« Back

Таълим 11.10.2019 14:23

ЖОЙЛАРДА САЙЁР ЎҚУВ ЙИҒИНЛАРИ ЎТКАЗИЛМОҚДА

Шиддат билан ривожланиб бораётган давр талаблари барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари ходимларидан ҳам ҳар куни ўқиб-ўрганиш, ўз устида ишлаш, билим ва савияси, малакасини доимо ошириб боришни тақозо этади.

Зеро, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан узвий боғлиқ бўлган “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз пойтахт”, “Хавфсиз туризмни таъминлаш”, “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш”, “Хавфсиз хонадон” каби ўзига хос янгича концепцияларни ижтимоий ҳаётга жорий этиш, халқ билан мулоқот қилиш соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимдан чуқур билим ва ақл-заковатни талаб этади.

Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Тошкент шаҳар туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим бошлиқлари, жиноят-қидирув бўлимлари тезкор вакиллари, тергов бўлинмаларининг терговчи ва суриштирувчилари, хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари таҳлил ва мувофиқлаштириш бўлинмалари ходимлари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинларида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифалар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳамда идоравий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништириш ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Президентимизнинг ташаббуси билан юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашнинг мутлақо янги – “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” деган тизимини қарор топтириш, ички ишлар органларини халқчил давлат идорасига айлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Нуриддин Норматов. – Бунинг натижасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида сезиларли ютуқларга эришилмоқда. Энг муҳими, ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабабларни ўз вақтида аниқлаш соҳа фаолиятининг кундалик мезонига айланди.

– ИИВ Малака ошириш институти томонидан ташкил этилган навбатдаги сайёр ўқув йиғини касбий билимларимизни янада оширишга хизмат қилади, – дейди Юнусобод тумани ИИБ Тергов бўлими катта терговчиси, майор Фар­ҳод Абдуллабеков. – Институт профессор-ўқитувчилари хизмат фаолиятимизга оид қабул қилинган қонун ҳужжатлари талаблари, ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашишда илмий ёндашувлар, “ҳудудлар тажрибаси” амалий мисоллар орқали тушунтириб беришмоқда.

Ўқув йиғинида аҳоли билан мулоқот қилиш маданияти, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиш механизмларини соҳа ходимларига етказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида таълим муассасаларида маънавий-маърифий учрашувлар ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ҳам уюштиришмоқда.

Хусусан, Ички ишлар вазирлигига қарашли Фарғона академик лицейи ҳамда Учтепа тумани 283-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир “Ёшларда юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшаш, эл-юртга садоқат, адолат, ҳалоллик ва жасорат фазилатларини камол топтириш” мавзусига бағишланди.

Ушбу тадбирларда ёшларга адолат, одиллик, ҳалоллик, садоқат, сўз ва амал бирлиги, халққа хизмат қилиш каби эзгу тушунчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтириб берилмоқда. Айни пайтда китобхонлик маданиятини юксалтириш масалаларига урғу берилмоқда.

– Мазкур учрашув бизлар учун катта сабоқ бўлди, – дейди Олмазор туманида жойлашган Тошкент тиббиёт академиясига қарашли академик лицейининг 2-босқич ўқувчиси Манзурахон Мухамеджанова. – Биз, ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус ҳамда китобга меҳр қўйишнинг аҳамияти ҳақида тушунчалар берилганлиги биз учун муҳим йўл-йўриқ бўлди. Мазкур тадбирда билдирилган фикрлар, тавсиялар ўз устимизда мунтазам ишлаш, интилиш ва изланишга чорлайди. Айниқса ўтказилган “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” мавзусидаги викторина биз учун дастлабки синов бўлди. Баҳс-мунозарага бой бўлган мазкур викторина орқали ҳуқуқий билимларимизни яна бир бор мустаҳкамлаб олдик.

– ИИВ Малака ошириш институти мутахассислари томонидан мактабимизда ўтказилган тадбир тенгдошларим қатори менда ҳам катта таассурот қолдирди, – дейди Учтепа тумани 283-сонли умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Нурилло Чориев. – Унда бизга тинчликни қадрига етишимиз, уни сақлашда нима ишлар қилишимиз зарурлиги аниқ мисоллар билан тушунтирилди. Айниқса ўтказилган викторинада берилган саволлар ҳам қизиқарли бўлди. Бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиши ҳуқуқий билимларимизни оширишга хизмат қилади.

Академик лицейлар ва умумтаълим мактабларида бу каби сайёр ўқув йиғинлари, тарғибот тадбирлари ва маънавий-маърифий учрашувлар давом этмоқда.

Зиёда РАСУЛОВА