« Back

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати 14.10.2019 15:11

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси тўғрисида

А Х Б О Р О Т

Аввал хабар берилганидек, 2019 йил 11 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси иш бошлади.

Ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Сенаторлар ишни “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилишдан бошладилар. Қонунда банк фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш, банк фаолиятининг ўзига хос таваккалчиликларини назорат қилиш, шу жумладан, таваккалчиликларни бошқаришга доир талаблар белгиланган. Жумладан, банкларнинг устав капитали миқдори 100 миллиард сўмни ташкил этади.

Қонун билан банкни ташкил этиш, банкларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун даст­лабки рухсат бериш, банк фаолиятига лицензиялар бериш, инвесторлар томонидан банк акцияларини Марказий банк розилигисиз харид қилиш тартиби такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, банклараро операциялар, банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар, кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари, шунингдек, кредитлар қайтарилишини таъминлаш тартибга солинмоқда. Молиявий муассасалар тегишли хизматлар кўрсатиш, ахборот тақдим этиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва монополияга қарши қоидаларга банклар риоя этишини назорат қилиш орқали банк хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, Қонун билан пруденциал назорат механизми жорий этилмоқда. У тегишли нормативлар, банкларнинг молиявий ҳолатини тиклаш режаси, ўзаро боғлиқ шахс­лар билан битимлар тузишни тартибга солиш, банкларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш учун вақтинчалик бошқарувини тайинлаш, банк таваккалчиликлари пайдо бўлганда уларни эрта аниқлаш ва банк фаолиятининг барқарорлигини таъминлашни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, банкларда ҳисоб, ҳисобдорлик ва аудиторлик текшируви тўғрисидаги нормалар киритилмоқда, у бухгалтерия ҳисоби юритишни, молиявий муассасалар ҳисобдорлигини, банк операцияларига доир ҳужжатларни сақлашни, банкларнинг аудиторлик текширувини ва аудиторлик текширувини амалга оширувчи тегишли ташкилотга қўйилган талабларни ўз ичига олади.

Парламент аъзолари Қонуннинг қабул қилиниши омонатчилар ва банк хизматчиларидан бошқа фойдаланувчилар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳисобга олган ҳолда банклар барқарорлигини таъминлаш ва улар ўртасида самарали рақобат муҳитини яратишга доир чора-тадбирларни амалга оширишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, вазифалари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Мамлакатнинг бош молиявий муассасаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ҳисобдордир. Олий Мажлис Сенати Марказий банкнинг йиллик ҳисоботини аудиторлик ташкилотининг хулосаси билан бирга кўриб чиқади.

Марказий банк учинчи шахсларга молиявий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланишга, бундан ўз тасарруфидаги ташкилотлар мустасно, тижорат фаолиятини амалга оширишга, учинчи шахс­ларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мажбуриятлари бўйича кафолатлар беришга, банкларнинг капиталларида ва бошқа юридик шахсларнинг устав фондларида иштирок этишга, бундан валюта биржасининг, шунингдек, Марказий банкнинг фаолиятини таъминловчи ўз тасарруфидаги ташкилотларнинг капиталларида иштирок этиши мустасно, ҳақли эмаслиги Қонунда белгиланмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши пул-кредит сиёсатини шакл­лантириш ва амалга оширишда янги ёндашувлар ҳамда принципларни татбиқ этишга ва банк тизимини ривожлантиришнинг барқарор суръатларини қўллаб-қувватлашга, умуман банк тизими ва Марказий банкнинг барқарор фаолият олиб бориши самарали назорат қилинишини таъминлайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини муҳокама қилдилар. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат валюта операцияларини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: валютани тартибга солиш ҳамда валютани назорат қилиш тизимининг ягоналиги, валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чора-тадбирларнинг устуворлиги, резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларига давлат органларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмаслиги. Қонун билан Марказий банк валютани тартибга солувчи давлат органи этиб белгиланган.

Парламент аъзоларининг таъкидлашича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларини амалга оширишда ўз валюта маблағларини эркин тасарруф этиш бўйича ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишга, амалиётда учрайдиган валюта операцияларини ўтказишнинг имкон қадар барча жиҳатларини таърифлашга, шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда капитал ҳаракатланиши билан боғлиқ операцияларни тартибга солиш имконини берадиган қонунчилик базасини ташкил этишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъ­қулланди.

“Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан муҳокама этилган кун тартибидаги яна бир масала бўлди. Қонун тўлов хизматларини етказиб берувчи ва тўлов хизматларидан фойдаланувчи бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тўловларни амалга ошириш ҳамда тўлов хизматлари кўрсатиш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Қонуннинг амал қилиши крипто-активларга доир операцияларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари, тўлов хизматларини етказиб берувчиларнинг ва тўлов хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, тўлов хизматлари тизимини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, шунингдек, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизими ривожлантирилишини қўллаб-қувватлаш тўловлар ва тўлов тизимлари соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Қонунга асосий тушунчалар киритилиб, тўлов тизими ва унинг иштирокчилари, операторларга таъриф берилмоқда, уларнинг функциялари, шунингдек, тўлов тизимлари турлари ва уларнинг муҳимлигини аниқлаш мезонлари, уларни сақлаб туриш қоидалари очиб берилмоқда, таваккалчиликларни бошқариш тизимига, муҳим тўлов тизимининг ишлашини ўзини ўзи баҳолашдан ўтказишга, тўлов тизимидаги тўловларнинг якунланганлигига доир нормалар белгиланмоқда.

Сенаторлар қайд этганидек, Қонуннинг қабул қилиниши тўловлар ва тўлов тизимлари соҳасида ягона ахборот ва ҳуқуқий макон яратилишини, Марказий банк томонидан тўлов хизматлари бозори самарали тартибга солинишини, тўлов тизимлари фаолиятини, тўлов тизимлари операторлари фаолиятини таъминлаш, тўлов хизматларидан фойдаланиш, шу жумладан, қишлоқ жойларда ва олис жойларда фойдаланиш имкониятини ва шаффофлигини ошириш, электрон пуллар соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишига кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра ялпи мажлис иштирокчилари “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонуннинг мақсади илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи, илмий фаолият соҳасини давлат томонидан тартибга солиш принципларини ва қўллаб-қувватлаш шаклларини белгиловчи ягона ҳуқуқий ҳужжатни яратиш, шунингдек, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий вазифаларини ҳал этишда илмий ғоялар, ишланмалар ва технологиялар имкониятларини кенгайтириш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашдан иборат.

Таъкидланганидек, Қонунда илмий ижод ва ахборот эркинлиги, самарадорлик ва ижодий рақобат, манфаатдорлик ва рағбатлантириш, илмий экспертизанинг холислиги, инсон ҳаёти ва саломатлиги, атроф табиий муҳитга зарар етказмасликдан иборат илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий принциплари белгиланмоқда.

Илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий тушунчалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, олий таълим тизими, шунингдек, бўйсунувида илмий ташкилотлар бўлган вазирлик, идоралар ҳамда ташкилотлар, илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Қонунда илмий фаолият субъектлари доираси, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, олий таълим муассасаларида илмий фаолият юритиш тартиби очиб берилган. Жумладан, белгилаб қўйилишича, олий таълим муассасаларида таълим жараёни билан бирга илмий фаолият ҳам юритилади ва ушбу муассасаларнинг педагог кадрлари тегишли йўналишларда илмий фаолият билан шуғулланишлари шарт.

Илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, давлат илмий дастурлари, илм-фан ва таълимнинг ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлиги, илмий даражали кадрлар тайёрлашга доир нормалар назарда тутилмоқда. Қайд этилганидек, Қонуннинг қабул қилиниши илмий ва илмий-техник фаолият барча иштирокчиларининг самарали ҳамкорлигини таъминлашга, илмий фао­лият соҳасидаги ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатларни, тегишли масалаларни тартибга солишга, шунингдек, илм-фан соҳасидаги тушунчалар уйғунлаштирилиши ва бир хилда тал­қин этилишини таъминлашга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин Сенат аъзолари “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат аввал Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, уни такомилига етказиш ўта зарурлиги туфайли сенаторлар томонидан қайтарилган эди. Қонуннинг янги таҳририда ва номида аввалги муҳокамалар чоғида экспертлар томонидан билдирилган барча фикр-мулоҳазалар ҳисобга олинди.

Қонунда батафсил таянч тушунчалар киритилмоқда. Гўдак, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотлари, кичик ёшдаги болалар, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар, сунъий озиқлантириш, шунингдек, қўшимча овқат маҳсулотлари каби тушунчалар очиб берилмоқда. Ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар, гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг она сути билан озиқлантиришга бўлган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширади. Бундан ташқари, ушбу органларнинг ваколатлари ҳам белгиланмоқда.

Қонунда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган, қайта ишланган маҳсулотдан олинган хом ашёни қўллашга йўл қўйилмаслиги аниқ белгилаб қўйилмоқда. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган, санитария қоидалари ҳамда нормаларига мувофиқ бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, йўқ қилиш ёки улардан озиқ-овқат эҳтиёжларидан бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланиш усуллари ва шартлари уларнинг эгалари томонидан назорат қилувчи давлат органлари билан келишилади.

