« Back

Саммит 11.10.2019 14:15

МДҲ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛАРИ КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАГИ МАЖЛИСИ

Ашхободда 11 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади.

Ушбу анжуман олдидан МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси ўтказилди. Унда саммит кун тартибига тақдим этиладиган ва бошқа долзарб масалалар юзасидан фикрлашиб олинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

Делегациялар раҳбарлари Ҳамдўст­лик доирасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари ҳамда халқаро сиё­сатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.

МДҲ мамлакатлари ўйинлари, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, гиёҳванд, психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Мажлисда қатор ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди. Улар МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида тасдиқлатиш учун киритилади.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг иккинчи учрашувида иштирок этди.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикис­тон, Туркманистон, Ўзбекистон ва  Россия ташқи ишлар вазирлари барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари, маданий-гуманитар соҳадаги алмашинувларни фаоллаштириш масалалари бўйича фикр алмашди.

Учрашувда Марказий Осиё давлатлари ва Россия ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро савдо ҳажмларини кўпайтириш борасидаги таклифлар ҳам муҳокама қилинди.

Вазирларнинг мазкур форматдаги учрашувини доимий ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида уч мамлакат Давлат чегараларининг туташ нуқтаси ҳудуди тўғрисидаги шартномани
(2017 йил 10 ноябрда Самарқанд шаҳрида имзоланган) ратификация қилиш тўғрисидаги ёрлиқларни алмашиш маросимида иштирок этди.

Ҳужжатни, шунингдек, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ҳам имзолади.

Имзоланган баёнотга кўра, ҳужжат 2019 йил 10 октябрдан кучга киради.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА махсус мухбири