« Back

Ўзбекистон Республикаси Президенти 03.01.2020 12:43

ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИДА ТУБ БУРИЛИШ ДАВРИ БОШЛАНМОҚДА

Аввал хабар қилинганидек, Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ юртимизда кадрлар муаммоси борлигини қайд этган эди. Кўп ўтмай бу масалани таг заминидан ўрганиш ва ҳал этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди.

Аввало, мактабгача таълим тизими ривожлантирилиб, пойдевор мустаҳкамланди. Ўқув даргоҳларига, педагогларга эътибор кучайди. Олий таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Бу тизимларни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича концепциялар ишлаб чиқилди.

Билимли болаларни аниқлаб, чуқурлаштирилган тарзда ўқитиш, талаб юқори бўлган соҳаларга йўналтириш мақсадида ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб шундай таълим масканларидан биридир.

Маълумки, VIII-IX асрларда яшаб ижод этган улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмий математика, геометрия, астрономия, тарих, география ва бошқа фанларга доир кўплаб рисолалар ёзган. У “ноль” рақамини ва ўнлик саноқ тизимини ҳамда қутблар координаталарини биринчилардан бўлиб асослаб берган ва амалиётга татбиқ этган. Муҳаммад ал-Хоразмий алгебра фанига ва алгоритмлаштириш назариясига асос солган, илмий маълумот ва трактатларни баён этишнинг аниқ қоидаларини ишлаб чиққан.

Ўнлик саноқ тизими, алгебра ва алгоритмлаштириш йўналишларида дунё илм-фани ривожидаги хизматлари умумэътироф этилган Шарқ олимлари орасида фақат Муҳаммад ал-Хоразмийнинг асарлари ва номи илмий давраларда фаол қўллаб келинаётган “алгоритм” ва “алгебра” каби замонавий илмий атамаларда абадийлаштирилди. Бугунги кунда юқори технологияларга асосланган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида бажарилаётган барча ҳисоблаш амалларига буюк олим Муҳаммад ал-Хоразмийнинг илмий кашфиётлари асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили мазкур мактаб қурилишига доир лойиҳалар билан танишган эди. Яқинда пойтахтимиз Тошкентда ушбу замонавий даргоҳ фойдаланишга топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган ушбу билим муассасаси билан танишди.

Мактабда кенг шароитлар, фан кабинетларидан ташқари дарслар ҳамда факультатив маш­ғулотларни инновацион усулларда ўтиш учун қўшимча имкониятлар яратилган. Artel, UCell, ZTE ва Huawei компанияларининг махсус синфлари очилган.

Шавкат Мирзиёев ушбу синфлар, бу ердаги шароит, асбоб-ускуналар билан танишди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.

– Ҳамма ишларимиз, ислоҳотларимиз Ўзбекистоннинг эртанги куни учун. Келажагимиз замини эса – сиз, ёшлар. Кўзларингиздан кўриб турибман: сизлар билимли, Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб етишасизлар. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратиб берамиз, – деди Президент.

Мутасаддиларга шу каби илғор бинолар андозаси асосида мактабларнинг қурилиш лойиҳаларини ўзгартириш, методологияни мустаҳкамлаш орқали таълим сифатини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

– Ал-Хоразмий бобомизнинг тафаккурига дунё ҳамон қойил қолади. Бугунги технологиялар, дастурий маҳсулотларга у яратган алгоритм асос бўлган. Сиз бундан фахрланишингиз, буюк аждодимиздек қунт билан ўқиб, доим изланишингиз керак, – деди давлатимиз раҳбари ёшларга қарата.

Мактабда ўқувчилар замонавий мобиль ва компьютер дастурларини ўрганиши, ўз устида ишлаб, тажриба ошириши учун робототехника ва электроника хоналари, инновацион ва виртуал лабораториялар ташкил этилган.

Президент ушбу билим даргоҳида Мирзо Улуғбек туманидаги IT-парк бўлинмасини ташкил этиш, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай марказлар очиб, бу соҳага қизиққан ёшларга кенг шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

– Ахборот-коммуникация технологияларини яхши билган бола кўчада бекор юрмайди, нима биландир машғул бўлади. Ёшларимизни шундай билимли мутахассислар этиб тарбияласак, оиласига, давлатга нафи тегади, – деди
Шавкат Мирзиёев.

Жорий йилда мактабнинг 5-11 синфларига 680 нафар ўқувчи математика ва чет тили синовлари асосида қабул қилинди. Педагогик жамоага Буюк Британия, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан ўқитувчилар жалб этилган.

