« Back

Саммит 11.10.2019 14:14

МДҲ САММИТИ ОЛДИДАН САМАРАЛИ УЧРАШУВЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 10 октябрь куни Ашхобод шаҳрига келди.

Ашхобод, 10 октябрь.

ЎзА махсус мухбири Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ хабар қилади.

Ашхобод халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев кутиб олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ашхободга келгач, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди.

Суҳбатда давлатимиз раҳбари Туркманис­тон Президентини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига самарали раислик қилгани билан табриклаб, ташкилот саммити муваффақиятли ўтишини тилади.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликка доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида Молдова Республикаси Президенти Игорь Додон билан учрашди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзаро алмашинувларни фаоллаштириш ҳамда турли тармоқлар учун истиқболли лойи­ҳаларни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

МДҲ саммитининг асосий тадбирлари 11 октябрь куни бўлиб ўтади.

Жаҳон миқёсида жадал ўзгаришлар рўй бераётган, глобал хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг аҳамияти нақадар долзарб эканини даврнинг ўзи исботламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим бўлган ушбу платформа бугунги кунда аъзо давлатларнинг ўзаро манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш ва долзарб мавзулар муҳокамаси жараёнида фикр алмашиш сингари имкониятларни тақдим этмоқда.

Мажлисда Ҳамдўстлик доирасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган комплекс масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, томонларни қизиқтирган халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Саммит якунида бир қатор ҳужжатлар, жумладан, 2020 йилда МДҲда раисликнинг Ўзбекистон Республикасига ўтиши тўғрисида қарор, Стратегик иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида декларация, 1941–1945 йилларда Улуғ Ватан урушида қозонилган ўалабанинг 75 йиллиги муносабати билан МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари ва халқаро ҳамжамиятга мурожаати, 2020–2022 йилларда терроризм, экстремизм ҳамда зўравонликнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастурини қабул қилиш кўзда тутилган.

ЎзА