« Back

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚАРОРИ 06.05.2020 13:23

Транспорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Республика транспорт соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида тубдан такомиллаштириш, ўқув жараёнига ўқитишнинг инновацион шакл ва методлари ҳамда замонавий педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, тармоқ таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва илмий салоҳиятини янада ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳамда Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультети негизида Тошкент давлат транспорт университетини (кейинги ўринларда – Университет) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Белгилаб қўйилсинки, Университет:

транспорт соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади;

илғор халқаро таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурларига мувофиқ 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб таълимнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этади;

Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳамда Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда Тошкент давлат техника университетининг авиакосмик технологиялари факультетига оид ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига идоравий жиҳатдан бўйсунади.

Университет ҳамда Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳузуридаги Белорусь давлат техника университети билан биргаликда ташкил этилган қўшма Ўзбекистон – Белорусь факультети Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Адилходжаев кўчаси, 1-уй манзили бўйича текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

3. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

транспорт соҳаси эҳтиёжларидан келиб чиқиб, меҳнат бозоридаги рақобатбардош олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни, шунингдек, оммавий касб мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

транспорт соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион изланиш ва тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг натижаларини, шу жумладан, рақамли ва бошқа замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, Университет профессор-ўқитувчиларининг малакасини оширишни ҳамда битирувчиларни чет элда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини ташкил этиш мақсадида етакчи хорижий олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантириш;

транспорт соҳаси учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратиш, тизимдаги академик лицей ҳамда соҳанинг профессионал таълим муассасалари таълим дастурларининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш;

ўқув жараёнида назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида транспорт соҳасидаги ташкилотлар билан биргаликда талабаларнинг амалиётларини тегишли соҳа ташкилотларида ташкил этиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш.

4. Белгилансинки, Университетда ўқув жараёни 2020/2021 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни қабул қилиш сони ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги икки ой муддатда Университетни стратегик ривожлантириш масалалари бўйича ректорнинг биринчи ўринбосари лавозимига малакали хорижий мутахассис тайинланишини таъминласин.

6. Қуйидагилар:

2020-2023 йилларда Тошкент давлат транспорт университетида кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш ҳамда илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари дастури 1-иловага мувофиқ;

Тошкент давлат транспорт университетига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин бериладиган ҳамда тегишли коммунал ва фойдаланиш харажатларини қоплаган ҳолда “ноль” ставкадаги ижара тўлови асосида бериладиган объектлар рўйхати 2 ва 3-иловаларга мувофиқ;

Тошкент темир йўл муҳандислари институтидан Тошкент давлат техника университетига кўчириладиган таълим йўналишлари рўйхати 4-иловага мувофиқ;

Тошкент давлат транспорт университетининг Васийлик кенгаши таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Меҳржон кўчаси, 12-уйда жойлашган Ёшлар марказининг биноси (собиқ Тошкент темир йўл муҳандислари институти қошидаги 2-сон академик лицей) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин берилсин.

8. Университет Васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Университетнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва самарали фаолиятини таъминлаш учун молиявий ёрдам ташкил этиш, бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

битирувчиларнинг касбий тайёргарлигини ошириш ва иш билан таъминлаш бўйича кадрлар буюртмачилари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш;

таълим ва илм соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва амалга оширишда кўмаклашиш;

олий таълимни ривожлантиришга қаратилган янги шакл ва дастурларни қўллаб-қувватлаш ва илмий-тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга жорий этишни ривожлантириш;

биноларни қуриш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун зарур молиявий маблағлар жалб этилишини, замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер ва бошқа ташкилий техника, кутубхона фонди билан жиҳозланишини таъминлаш.

9. Университетга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги билан келишилган ҳолда таълим йўналишларига ўзгартириш киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, ўқув режалари ва дастурларини, битирувчиларга қўйиладиган малака талабларини ўқув жараёнининг транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар билан узлуксиз боғлиқлиги таъминланишини ҳисобга олган ҳолда, мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

кредит-модуль тизимини ўқув жараёнига жорий этиш борасида профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини мустақил меъёрлаштириш, шунингдек, педагог ходимлар томонидан ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишлари, “устоз-шогирд” тизими бўйича ишларнинг бажарилишини рағбатлантириб бориш;

Университет профессор-ўқитувчиларининг Scopus ва Web of Science каби маълумотлар базасига кирган халқаро илмий журналларда илмий мақолалар чоп этиш сарф-харажатларини молиялаштириш;

Университет фаолияти йўналишлари бўйича маслаҳат ва эксперт-таҳлилий хизматларни шартнома асосида кўрсатиш, шунингдек, Васийлик кенгаши билан келишилган ҳолда тақдим этиладиган хизматларни самарали амалга ошириш мақсадида илмий-тадқиқот ва инновацион хизматлар тузилмаларини шакллантириш;