Сўзга чиққанлар қайд этганидек, Қонуннинг қабул қилиниши илк кунидан бошлаб гўдакларнинг оқилона овқатланишини таъминлаш тадбирларини амалга оширишга, фақат кўкрак сути билан озиқлантириладиган болалар сонини доимий ошириб боришга, уларнинг соғлом ўсишини таъминлашга, гўдаклар ва болалар ўртасида касалга чалиниш ва ўлим кўрсаткичларини камайтиришга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар “Меценатлик тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқдилар. Қайд этилишича, Қонун маданият ва санъатни, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги илм-фанни, таълимни, маърифатни ҳамда бошқа фаолиятни ривожлантириш мақсадида ҳомийлик фаолиятини амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни тартибга солади.

Қонунга таянч тушунчалар киритилиб, унда меценат, меценатлик (меценатлик фаолияти), меценатлик кўмаги, меценатлик кўмагини олувчи тушунчалари очиб берилган. Қонунга кўра меценатлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, маданият ва санъат соҳасидаги касбий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни, лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш, маданият ва санъат соҳасидаги ёш истеъдодларни ва арбобларни қўллаб-қувватлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу соҳани ривожлантиришда иштирок этиши учун маънавий рағбатлантириш мақсадларида амалга оширилади.

Жисмоний ва юридик шахслар меценатлик фаолиятини ихтиёрийлик ҳамда бу фаолиятнинг мақсадларини эркин танлаш асосида монеликсиз амалга оширишга ҳақлидир. Қонунга кўра меценатлар ва меценатлик кўмагини олувчилар меценатлик фаолиятининг субъектларидир. Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари меценатлар бўлиши мумкин.

Таъкидланганидек, Қонуннинг қабул қилиниши меценатларни рағбатлантиришнинг қўшимча номоддий усулларини яратишга, шунингдек, молиявий активларни маданият ва санъатга фаолроқ жалб қилишни рағбатлантиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Ушбу Қонуннинг мақсади мудофаа соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг асосий вазифалари мудофаани ташкил этишнинг ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини бошқаришнинг ҳуқуқий асосларини белгилашдан, мамлакат мудофаасини таъминлашда давлат органларининг ваколатларини, шунингдек, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, ташкилотлар ва фуқароларнинг иштирок этишини аниқлашдан иборат.

Қонунга кўра, мудофаа, бу – Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилишни таъминлаш борасидаги сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий-ҳуқуқий, ахборотга оид, ташкилий ва бошқа тусдаги чора-тадбирлар тизими. Мустақилликни, суверенитетни, ҳудудий яхлитликни ва конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, давлатнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, Марказий Осиёда халқаро ва минтақавий ҳамкорликни, хавфсизликни, барқарорликни ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, давлатнинг ҳарбий ташкилотини мунтазам равишда ривожлантириш, уни Ўзбекистон Республикасини қуролли ҳимоя қилишга шай ҳолатда сақлаб туриш мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсадлари сифатида белгиланмоқда.

Сенаторлар қайд этганидек, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, ундан келиб чиқадиган ва мамлакатни мудофаага тайёрлаш масалаларини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, устав ҳужжатларини ишлаб чиқишни давом эттириш учун асослар яратишга, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги ташқи сиёсати очиқлигини кенг намойиш этишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра ялпи мажлисда “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Бошқариш усулини танлаш эркинлиги, ўзини ўзи бошқариш, коллегиаллик, очиқлик ва ошкоралик, ташкилий ва молиявий жиҳатдан мустақиллик, жойларнинг мулкдорлари олдида мунтазам ҳисобдорлик кўп квартирали уйларни бош­қаришнинг асосий принциплари ҳисобланади.

Бундан ташқари, Қонунда кўп квартирали уй ва умумий мол-мулк каби тушунчалар очиб берилмоқда. Жумладан, кўп квартирали уйга туташ ер участкасига ёхуд бундай уйдаги умумий фойдаланиладиган жойларга мустақил чиқиш йўлакларига эга бўлган икки ва ундан ортиқ квартиралар кўп квартирали уй деб эътироф этилади.

Кўп квартирали уйдаги умумий жойлар, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган пиллапоялар, зинапоялар, лифт­лар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуна ва қурилмалар умумий мол-мулкдир.

