« Back

Ўзбекистон Республикаси Президенти 04.12.2019 15:54

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ РАҲБАРЛАРИНИНГ МАСЛАҲАТ УЧРАШУВИДАГИ НУТҚИ

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Ҳурматли учрашув қатнашчилари!

Аввало, сиз, муҳтарам дўстларимни – Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари ва делегациялар аъзоларини чин қалбимдан қутлайман.

Ушбу Маслаҳат учрашувининг ўтказилиши манфаатларимизнинг ўзаро муштараклиги, минтақавий тараққиётнинг энг долзарб масалалари бўйича очиқ мулоқот ва биргаликда қарорлар қабул қилишга тайёр эканимизни яна бир бор яққол тасдиқлайди.

Биз ҳозиргина тор доирада ўтказган музокараларда ҳамкорлигимизнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини атрофлича муҳокама қилдик ва мамлакатларимиз ўртасида ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келдик.

Маълумки, Марказий Осиё геостратегик жойлашувига кўра, минг йиллар давомида жаҳон миқёсидаги жараёнлар марказида бўлиб келган.

Бизнинг минтақамиз доимо ўзининг бой маданий-тарихий мероси билан Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ноёб кўприк бўлиб хизмат қилган.

Ушбу қутлуғ заминда дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк гуманист олимлар, мутафаккир ва шоирлар яшаб ижод қилган. Бу ерда улкан табиий захиралар, катта инсоний салоҳият мавжуд.

Бугунги кунда ҳам Марказий Осиёда дунё­нинг рақобатдош қудратли давлатларининг манфаатлари ўзаро кесишиб келади.

Бизга бевосита яқин бўлган ҳудудларда минтақавий ва халқаро хавфсизликка таъсир этадиган йирик беқарорлик ўчоқлари мавжуд.

Бизнинг олдимизда мураккаб саволлар турибди: Марказий Осиё қанчалик изчил ва барқарор ривожланади? Бизнинг мамлакатларимиз қандай янги хавф-хатар ва таҳдидларга дуч келиши мумкин? Биз, умумий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда, минтақавий ҳамкорлигимизни бундан кейин қандай олиб борамиз?

Бугун биз ана шундай муҳим ҳаётий саволларга биргаликда жавоб топишимиз керак.

Ҳурматли учрашув қатнашчилари!

Минтақанинг ҳар бир давлати Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва равнақини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Сиёсий ирода ва амалий қадамларимиз туфайли биз ҳамкорликнинг янада юқори бос­қичига кўтарилмоқдамиз.

Бизнинг ҳамжиҳатлигимиз ва фаол саъй-ҳаракатларимиз кўп қиррали минтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиб берди. Биз қисқа муддатда биргаликда реал тарзда олдинга силжишга эришдик.

Хусусан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми сўнгги йилларда 2 баробар, қўшма корхоналар сони 4 марта ўсди.

Биз шерикларимиз билан биргаликда чегараларимизда ҳуқуқий расмийлаштириш ишларини якунлаш арафасида турибмиз. Олтмишга яқин ўтиш пунктларининг тўлақонли фаолиятини таъминлаб, визаларни бекор қилдик.

Ишбилармонлик ва ҳудудлараро алоқалар, транспорт қатновлари, маданий-гуманитар алмашувлар кенгайиб бормоқда.

Ўтган йили Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё иқтисодий форуми ҳамда мамлакатларимизнинг Бош вазирлари ўринбосарлари даражасида Ишчи гуруҳнинг дастлабки учрашуви бўлиб ўтди.

Ўн йиллик танаффусдан сўнг 2018 йилда Туркманистонда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Мамлакатларимизнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида Афғонистон бўйича музокараларнинг олиб борилгани, Марказий Осиёда радиация хавфсизлигини таъминлаш, “Барқарор ривожланиш учун сув” ҳаракатларининг халқаро ўн йиллиги, Энергетик хартиянинг Ашхобод декларацияси қабул қилингани, Марказий Осиё бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциялари ва шу каби бошқа кўплаб кенг эътироф этилган халқаро ташаббуслари яхши маълум.

Буларнинг барчасида барқарор бир тенденция – давлатларимизнинг мустақил роли ва умумий келажак учун масъулияти кучайиб бораётгани намоён бўлмоқда.

Шуни мамнуният билан қайд этмоқчиманки, Марказий Осиё давлатлари минтақавий ва глобал масалалар бўйича тобора кўпроқ умумий позициядан туриб фикр билдирмоқда.

Бизнинг минтақадаги ўзаро яқинлашувимиз ва ҳамкорликни кенгайтиришимиз – бу замон талаб қилаётган ва орқага қайтмайдиган жараён эканини таъкидламоқчиман. У қатъий сиёсий танловга асосланган бўлиб, чуқур тарихий омилларга эга ва кимнингдир манфаатларига қарши қаратилган эмас.

Бу борада, бирлик ва жипсликни мустаҳкамлаган ҳолда, биз изчил ва барқарор ривожланиб бораётган минтақамизнинг, демакки, истиқболли ва ишончли халқаро шерикнинг шаклланишига ҳисса қўшмоқдамиз.