бакалавриат, магистратура ва докторантура йўналишлари бўйича етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни ташкил этиш;

иш берувчилар талабларини инобатга олган ҳолда ўқув режаларидаги назарий таълим улушини қисқартириш ҳисобига амалий машғулотлар ҳажмини ошириш, ҳафтада бир кунлик амалиёт тажрибасини қўллаш;

хорижий мутахассисларни консультант, маслаҳатчи ва ўқитувчилар сифатида жалб қилиш ва уларга меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маош ҳамда бошқа тўловларни белгилаш ва тўлаш;

Университетда беш йил давомида ишлаб бериш шарти билан иқтидорли талабалар ва етакчи профессор-ўқитувчиларнинг хорижий олий таълим муассасаларида ўқиши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатларни Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаш;

Университет ҳудудида жойлашган бино ва иншоотларни ижарага бериш ва ундан тушадиган маблағларни электрон савдо майдончаси операторига тўланган тўлов чегирилгандан кейин Университетнинг бюджетдан ташқари жамғармасига тўлиқ йўналтириш.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Тошкент темир йўл муҳандислари институтидан Тошкент давлат техника университетига кўчирилаётган 4-иловадаги таълим йўналишлари бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг ўқиши Университет ёки Тошкент давлат техника университетининг мос ёхуд турдош таълим йўналишларига 2019/2020 ўқув йили якунлангандан сўнг белгиланган тартибда кўчирилишини таъминласин.

11. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

а) жорий сақлаш билан боғлиқ қисми бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) қурилиш ишлари қисми бўйича ҳар йилги Инвестиция дастурида белгиланган тартибда йўналтириладиган маблағлар.

12. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Университет жойлашган ҳудудда 2020-2022 йилларда янги ўқув биноси, талабалар турар жойи ва ахборот-ресурс маркази биноларини (кейинги ўринларда – Университет бинолари) қуриш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда:

а) жорий йилда Университет бинолари лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қуриш ишларини бошлаш учун:

2020 йилги Инвестиция дастури доирасида Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти учун назарда тутилган маблағлар институтда жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра бажарилган қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича якуний ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан сўнг йўналтирилишини таъминласин;

қўшимча талаб этиладиган маблағлар бўйича 2020 йилги Инвестиция дастури доирасида марказлашган капитал қўйилмаларнинг иқтисод қилинган қисмини қайта тақсимлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

б) 2021 йил ва келгуси йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини шакллантиришда ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Университет биноларини қуриш ишлари учун марказлашган капитал қўйилмалар лимитлари ажратилишини таъминласин.

13. Университет биноларини қуриш ишлари бўйича:

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси – буюртмачи этиб белгилансин;

бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотлар қонунчиликда белгиланган тартибда тендер (танлов) савдолари орқали аниқлансин.

14. Белгилаб қўйилсинки, Университет фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Транспорт вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

15. Тошкент темир йўл муҳандислари институти ҳамда Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтининг академик лицейлари негизида Тошкент давлат транспорт университетининг академик лицейи ташкил этилсин.

Белгилансинки, Академик лицей:

Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Гулистон мавзеси, 21а-уй манзилида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади;

фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

16. Келгусида меҳнат фаолияти хусусиятлари ва ўқув амалиёти, транспорт воситаси ҳаракати ҳамда инсонлар ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлган таълим йўналишлари бўйича Университетга ўқишга ҳужжат топширишдан олдин абитуриент ва талабаларни темир йўл транспорти йўналиши бўйича “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг ҳудудлардаги темир йўл поликлиникаларида ташкил этилган ихтисослаштирилган тиббиёт комиссиясида, шунингдек, ҳаводаги ҳаракатни бошқариш йўналиши бўйича “Uzbekistan Аirports” акциядорлик жамияти тиббий-санитария бўлимининг врачлик-учувчилик эксперт комиссиясида кўрикдан ўтказиш тартиби сақлаб қолинсин.

17. Университет ходимларининг ташаббускорлиги ва моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида Университетда юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари жамғарма (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.

18. Белгилансинки:

а) Жамғарма маблағлари тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари”, “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятларининг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан шакллантирилади;

б) Жамғарма маблағлари Университет профессор-ўқитувчилари, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишловчи профессор-ўқитувчилари, бошқарув, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондининг 200 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устамаларни тўлашга йўналтирилади;

в) Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби, шу жумладан, ҳар ойлик устамаларни белгилаш мезонлари Васийлик кенгаши билан келишилган ҳолда Университет ректори томонидан белгиланади;

г) Университетнинг бошқарув, профессор-ўқитувчилари, илмий, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда қуйидаги ҳажмларда ҳар ойда қўшимча пул тўланади:

3 йилдан 5 йилгача – 0,15;

5 йилдан 10 йилгача – 0,2;

10 йилдан 15 йилгача – 0,3;

15 йилдан ортиқ – 0,4.

19. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов ва Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Э.М.Ганиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2020 йил 4 май