Белгиланганидек, кўп квартирали уйга туташ ер участкаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади, кўп квартирали уйни бош­қариш усули кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади. Бунда Қонунга кўра умумий мол-мулк, агар унинг бошқа шахсга берилиши ёки фойдаланиш учун ўтказилиши бошқа мулкдорларнинг ўз мулк ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайдиган бўлса, бошқа шахсга берилиши ёхуд бир ёки бир нечта мулкдорга ёки бошқа шахсларга фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин эмас.

Қайд этилишича, Қонун узоқ ва яқин хориж мамлакатлари тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган, бу эса унинг самарадорлиги ва таъсирчанлигини таъминлайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра Сенат аъзолари “Олий даражали “Дўстлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун Олий даражали “Дўстлик” орденини таъсис этишни, унинг Низомини ва таърифини тасдиқлашни, шунингдек, “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Низомда белгиланишича, Олий даражали “Дўстлик” ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва айрим ҳолатларда фуқаролиги бўлмаган шахслар қардош халқлар ўртасида кўп асрлик дўстлик ва қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, жамият ва халқларнинг бирдамлигини уйғунлаштиришдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланади. Шунингдек, орден ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудудлараро келишувларга эришишдаги сермаҳсул фаолияти ҳамда халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва ишончни мустаҳкамлашдаги фаол иштироки учун ҳам берилади.

Таъкидланганидек, Қонуннинг қабул қилиниши қўшни ва чет давлатлар билан кўп асрлик дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга, улар билан ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, тарихий мерос, маънавий қадриятлар ва анъаналарни сақлаш ва кўпайтиришга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра парламент юқори палатаси аъзолари “Ўзбекистон Республикаси ахборот-кутубхона тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонуннинг мақсади ва вазифаси ахборот-кутубхона тизими ходимларини рағбатлантириш, ушбу касб нуфузини ошириш, кутубхоначилик ишига ёш тараққийпарвар кадрларни жалб қилишдан иборат. Бу ахборот-кутубхона муассасаларини илғор технологияларни кенг жорий этиш асосида ривожлантиришга ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштиришга кўмаклашади.

Қайд этилишича, ушбу Қонун қабул қилиниши ахборот-кутубхона соҳаси ривожига жиддий таъсир кўрсатишга, мазкур соҳа муассасаларини аҳоли, шу жумладан, ёшлар орасида кенг оммалаштиришга, юқори малакали кадрлар сонини оширишга хизмат қилади. Қонунга кўра, 21 май – Ўзбекистон Республикаси ахборот-кутубхона тизими ходимлари куни этиб белгиланган. Сенаторлар томонидан Қонун маъқулланди.

Сўнгра парламент аъзолари “Кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун Ўзбекистон Республикасининг 5 та қонуни ва 6 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Жумладан, Жиноят-процессуал кодексига киритилаёган нормага кўра мол-мулк­ни хатлаш тўғрисида қарор чиқарилгандан кейин суриштирувчи ёки терговчи гаров реестрига бир кун ичида тегишли ёзувни киритади, мол-мулкни хатлаш ҳақида суд ажрими чиқарилгандан кейин эса қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли бўлган органлар томонидан уч сутка ичида шундай ёзув киритилади.

Фуқаролик кодекси кредиторларнинг талабларини қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида берилган мол-мулки ҳисобидан қаноатлантириш, гаров предметини идентификация қилиш, гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган мол-мулкни сотиш тўғрисидаги нормалар билан тўлдирилмоқда.

Иқтисодий процессуал кодексга киритилаётган ўзгартишга кўра, агар ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, суд буйруғи судья томонидан якка тартибда берилади.

Фуқаролик процессуал кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра суд буйруғи, агар ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулк­ка қаратиш тўғрисида талаб арз қилинган бўлса берилади. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада тўланмаган тўловлар суммасининг ҳисоб-китоби ва ундирув қаратилаётган, қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулкнинг тавсифи келтирилиши керак. Суд буйруғида ундирилиши лозим бўлган пул суммаларининг миқдори ёки ундирув қаратилаётган, қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулк унинг тавсифи ва баҳоси кўрсатилган ҳолда бўлиши керак.

Қонун қабул қилиниши аҳоли ва кичик бизнесни молиялаштириш имкониятини, Ўзбекистоннинг халқаро рейтингини, кечиктирилган кредитлар даражасини пасайтиришга ва молия тизими барқарорлигини оширишга кўмаклашиши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин ялпи мажлисда “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Қонун Ўзбекистон Республикасининг 11 та қонуни ва 7 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекция Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси этиб қайта ташкил этилиши муносабати билан “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Наслчилик тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги, “Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Солиқ кодексига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил вазифалари ҳамда ваколатлари доираси кенгайтирилиши, унинг девони фаолияти ислоҳ қилиниши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ва унинг девони ходимларининг тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни ва назорат қилувчи органлар томонидан текширув қонунийлигини назорат қилишни мувофиқлаштириш вазифаси назарда тутилмоқда. Шунингдек, маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қонун ҳужжатлари бузилган ҳолатлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ҳуқуқи белгиланмоқда.

