« Back

Ўзбекистон Республикаси Президенти 20.02.2020 15:47

Ўзбекистон – Туркия:

ОЛИЙ ДАРАЖАДАГИ СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Анқара, 19 февраль. ЎзА махсус мухбири Матназар ЭЛМУРОДОВ хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан 2020 йил 19 февраль куни ушбу мамлакатга ташриф буюрди.

“Эсонбуға” халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Туркия ҳукумати аъзолари, Анқара музофоти ва шаҳри раҳбарияти ҳамда бошқа расмий кишилар кутиб олди.

Шавкат Мирзиёев хорижий ташрифлари чоғида албатта ўша мамлакатнинг табаррук зиёратгоҳларида бўлиб, улуғ сиймолари хотирасига ҳурмат бажо келтиради. Туркияга бу галги ташриф ҳам ана шу эзгу анъана билан бошланди. Давлатимиз раҳбари Анқара шаҳрида Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Туркия Республикасининг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк қабрига гулчамбар қўйди.

Турк халқининг ардоқли фарзанди, буюк давлат арбоби Мустафо Камол Отатурк мангу ором топган маскан халқ учун жуда қадрли. Йил давомида бу ердан зиёратчиларнинг қадами узилмайди.

Ушбу мажмуадаги музейда ўз мамлакати озодлиги учун курашган сиёсатчининг ҳаёти ва фаолиятига оид кўплаб ашёлар сақланади, музей заллари узра Мустафо Камол нутқлари янграйди, тарихий кадрлар намойиш этилади. Бу зиёратчиларга ўша даврлар руҳини ҳис қилишига имкон беради.

Мустафо Камол Биринчи жаҳон урушидан кейин парчаланиб, қарамликда қолган мамлакатни озод этган. 1923 йили мустақиллик эълон қилиб, ҳозирги Туркия Республикасига асос солган. Мамлакатнинг бугунги тараққиётини белгилаб берган сиёсий, ижтимоий ва маданий ислоҳотларни амалга оширган. 1934 йилда мамлакат парламентида уни Отатурк деб аташ қонунийлаштирилган.

Давлатимиз раҳбари музей билан ҳам танишди, мажмуанинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари Туркия Республикаси Президенти саройида бўлиб ўтди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон билан Туркияни муштарак тил ва тарих, ўхшаш маданият ва анъаналарга асосланган яқин дўстлик ва қардошлик муносабатлари бирлаштириб туради. Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олгани ҳам ана шу қардошликнинг юксак ифодаси бўлган эди. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. 2017 йил октябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга илк давлат ташрифи чоғида мамлакатларимиз ҳамкорлигини стратегик шериклик даражасига кўтарадиган Қўшма баёнот имзоланди.

Ўтган уч йилда алоқалар стратегик шериклик даражасига чиқди. Президентлар 7 марта учрашди. Олий даражадаги учрашув ва музокараларда мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу икки мамлакат ишбилармон доиралари учун қулай шароит яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга ошириш каби кўплаб йўналишларда ўз аксини топмоқда.

Ўтган йили сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўла ҳуқуқли аъзо бўлди. Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга қўшилишини барча туркий мамлакатлар, аввало, Туркия Республикаси қизғин қўллаб-қувватлади. Шу тариқа мамлакатларимиз учун яна бир халқаро тузилма доирасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик учун янги имкониятлар пайдо бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Туркий кенгашнинг Бокуда ўтган еттинчи саммити олдидан Тошкентда Туркий тилли давлатлар ишбилармонлар кенгаши мажлиси ва Инвестиция форуми ташкил этилди.

Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро манфаатли дўстона муносабатлар изчил ривожланмоқда. Барча даражадаги мулоқотлар кескин фаоллашди. Ўзбекистон ва Туркия халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини доимий қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Ҳудудлараро алоқалар жадал тус олди. Тошкент ва Анқара, Самарқанд ва Истанбул ўртасида амалий ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. Кейинги йилларда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити самарасида турк бизнеси вакиллари юртимиздаги фаолиятини кенгайтирди. 2019 йилда ўзаро савдо ҳажми 2,5 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Айни пайтда Туркия билан 500 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бундан уч йил олдин 20 миллион доллар ҳам бўлмаган. Ўтган йилнинг ўзида қўшма ширкатлар салкам 500 тага кўпайиб, қарийб 1 минг 300 тани ташкил этмоқда.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда. Жумладан, 2019 йилда автомобилда юк ташиш 33 фоизга, темир йўлда 17 фоизга, ҳаво қатновлари орқали 42 фоизга ошди. Бугунги кунда Истанбулдан Тошкент ва Самарқандга парвозлар амалга оширилмоқда. Келгусида Бухоро шаҳрига ҳам парвозлар режалаштирилган.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия ҳукуматлараро комиссияси иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ҳудудлар ва тармоқлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда. Айни пайтда икки мамлакатда харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни етказиб бериш ва узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш орқали ўзаро савдо ҳажмини муттасил ошириб бориш ва диверсификация қилиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.

Музокарада ўзаро манфаатли имкониятларни ишга солиш, янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишларини мунтазам ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Туркия ривожланган тўқимачилик саноати билан ҳам машҳур. Мамлакатимизда Туркиянинг етакчи компаниялари билан тўқимачилик корхоналари ташкил этиш ва етиштирилаётган пахтани тўлиқ қайта ишлаб, тайёр маҳсулот учун сертификатлашни жорий этиш ва жаҳон бозорига йўналтириш мўлжалланмоқда. Бунинг учун Эге, Окан ва Истанбул техника университетлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Учрашувда транспорт алоқаларини кенгайтириш, Туркия орқали Европага мультимодал халқаро ташувларни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. Интенсив боғдорчилик, балиқчилик, чорвачилик, наслчилик йўналишларида Туркиянинг илғор тажрибасини ўзлаштириш, университетлар ва илмий марказлар билан қўшма тадқиқотлар олиб бориш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашда маданий-гуманитар тадбирлар, турли фестиваллар муҳим ўрин тутади. Туркия маданияти ва санъати вакиллари Самарқандда ўтадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этади. Шунингдек, турк амалий санъати ва фольклори намояндалари юртимизда илк бор ўтказилган Халқаро мақом санъати анжумани, Ҳунармандчилик фестивалида ҳам ўз санъати ва маданияти намуналарини тақдим этди.

Соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳаларида, етакчи тадқиқот марказлари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ўтган йили Бухоро давлат тиббиёт институтида халқаро факультет ташкил этилиб, 131 талаба ўқишга қабул қилинганини қайд этиш ўринли. Туркия билан ҳамкорликда бундай қўшма таълим даргоҳларини кўпайтириш, ҳудудларда тиббиёт даражасини ошириш ва аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббий туризмни ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Президентлар Ўзбекистонда онкогематология, кардиожарроҳлик, офтальмология йўналишларида замонавий қўшма клиникалар ва диагностика марказлари ташкил этиш, кичик бизнес, тўқимачилик каби йўналишларда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, кластерлар учун мутахассислар тайёрлаш таклифи юзасидан фикр алмашдилар.

Сўнгги йилларда Туркиядан сайёҳлар оқими икки баробар ошди. Жумладан, ўтган йили 64 минг туркиялик сайёҳ мамлакатимизга ташриф буюрди.

Самимий руҳда ўтган учрашувда икки томонлама сиёсий мулоқот ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиш қатъий экани яна бир бор тасдиқланди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбарининг Туркияга ташрифи доирасида шу куни Анқара шаҳрида Олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Бу кенгаш икки томонлама муносабатлар тарихида янги мулоқот форматидир. У 2018 йили давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотига мувофиқ тузилган.

Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ҳамраислигида олиб боради. Сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт ва транзит, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, маданият, таълим, фан ва техника, инновациялар, соғлиқни сақлаш ва бошқа ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини белгилайди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Туркия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраислари эришилган натижалар тўғрисида мазкур кенгашга доимий ахборот киритиб боради. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ва Туркия ташқи ишлар вазирлиги кенгашнинг мувофиқлаштирувчи органлари ҳисобланади.

