« Back

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 16.10.2019 14:48

Марказий сайлов комиссияси Экспертлар гуруҳининг ахбороти

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Эксперт гуруҳларининг сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларини текшириш якунлари бўйича ахборотни эълон қилди.

Маълумки, шу йил 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳларини тузиш тўғрисида”ги қарори асосида иккита эксперт гуруҳлари тузилган эди. Биринчи эксперт гуруҳига Баҳодир Юнусов, иккинчи эксперт гуруҳига Суяржон Қурбонқулов раҳбарлик қилди.

Экспертлар гуруҳининг маълум қилишича, Республикамиздаги бешта сиёсий партия томонидан 2019 йил 10 октябрь куни имзо варақалари қуйидаги кетма-кетликда топширган эди.

Биринчи — Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси;

Иккинчи — Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси;

Учинчи — Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси;

Тўртинчи — Ўзбекистон Халқ демократик партияси;

Бешинчи — Ўзбекистон Экологик партияси.

Эндиликда, сиёсий партияларнинг оммавий ахборот воситаларида тарғибот ишларини олиб бориш тартиби ҳам шу кетма-кетликда амалга оширилиши лозим бўлади.

Эксперт гуруҳлари имзо варақаларини юқорида санаб ўтилган кетма-кетликда партияларнинг Ваколатли вакиллари иштирокида Сайлов кодекси талабларига қатъий риоя қилган ҳолда текшириб чиқди.

Марказий сайлов комиссиясига ҳар бир сиёсий партия 40 мингтага қўшимча 10 фоизи билан жами 44 мингтадан имзо тақдим этган.

Сайлов кодексида имзо варақаларининг топшириш белгиланган зарурий миқдорнинг камида 15 фоизи текширилиши белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда текшириш учун ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан (Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳридан) тенг нисбатда 440 тадан жами 6160 тадан имзолар танлаб олиниб текширилди.

Имзоларнинг барчаси Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган имзо варақаларида бланкаларида тартибли тўлдирилгани аниқланди. Ҳудудлар номлари, имзо қўйган шахсларнинг маълумотлари, яшаш манзиллари, имзо қўйган саналари аниқ кўрсатилган ва имзоларни тўплаган шахснинг маълумотлари киритилган ва ҳудудий партия ташкилоти муҳри билан тасдиқланган. Барча маъмурий-ҳудудий бирликлардан 8 фоизлик меъёрга амал қилинган ва бир хил миқдорда тўлдирилган.

Шунингдек, экспертлар томонидан махсус мосламалар билан синчиклаб текшириш давомида айрим имзо варақларидаги имзолар ичида бир шахс томонидан бир нечта имзолар қўйилгани, паспорт рақамлари қўйилмаган, яьни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлувчи ҳолатдаги хатоликлар ҳам мавжудлиги аниқланди, лекин бундай хатоликлар сезиларли даражада оз миқдорда экани маълум бўлди.

Биринчи сиёсий партия — Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан тақдим этилган имзоларни текшириш якунлари бўйича Эксперт гуруҳи хулосасида сиёсий партия томонидан зарурий миқдордаги 40 мингта ҳақиқий имзолар тақдим этилгани маълум қилинди.

1-Эксперт гуруҳи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси томонидан тақдим этилган имзо варақалари қонун талабларига мос ҳолда тўғри тўлдирилган, деб хулоса тақдим этди.

Шунингдек, партия томонидан Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганини тасдиқловчи маълумотнома тақдим этилган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловида иштирок этишга ва депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланди.

Иккинчи сиёсий партия — Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан тақдим этилган имзоларни текшириш якунлари бўйича Эксперт гуруҳи хулосаси бўйича сиёсий партия томонидан зарурий миқдорда 40 мингта ҳақиқий имзолар тақдим этилгани маълум қилинди.

1-Эксперт гуруҳи Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан тақдим этилган имзо варақалари қонун талабларига мос ҳолда тўғри тўлдирилган, деб хулоса тақдим этди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Марказий сайлов комиссиясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловида иштирок этишга ва депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқини бериш бўйича аризани ва сайловдан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи маълумотни тақдим этган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловида иштирок этишга ва депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланади.

Учинчи сиёсий партия — “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан тақдим этилган имзоларни текшириш якунлари бўйича Эксперт гуруҳи хулосаси бўйича сиёсий партия томонидан зарурий миқдорда 40 мингта ҳақиқий имзолар тақдим этилгани маълум қилинди.

1-Эксперт гуруҳи Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан тақдим этилган имзо варақалари қонун талабларига мос ҳолда тўғри тўлдирилган, деб хулоса тақдим этди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий сайлов комиссиясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловида иштирок этишга ва депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқини беришни сўраб аризани ва сайловдан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи маълумотни тақдим этган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловида иштирок этишга ва депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланди.

Тўртинчи — Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан тақдим этилган имзоларни текшириш якунлари бўйича иккинчи Эксперт гуруҳи хулосаси бўйича Эксперт гуруҳи Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан тақдим этилган имзо варақалари қонун талабларига мос ҳолда тўғри тўлдирилган, деб хулоса тақдим этди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий сайлов комиссиясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловида иштирок этиш ва депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқини беришни сўраб аризани ва сайловдан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи маълумотни тақдим этгани маълум қилинди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловида иштирок этишга ва депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланди.

Бешинчи — Ўзбекистон Экологик партияси томонидан тақдим этилган имзоларни текшириш якунлари бўйича Эксперт гуруҳи хулосаси бўйича сиёсий партия томонидан тўпланган 40 мингта имзолар тўғри тўлдирилгани маълум бўлди.

2-Эксперт гуруҳи Ўзбекистон Экологик партияси томонидан тақдим этилган имзо варақалари қонун талабларига мос ҳолда тўғри тўлдирилган, деб хулоса тақдим этди.

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий сайлов комиссиясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловида иштирок этиш ва депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқини беришни сўраб аризани ва сайловдан камида тўрт ой олдин Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи маълумотни тақдим этган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Экологик партиясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сайловида иштирок этишга ва депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланади.

ЎзА