« Back

Сайлов – 2019 21.11.2019 14:57

ЁШЛАР САЙЛОВЛАРДА ФАОЛ ҚАТНАШАДИ

Сиёсий партиялар жонланди, лекин уларнинг фаолиятидан қониқмаяпмиз. Аввало, партиялар ўз илдизини мустаҳкамлаши, сиёсий қарашларини тўлиқ шакллантириб олиши зарур. Аксарият аҳоли партияларнинг бир-биридан фарқини билмайди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ёшлар марказида ташкил этилган “Ёш сайловчи – 2019” форуми доирасида айтилди.

Форумда Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси А.Саъдуллаев, Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори А.Мараҳимов, депутатлар, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Маълумки, 22 декабрь куни мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади.

Жорий йилги сайловлар демократик тамойил­лар асосида очиқ, ошкоралик ва шаффоф тарзда ўтади. Шу мақсадда янги Сайлов кодекси қабул қилинди. Форумда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Марказий сайлов комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

– Бу йил мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтади, – деди Марказий сайлов комиссияси раиси
Мирзо-Улуғбек Абдусаломов. – Бўлажак сайловларда овоз бериб, ўз хоҳиш-иродамизни эркин билдириш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз. Ушбу сиёсий воқеликда 20 миллион 600 минг сайловчининг ўз конституциявий бурчини адо этиши кутилмоқда.

Мазкур жараёнда ёшларнинг иштироки ўта муҳим ҳисобланади. Маълумки, бўлажак сайловларда республика миқёсида иштирок этувчи сайловчиларнинг 11 миллион 237 минг нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бу рақамлардан кўриниб турибдики, ушбу муҳим сиёсий воқеада ёшларнинг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади.

– Мамлакатимизда ёшларга қаратилган эътибор боис уларнинг фаоллиги ошди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иброҳим Ҳожиев. – Жорий йилда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан Ёшлар иттифоқида фаолият юритаётган ёшларнинг 28 нафари номзод сифатида кўрсатилмоқда. 2014 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатасига шу тизимдан 16 номзод кўрсатилагн эди. Бу ҳам ёшларнинг ташаббускорлиги ўсганидан далолат беради.

Форумда фуқароларнинг конституциявий бурчи, миллий сайлов тизими, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайловни ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида ўтказишга қаратилган ислоҳотлар тўғрисида сўз юритилди. Сайловда ҳар бир фуқаро Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқидан фойдаланиб, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши Ватанимиз келажаги учун алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Форум доирасида сайлов жараёнида Ёшлар иттифоқи олдида турган устувор вазифалар, жумладан, ёшларни депутатликка тайёрлаш, бунинг учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги муаммоларни ҳал этишда йигит-қизлар фаоллигини ошириш, халқимиз тақдирига дахлдорлик ҳиссини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

ЎзМУ ректори А.Мараҳимов талабаларни сиёсий жараёнларга тайёрлаш, таълим сифатини таъминлаш, профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда университет кенгашида қарор қабул қилишда иштирок этадиган ваколатли тизим ташкил этишни таклиф қилди.

Ёшлар ўзини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Хуршид ҚОДИРОВ