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон давлатимиз раҳбарини ташриф билан қутлаб, мамлакатларимиз парламентлари, давлат идоралари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди. Туркия ва Ўзбекистоннинг қўшма лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз делегациясига кўрсатилаётган меҳмондўстлик ва чексиз ҳурмат учун Туркия раҳбари ва халқига ташаккур изҳор этди.

– Бу учрашув стратегик шериклигимиз юксак бос­қичга кўтарилганининг яққол ифодасидир. Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда беш миллиард долларга етказишга қаратилган устувор вазифаларни бажаришда ҳам ушбу кенгаш, албатта, муҳим замин бўлади. Биз бугунги йиғилиш натижаларини мустаҳкамлаб, келгуси йили бўлиб ўтадиган учрашувнинг кун тартиби ва ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишлари ҳақида ҳозирдан ўйлашимиз мақсадга мувофиқ, – деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон билан Туркия ҳамкорлиги, айниқса, охирги уч йилда анча фаоллашди. Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрь ойида Туркияга ҳамда Режеп Таййип Эрдўғоннинг 2018 йил апрелда Ўзбекистонга давлат ташрифлари ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаб, самарали ҳамкорликка кенг йўл очди.

Изчил мулоқотлар ва муштарак интилишлар самараси ҳамкорлик ривожида яққол намоён бўлмоқда.

Икки давлат раҳбарларининг қўллаб-қувватлаши ва яратилаётган шароитлар натижасида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилишда Ўзбекистон ва Туркия савдо вазирлари сўзга чиқиб, икки томонлама ҳамкорлик ривожи тўғрисида батафсил ахборот берди.

Музокараларда мамлакатларимиз ҳамкорлигига оид барча масалалар ва уларнинг ечимлари, истиқболдаги асосий вазифалар ҳамда қўшма лойиҳалар келишиб олинди.

Шавкат Мирзиёев Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Режеп Таййип
Эрдўғонни Ўзбекистонга таклиф қилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши натижалари тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар. Шунингдек, иқтисодиёт, савдо, технологиялар соҳасига оид ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистон Президенти ташрифидан мамнун эканини билдирди.

– Илми, ижоди билан дунёга эзгулик улашган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Али Қушчи, Алишер Навоий каби буюкларимиз тупроқларидан салом келтирган бу инсонларнинг ташрифи биз учун жуда азиз ва қадрлидир. Ўзбекистон билан муносабатларимиз мустаҳкам қардошлик ришталарига таянган ҳолда, стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қадрлаймиз, – деди Туркия Президенти.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши дўстона алоқалар тарихида янги саҳифа очгани, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларга оид кўплаб масалалар атрофлича муҳокама қилинганини таъкидлади.

– Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи мулоқотимизнинг марказий мавзуларидан бири бўлди. Туркиянинг етакчи компаниялари билан қиймати бир миллиард доллардан ортиқ бўлган янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бу жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олдик, – деди давлатимиз раҳбари.

Аксарият минтақавий ва халқаро муаммолар борасида, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасидаги ҳамкорликка оид ёндашувлар муштарак экани таъкидланди. Замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда ҳам мулоқотни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Маърифий исломни тарғиб этиш, маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида биргаликда тадбирлар ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

– Қардош халқларимиз тараққиёти, тинч ва фаровон ҳаёти йўлида ривожланиб бораётган анъанавий дўстлик, кенг қамровли ҳамда истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни янги босқичга кўтариш учун барча имкониятларимизни сафарбар этишга тайёрмиз. Айнан шу тамойиллар мулоқотимиз якунида имзоланган Қўшма баёнотда ўз ифодасини топди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида 20 февраль куни Туркиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашиши, Туркия Республикаси Президенти кутубхона мажмуасининг очилиш маросимида қатнашиши режалаштирилган. Мазкур тадбирлар Туркия билан иқтисодий ҳамкорликда янги саҳифа очади, зиё масканига ташриф халқларимизнинг ўз келажагини юксак маънавият, ўлмас ахлоқий қадриятлар, билим ва маърифат орқали кўраётганининг намоёни бўлади.

ЎзА