« Back

Тошкент шаҳар ҳокимининг ҚАРОРИ 18.05.2020 17:59

Тошкент шаҳрида ичимлик сув таъминоти ва канализация хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ миқдорини белгилаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-2900-сонли (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 йил, 17-сон, 291-модда) 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4040-сонли (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2018 йил, 48-сон, 923-модда) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 январдаги “Тошкент шаҳрининг уй-жой коммунал инфратузилмасини бошқаришни  такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5-сонли (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси) қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосарининг 2020 йил 3 февралдаги 05/1–804–сонли топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида,

Қ А Р О Р      Қ И Л А М А Н:

1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири биринчи ўринбосарининг 2020 йил 3 февралдаги 05/1–804–сонли топшириғи ижро учун қабул қилинсин.

2. Тошкент шаҳридаги истеъмолчилар учун:

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 2 апрелдаги 499-сонли қарори билан ичимлик сув таъминоти хизматлари учун белгиланган махсус
100 сўм/м3 ва канализация хизматлари учун махсус – 100 сўм/м3 миқдоридаги устама ҳақ 2020 йилда амал қилиниши узайтирилсин.

3. Ичимлик сув ва канализация таъминоти хизматлари тарифлари бўйича белгиланган махсус устама ҳақ мақсадли тушум ҳисобланиб, барча солиқ турларини ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда солиққа тортиладиган базага киритилмаслиги, шунингдек, ичимлик ва оқава сув  таъминоти ташкилотларининг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботида акс эттирилмаслиги инобатга олинсин.

4. Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари (Б.Рахманкулов), “Сувсоз” масъулияти чекланган жамияти (Т.Мирхидоятов):

ичимлик сув ва канализация таъминоти хизматлари тарифларига махсус устама ҳақ маблағларини жамлаш учун “Сувсоз” масъулияти чекланган жамиятига хизмат кўрсатувчи банкдаги очилган махсус ҳисоб рақамига жамланган кунлик тушум бўйича махсус устама ҳақ Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш Бош бошқармаси ҳузуридаги Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 40 фоизи йўналтирилиши таъминлансин.

5. Мазкур қарор “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталарида расмий эълон қилинсин ва www.toshkent.uz веб-сайтига жойлаштирилиши таъминлансин.

6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Б.Рахманкулов зиммасига юклатилсин.

Тошкент шаҳар ҳокими
Ж.Артикходжаев

2020 йил 1 апрель