Натижада дунёда Марказий Осиёга эътибор изчил ортиб бормоқда, бизнинг биргаликда илгари сураётган ташаббусларимизни қўллаб-қувватлашга етакчи давлатлар ва халқаро молия тузилмаларининг қизиқиши тобора кучаймоқда.

Шу муносабат билан минтақа мамлакатларининг хорижий шериклар билан турли форматларда яқин ва тизимли мулоқотини ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ўзаро ҳамкорликни давом эттириш муҳим, деб ҳисоблайман.

Муҳтарам делегация раҳбарлари ва аъзолари!

Кенгайиб бораётган минтақавий шерикликнинг устувор йўналишлари ҳақида гапирганда, қуйидагиларни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Биринчи. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларидаги вазифаларни амалга оширишга бор куч ва имкониятларни сафарбар этиш муҳимдир. Булар бутун минтақанинг жадал тараққиёти ва рақобатбардошлигини таъминлашнинг устувор вазифаларидир.

Бу борада Марказий Осиё инвестиция форуми ва мамлакатларимиз савдо-саноат палаталарининг илк йиғилишини ўтказиш, Транспорт-коммуникациялар бўйича минтақавий кенгашни ташкил этишни тезлаштиришни таклиф этамиз.

“Бир саёҳат билан – бутун минтақа бўйлаб” тамойили асосида қўшма дастурларни илгари суриш учун Халқаро туризм конференциясини ташкил этишни таклиф этамиз.

Иккинчи. Бош вазир ўринбосарлари ва таш­қи ишлар вазирларининг кўп томонлама учрашувларини мунтазам ташкил қилиш билан бирга Марказий Осиё мамлакатлари Парламентлараро дўстлик гуруҳини таъсис этишни таклиф қиламиз.

Учинчи. “Марказий Осиё – ягона ўтмиш, умумий келажак” шиори остида маданий-гуманитар алмашув платформасининг яратилиши барча халқларимиз манфаатларига жавоб беради, деб ўйлайман.

Сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз билан илм-фан, маданият ва санъат соҳаларида эришган салмоқли ютуқлари учун Марказий Осиё мукофотини таъсис этиш, шунингдек, университетлар форумлари ва минтақавий спорт ўйинларини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.

Ҳар йили Наврўз байрами арафасида нав­бати билан ҳар бир мамлакатда Марказий Осиё маданият кунларини ўтказишни муҳим, деб ҳисоблаймиз. Буларнинг барчаси қардош халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади.

Тўртинчи. Минтақанинг мураккаб сув ва экологик муаммоларини ҳал қилиш ва ечиш ўзаро мувофиқлаштирилган ёндашувларни талаб қилади.

Инновацион технологияларни жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини татбиқ этиш, чўлланишнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш ва бошқа комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Траст фонди имкониятларини самарали ишга солиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Сув ресурсларидан биргаликда фойдаланишнинг долзарб масалаларини ҳал қилишнинг барча учун мақбул ечимини излашни давом эттириш лозим.

Бешинчи. Энг муҳим устувор вазифа – минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдан иборат.

Замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга кенг миқёсда қарши туриш учун мамлакатларимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ва махсус хизматларининг оператив ҳамкорлик қилиши бўйича ишчи механизмларни яратиш тарафдоримиз.

Афғонистон бизнинг минтақамизнинг узвий бир қисмидир. Ушбу мамлакатга тинчлик ва тараққиёт йўлига қатъий қадам қўйиши учун ёрдам бериш барчамизнинг умумий манфаатларимизга тўлиқ мос келади.

Муаммони сиёсий йўл билан ҳал қилиш борасидаги асосий тамойилларга амал қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Авваламбор, бу – зўравонликдан воз кечиш, ўт очишни тўхтатиш, мулоқот ва муросага тайёрликни намоён этишдан иборат.

Бундан ташқари, Афғонистонда муҳим инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга фаол жалб этишга қаратилган мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш ўта муҳимдир.

Ҳурматли дўстлар!

Бугун шуни ишонч билан айтишим мумкинки, бизнинг мамлакатларимиз ўртасида деярли барча асосий йўналишлар бўйича кўп томонлама муносабатларнинг янги тизими барпо этилмоқда.

Ушбу ижобий ва шиддатли жараённинг негизида халқларимизнинг ўзаро интилиши ва манфаатларининг муштараклиги мужассамдир.

Ишончим комилки, бугун белгилаб олинган барча устувор вазифалар келгусида Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бизнинг ягона қарашимизда ўз аксини топиши керак.

Биз ўзаро ҳамкорлигимизнинг асосий мақсад ва тамойилларини келишиб олишимиз, инсон, капитал, товар ва хизматларнинг ҳаракати, шунингдек, кенг кўламли маданий-гуманитар алмашувлар учун қулай шароитлар яратиб беришимиз лозим.

Умид қиламанки, бугун Тошкентда бўлиб ўтган Маслаҳат учрашуви муносабатларимизда янги саҳифа очиб, Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик ва шерикликни мус­таҳкамлашнинг амалий механизмларини йўлга қўйиш ва шакллантиришга хизмат қилади.

Эътиборингиз учун раҳмат.