Шундан сўнг Президентимиз Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб конференц-залида ёшлар билан учрашув ўтказди.

Йиғилишни видеоконференцалоқа шаклида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ёшлар, мутасадди раҳбарлар кузатиб борди.

Кейинги йилларда Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши тузилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, 30 июнь Ёшлар куни этиб белгиланди. Ҳозирда Иттифоққа аъзо бўлган ёшлар сони 7 миллион 690 минг.

Бугунги кунда барча соҳаларда билимли, сиёсий ва ижтимоий фаол, халқ манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўядиган, ҳалол ва жонкуяр ёш раҳбарларга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қила оладиган ёшлар масъулиятли вазифаларга тайинланаяпти.

Жойларда 8 нафар ёш авлод вакиллари ҳоким ўринбосари этиб тайинланган. Яқинда бўлиб ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 9 нафар йигит-қиз сайланган, маҳаллий кенгашларда ғалаба қозонганларнинг қарийб 10 фоизини ёшлар ташкил этади.

Бундан ташқари, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида жонбозлик кўрсатиб, мамлакатимизнинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга ҳисса қўшаётган 84 нафар ёшлар “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак
бунёдкори” медали билан тақдирланган.

– Ёшлар орасида “Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир, – деди Президент.

Учрашувда ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Юртимизда ёш раҳбарларни саралайдиган, уларнинг лаёқатига мос лавозимларни таклиф этадиган самарали механизм мавжуд эмаслиги қайд этилди.

– Раҳбарлик лавозимларига ҳар томонлама муносиб, ташаббускор, менга таянч ва суянч бўла оладиган ёшларни жамлайдиган “Ватан ифтихорлари” институтини жорий этсак, сизлар нима дейсизлар, – деди давлатимиз раҳбари. – Бу институтнинг асосий вазифаси ислоҳотларимиз ва катта режаларимизни ёшларга етказиш, жойлардаги муаммоларни кўтариш ва уларни ҳал қилишдан иборат бўлади.

Глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружлар ҳақида сўз борар экан, Президент маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган сўзларини ёдга олди.

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва бошқа раҳбарлар ёшлар сиёсати масаласига эътиборни янада ошириши лозимлиги қайд этилди. Жумладан, жамиятда ёшларнинг роли ва обрўсини кўтариш, уларга қулай шароит яратиш, ёшлар ташкилотлари орқали ёш авлод муаммолари ичига чуқурроқ кириш ва уларни ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.

– Ҳар бир ҳоким, туман ёки вилоят ҳокими бўлишидан қатъи назар, сектор раҳбарлари билан биргаликда ёшлар масаласини ўзи учун устувор вазифа қилиб олмас экан, жойларда бу борадаги ишларимизнинг натижаси самарали бўлмайди, – деди Президентимиз.

Аввало, “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари тажрибасини давом этириб, ҳар ҳафтанинг бир кунини Ёшлар масалаларини ечиш куни, ҳар 15 кунда икки кунни фақат ёшлар билан ишлаш куни этиб белгилаш лозимлиги таъкидланди.

Ҳокимлар ва мутасадди раҳбарлар ёшларнинг муаммолари билан танишиб, ҳар ойда бир марта маҳаллий кенгашлар сессияларида уларни муҳокама қилиши, халқ вакилларига ҳисобот бериши зарурлиги қайд этилди.

Мутасаддилар ёшларнинг бандлиги, уй-жой таъминоти, бўш вақтини мазмунли ўтказиши, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган талабини доимо ўрганиб, ечим топиши керак. Ёшлар мурожаатларини қайд этиш ва таҳлилини юритиш масалаларига алоҳида эътибор бериб, аниқ чоралар кўриши шарт.

Учрашувда Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг ҳар бир йўналишини туман ва шаҳарларда тизимли амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Ўтган йили мамлакатимизда буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ёш математиклар халқаро олимпиадаси муваффақиятли ўтказилган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу тажриба асосида физика бўйича Аҳмад Фарғоний, кимё фани бўйича Абу Райҳон Беруний, биология бўйича Абу Али ибн Сино, астрономия бўйича Мирзо Улуғбек номларидаги халқаро фан олимпиадалари ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этиш ташаббуси йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ёшлар аудиториясига йўналтирилган теле- ва радиоканаллар, босма нашрларни бирлаштириб, “Ёшлар медиа холдинги” ташкил этиш таклифи ҳам билдирилди.

– Янги Ўзбекистонни албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади, – деди Президент.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Давлатимиз раҳбари уларнинг таклифлари бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

ЎзА