини беради. Ўз навбатида, фуқароларимиз, сайловчиларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳисса қўшади.

Шунингдек, йиғилишда участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, сайлов комиссиялари фаолиятини молиялаштириш, Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан фойдаланиш тартиби, сайловолди ташвиқотини ташкил этиш ва ўтказиш, халқаро ва хорижий кузатувчилар билан ишлаш каби масалалар ҳақида атрофлича маърузалар тинг­ланди.

Нурилло НАСРИЕВ