« Back

Ўзбекистон Республикаси Президенти 14.10.2019 15:06

МДҲНИНГ АШХОБОД САММИТИ

Хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 10-11 октябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

Саммитнинг асосий тадбирлари 11 октябрь куни бўлди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислигида ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Республи­каси Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Молдова Республикаси Президенти Игорь Додон, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этди.

Дастлаб МДҲ давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ушбу халқаро тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Унда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳамдўстлик доирасида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди ҳамда шерикликнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ўзбекис­тон учун, аввало, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, турли тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт-логистика ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш жиҳатидан манфаатлидир. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ушбу ташкилотдаги иштироки анча фаоллашди. Жорий йилда юртимизда МДҲнинг кўплаб тадбирлари ўтказилди.

Хусусан, Тошкентда МДҲ Ички ишлар вазирлари кенгаши, Самарқандда Туризм бўйича кенгаши йиғилишлари бўлиб ўтди.

Учрашувда 2020 йилда МДҲга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши тўғрисидаги қарор барча иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги 1991 йил 8 декабрдаги МДҲни тузиш тўғрисидаги битим асосида ташкил қилинган. Ижроия қўмита МДҲнинг ижро этувчи, маъмурий ва мувофиқлаштирувчи идорасидир.

Қайд этиш керакки, мамлакатимиз Ҳамдўст­лик доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат
Мирзиёевнинг МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Сочи ва Душанбе шаҳарларида бўлиб ўтган мажлисларидаги иштироки якунлари бўйича “Йўл хариталари” тасдиқланган.

Шунингдек, сўнгги йилларда шартномавий-ҳуқуқий база ва МДҲ доирасида мамлакатимиз ҳамкорлигининг ҳолати инвентаризация қилинганини алоҳида қайд этиш керак.

МДҲ форматида Ўзбекистоннинг ташаббуслари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг янада ўсиши, турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва минтақавий транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида шерикликни фаоллаштириш, саноат ва аграр тармоқларга рақамли технологияларни жорий этиш, минтақалараро ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш, афғон муаммосини сиёсий йўл билан ҳал этиш ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришни қамраб олади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммити кенг доирадаги музокаралар билан давом этди.

Давлат раҳбарлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган комплекс масалаларни муҳокама қилиб, томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилда МДҲга раислиги қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз раислиги давомида ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга устувор аҳамият қаратилишини таъкидлади.

Ҳамдўстликни янада ривожлантириш концепцияси ва 2030 йилгача бўлган даврда иқтисодий ривожлантириш стратегиясини қабул қилишни жадаллаштириш таклиф этилди.

Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, эркин савдо зонаси тўлиқ ишлашини таъминлаш, ишлаб чиқариш кооперациясини чуқурлаштириш ва учинчи мамлакатлар бозорини ўзлаштириш, аграр, энергетика ва телекоммуникациялар тармоқларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, илмий, инновацион ва таълим дастурларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Давлатимиз раҳбари ўн йилга мўлжалланган Транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ва Ҳудудлараро ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.

Келаси йили юртимизда биринчи МДҲ ҳудудлараро форуми бўлиб ўтади, шунингдек, МДҲ савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгаши мажлисини ўтказиш, унинг доирасида Ҳамдўстликнинг ишбилармонлик ташаббуслари ҳафталигини ташкил этиш таклифи билдирилди. Ахборот хавфсизлиги, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича ҳам қатор тадбирлар режалаштирилган.

Музокаралар якунида ҳужжатлар имзоланди. 2020 йилда МДҲга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши тўғрисида қарор, Стратегик иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида декларация, Совет халқининг 1941–1945 йилларда Улуғ Ватан урушида қозонилган ўалабанинг 75 йиллиги муносабати билан МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари ва халқаро ҳамжамиятга мурожаати, 2020–2022 йилларда терроризм, экстремизм ва зўравонликнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.

Саммит якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ўтказилган матбуот анжуманида МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев Туркманистоннинг ташкилотга раислиги даврида барча тадбирлар, жумладан, Ашхобод саммити юксак савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. Саммитда МДҲ давлат раҳбарлари томонидан 8 та муҳим ҳужжат имзолангани ҳақида маълумот берди. 2020 йилда МДҲга раислик Ўзбекистонга ўтганини билдирди ва ушбу масъулиятли вазифани бажаришда муваффақиятлар тилади.

Шу билан МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Ашхобод саммити ниҳоясига етди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА махсус мухбири

Тошкент – Ашхобод – Тошкент