Фуқаролик процессуал кодексда, Иқтисодий процессуал кодексда ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фуқаролик ишлари бўйича судларнинг, шунингдек, иқтисодий ва маъмурий судларнинг кучга кирган қарорлари устидан кассация ва назорат тартибида шикоят қилиш бўйича ҳуқуқи назарда тутилмоқда.

Таъкидланганидек, Қонун қабул қилиниши прокуратура органлари кучини ва воситаларини прокуратура асосий мақсадлари ва вазифаларини касбий бажаришга қаратиш орқали уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ўз фаолияти соҳасидаги ваколатларини мус­таҳкамлашга, шунингдек, унинг девони ходимларини рағбатлантиришга, ветеринария назоратини кучайтиришга ва ветеринария сервиси сифатини оширишга, мамлакатнинг эпизоотик фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқдилар.

Қонун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Солиқ кодексига, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик, мазкур орган ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ўз хизмат бурчини бажаришига қаршилик кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи ва бу ҳуқуқбузарликар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилишини белгиловчи моддалар билан тўлдирилмоқда.

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўлдирилмоқда. Жумладан, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар тизими Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари билан тўлдирилмоқда ҳамда унинг ваколатлари назарда тутилмоқда. Сенаторлар қайд этганидек, Қонун қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари фаолиятида уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда ваколатларини мустаҳкамлашга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг парламент аъзолари “Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексидан 224-модда (Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш) чиқариб ташланмоқда. Бундай ҳолат ушбу моддада назарда тутилган жиноятлар сони камайганлиги билан изоҳланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 3812-моддасига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 224-моддасида назарда тутилган жиноятлар жиноят тоифасидан чиқарилиши муносабати билан ички ишлар органлари томонидан суриштирув ўтказишни истисно этишни назарда тутувчи тегишли ўзгартиш киритилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чора-тадбирларини фарқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига ўзгартишлар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари “Божхона маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонунда божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорларини ошириш назарда тутилмоқда. Жумладан, жарима санкцияларининг оширилиши ҳуқуқбузарликларнинг қуйидаги турларига нисбатан қўлланилади: божхона органи рухсатисиз бериш, товарлар, транспорт воситалари ва улар ҳужжатларини йўқотиш ёки етказиб бермаслик, божхонада расмийлаштириш тугалланмаган товарлар ва транспорт воситаларини тасарруф этиш ва ҳоказо.

Шу билан бирга, Қонунда маъмурий жазо қўллангандан кейин ўттиз кун ичида товар ва транспорт воситалари қайтариб олинмаса, фуқаролар учун товар ва транспорт воситаларини мусодара қилиш назарда тутилмоқда. Бундан таш­қари, тегишли моддаларда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун транспорт воситаларини ушлаш ва кўздан кечиришга доир божхона органлари мансабдор шахсларининг ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки, Қонун қабул қилиниши қонун устуворлигини таъминлашни давом эттиришга, шунингдек, товарларни божхона чегарасидан олиб ўтиш бўйича ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган шахслар жавобгарлигини оширишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Парламент юқори палатаси аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қайд этилганидек, Қонун 8 та қонунга ва 4 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда белгилаб қўйилишича, табиатни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий механизми экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш учун утилизация йиғими ундиришни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида” 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ–4086-сон қарорининг 28-банди асосида 2019 йил 1 январдан бошлаб зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ҳамда дафн этиш маросими учун нафақаларни тўлаш харажатларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Шу муносабат билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни ғилдиракли транспорт воситалари техник хусусиятлари ва эскиришини ҳисобга олиб, улардан фойдаланишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мотор транспорт воситаларини утилизация қилиш механизмларини жаҳон амалиётига мувофиқ янада такомиллаштириш мақсадида “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонун утилизация йиғимига доир норма билан тўлдирилмоқда.

“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тар­қатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонуннинг қабул қилиниши тегишли соҳаларда қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга кўмаклашиши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра Сенат аъзолари томонидан “Маданий ифодаларнинг турли хил шаклларини муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Париж, 2005 йил 20 октябрь) ратификация қилиш ҳақидаги” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенциянинг биохавфсизлик бўйича Картахена протоколига қўшилиши (Монреаль, 2000 йил 29 январь) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама этилди ва маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати