« Back

Тошкент шаҳар ҳокимининг ҚАРОРИ 27.05.2020 01:30

“Давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга ер участкалари ажратиш тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги “Ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилишнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 63-сонли (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси) қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳар аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, уй-жойлари бузилишга тушган фуқароларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида, Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг мурожаат хатини инобатга олиб,

Қ А Р О Р   Қ И Л А М А Н:

1. “Давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга ер участкалари ажратиш тўғрисида”ги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. “Муниципал активларни бошқариш маркази” давлат унитар корхонаси (М.Абдурахмонов), Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси (Ғ.Расулов), Қурилиш бош бошқармаси (Б.Халматов), туман ҳокимликлари:

“Давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга
ер участкалари ажратиш тўғрисида”ги Низом асосида белгиланган ишлар ташкил этилсин;

ўзларининг идоравий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарор “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталарида расмий эълон қилинсин ва www.toshkent.uz веб-сайтига жойлаштирилиши таъминлансин.

4. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Хидоятов зиммасига юклатилсин.

Тошкент шаҳар ҳокими
Ж.Артикходжаев

2020 йил 26 май