« Back

Ўзбекистон Республикаси Президенти 06.11.2019 21:26

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИ ХАВФСИЗЛИК КЕНГАШИ КОТИБИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевни қабул қилди.

Президентимиз меҳмонни самимий қутлар экан, икки давлат раҳбарларининг мунтазам ва самарали мулоқоти туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Николай Патрушев, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун сидқидилдан миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликка оид, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари, жумладан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик қилиш, ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда амалий шерикликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

ЎзА