« Back

Тошкент шаҳар ҳокимининг ҚАРОРИ 24.02.2020 13:17

ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ 2020 ЙИЛДА МАЖБУРИЙ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 215-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 1-2-сон, 17-модда) мувофиқ, юридик шахсларга, шунингдек, хорижий юридик шахсларга тегишли бўлган 2020 йилда мажбурий техник кўригини (кейинги ўринларда матнда “техник кўрик” деб юритилади) ташкил қилиш мақсадида, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) асосан,

Қ А Р О Р   Қ И Л А М А Н:

1. Тошкент шаҳридаги транспорт воситалари 2020 йилда белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.

2. Тошкент шаҳрида транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича комиссия таркиби 1-иловага, Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини 2020 йил учун мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жадвали
2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Тошкент шаҳрида транспорт воситалари жорий йилда қуйидаги даврийликка мувофиқ:

тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ҳамда уларга тиркамалар — бир йилда икки марта (биринчи марта — 1 март - 30 июнда, иккинчи марта — 1 сентябрь - 31 октябрда);

ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ҳамда уларга тиркамалардан ташқари) — икки йилда бир марта;

ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек, ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалардан ташқари) — бир йилда бир марта;

тиркамалар кўрикка транспорт воситаси – шатакчи учун белгиланган муддатларда;

навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъий назар, уларни Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда матн­да “ДЙҲХХ” деб юритилади) органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида;

улар ишлаб чиқарилган йилдан қатъий назар, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган (қайта рўйхатдан ўтказилган) кундан бошлаб бир йил ўтгач (мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно) техник кўрикдан ўтказилади.

4. Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 март — 30 июнда ўтказилади.

5. Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январь — 31 августда ўтказилади.

6. Транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказилганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йиғим ундирилади.

7. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ (Р.Жалилов), туман ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 54-сон қарорининг 3-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтказилиши инобатга олинсин.

8. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ (Р.Жалилов):

транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тартиби ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали омма эътиборига етказиш ишлари ташкиллаштирилсин;

юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказишда юридик шахсга, тегишли ҳужжатларни илова қилинган ҳолда, техник кўрик ўтказиладиган муддатлар тўғрисидаги билдиришнома юборилиши, техник кўрик бошланишидан камида ўн кун олдин белгиланган тартибда юридик шахсдан тегишли ҳужжатлар тақдим қилиниши;

жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказишда, техник кўрикдан ўтказиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда транспорт воситаси эгасидан ёки унга ваколатли шахслар томонидан тегишли ҳужжатлар тақдим қилиниши;

техник кўрикдан ўтказилмаган транспорт воситаларини йўлга чиқарган комиссия таркибидаги масъул ходимлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилсин.

9. Техник кўрик давомида комиссия таркибида иш олиб борган ходимларнинг доимий иш жойларидаги ойлик иш ҳақлари сақланиб қолиниши инобатга олинсин.

10. Мазкур қарор “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталарида расмий эълон қилинсин ва www.toshkent.uz веб-сайтига жойлаштирилсин.

11. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

12. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.Рахманкулов зиммасига юклансин.

Тошкент шаҳар ҳокими

 Ж.Артикходжаев

2020 йил 18 февраль