« Back

Ўзбекистон Республикаси Президенти 14.10.2019 15:08

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ТУРКИЙ ТИЛЛИ ДАВЛАТЛАР ҲАМКОРЛИК КЕНГАШИ САММИТИДАГИ ИШТИРОКИГА ДОИР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 14-15 октябрь кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг (Туркий кенгаш) еттинчи саммитида иштирок этади.

Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этаётган Венгрия ҳамда Туркманистон делегациялари раҳбарлари Туркий кенгаш доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган масалаларни муҳокама қиладилар.

Саммитда Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасининг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида Ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти қабул қилинади.

Учрашув якунида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши еттинчи саммитининг декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Бокуга ташрифи доирасида саммитда иштирок этадиган делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

ЎзА