« Back

Ўзбекистон Республикаси Президенти 23.10.2019 11:07

МАЪНАВИЯТИМИЗНИНГ БИТМАС-ТУГАНМАС МАНБАИ

Пойтахтимиздаги муҳташам Халқаро Конгресс марказида 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, ижодкор зиёлилар, тилшунос олимлар, ёшлар иштирок этди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев йиғилганларни, бутун халқимизни ушбу тарихий сана билан табриклаб, ўзбек тилининг тараққиёти ва истиқболлари ҳақида нутқ сўзлади.

Тил миллат мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат, таъбир жоиз бўлса, унинг паспортидир. Тилнинг бутун қудрати, сеҳру жозибаси, аввало, ана шу тилнинг яшовчанлигида, унда яратилган бадиий адабиётда намоён бўлади. Шу боис ўзлигини таниган ҳар бир миллат она тили ва адабиётини асраб-авайлайди, унинг ривожи йўлида бор куч-салоҳиятини сафарбар этади.

Мустабид тузум даврида миллий тилларни, жумладан, ўзбек тилини ҳам йўқотишга кўп уринишлар бўлди. Она тили миллатимиз зиёлилари каби қатағон қилинди, давлат идоралари тугул оддий давраларда ҳам сўзлашиш воситаси сифатида ўрнини йўқотар даражага келиб қолди.

Ана шундай бир пайтда, миллий истиқлол арафасида
халқимиз ўз она тилини – миллий ғурурини сақлаб қолди. Миллатпарвар зиёлилар, тилимиз фидойиларининг жонкуярлиги натижасида 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган қонунга асосан, ўзбек тили мамлакатимизда давлат тили мақомига эга бўлди. Мустабид тузум даврида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши Ватанимиз мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди.

Ҳар қайси халқнинг она тили унинг миллий руҳи ва ўзлигининг, миллий ғоясининг асосини ташкил этади. Тил ва халқ тушунчалари барча замонларда ўзаро уйғун ҳолда идрок қилинган. Тилсиз халқ ва халқсиз тил бўлмайди.

Мустақиллик йилларида она тилимизнинг мақомини тиклаш, ўзбек тилини кенг истеъмолга киритиш маънавий соҳадаги ислоҳотларнинг ўзагига айланди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлар ва қарорлар ўзбек тилида ёзилди, таълим масканларида ўзбек тилини ўқитиш, она тили воситасида ёш авлод онгига миллий ғурур-ифтихор туйғуларини сингдиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбек тилининг халқимиз, жамиятимиз ривожидаги муҳим роли билан боғлиқ кўплаб тадқиқотлар олиб борилди, бир қанча терминологик, таржима, этимологик, изоҳли луғатлар, қомуслар дунё юзини кўрди.

Кейинги йилларда Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган изчил ўзгаришларда тилимиз ривожига қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди.

Бугунги кунда мамлакатимизда шаклланган одил ва холис тил сиёсати натижасида ўзбек тили нуфузли минбарлардан янграмоқда, хорижий мамлакатларда ўзбек тилини ўрганишга иштиёқ тобора кучаймоқда. Ўзбекистоннинг яқинда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиб қўшилгани ҳамда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтган ташкилотнинг навбатдаги саммитида тенг ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этгани ўзбек тилининг нуфузини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бўлди.

Президентимизнинг жорий йил 4 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тилини улуғлаш, унинг мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётидаги нуфузини юксалтиришда беқиёс аҳамият касб этади.

Мазкур қарорга мувофиқ, жойларда ўзбек тили байрамлари, сайиллар, адиблар билан учрашувлар, давра суҳбатлари, мактабларда иншолар танловлари ўтказилди, театр ва кинотеатрларда, маданият саройларида буюк алломаларимиз ҳақида спектакллар, фильмлар намойиш этилди.

– Бундан ўттиз йил олдин қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонун нечоғли тарихий ҳужжат бўлса, Президентимизнинг ушбу санани нишонлаш тўғрисидаги қарори ҳам ана шундай аҳамиятга эга, – дейди ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов. – Ўзбек тили ўттиз йил давомида жуда катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. Ўзбек тилининг янги беш жилдлик изоҳли луғати, ўзбек қомусий луғати нашр қилинди. Мазкур тантананинг Ўзбекистонга кўрку салобат бахш этиб турган янги саройда ўтказилаётгани ҳам ўзига хос рамзий маънога эга. Бу бинолар мустақил юртимизнинг миллий тикланишдан – миллий юксалишга интилаётгани далолати бўлиб, тил байрамининг мазкур масканда нишонланиши она тилимизга бўлган юксак ҳурматнинг яққол ифодасидир.

Ушбу тарихий санадан ўттиз йил ўтиб бу борада яна бир қутлуғ қадам қўйилди. 2019 йил 21 октябрь куни Президентимизнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармонга биноан 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.

Тантанали маросимда эълон қилинган ушбу хушхабарни бутун халқимиз катта хурсандчилик билан қарши олди.

Президент она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш, “Давлат тили ҳақида”ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.

Байрам тадбири сўнггида санъат усталари иштирокида Ватан, халқ, ва она тилимизни тараннум этувчи концерт дастури намойиш этилди.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбири