« Back

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚАРОРИ 05.08.2020 12:14

Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ва ёрдамнинг манзиллилигини янада ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда.

Хусусан, жаҳонда бўлиб ўтаётган коронавирус пандемияси аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қисқа муддатларда аниқлаш ва уларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали инструментлари бўлишини тақозо этмоқда.

Шу билан бирга, ушбу соҳада зарур идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғозда иш юритишдан воз кечиш, давлат ижтимоий хизмати ёки ёрдамини тақдим этиш вақтини қисқартириш имкониятини бермаяпти.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида:

1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

2019 йилнинг 1 октябридан Сирдарё вилоятида тажриба лойиҳаси доирасида бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам (кейинги ўринларда – ижтимоий нафақалар) тайинлашни кўриб чиқиш ва белгилаш тартиб-таомиллари “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси гранти асосида бериладиган молиявий, техник ва эксперт кўмаги асосида амалга оширилмоқда;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини республика бўйлаб жорий этиш учун компьютер ускуналари ва периферия қурилмаларини сотиб олиш Жаҳон банки имтиёзли кредити ҳисобига амалга оширилади;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими эгаси ва фойдаланувчиси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобланади.

2. Белгилансинки:

2020 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари 1-иловага мувофиқ босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида амалга оширилади;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими “Электрон ҳукумат” тизимининг таркибий қисмидир;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда – шахсий идентификация рақами) “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида жисмоний шахснинг идентификатори ҳисобланади;

давлат ижтимоий хизматлари ёки ёрдамини тақдим этиш доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро электрон ҳамкорлиги “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграцион платформаси орқали амалга оширилади.

3. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгилансин:

идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаш воситасида ўзаро ҳужжат алмашиш жараёнини автоматлаштириш орқали давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этиш учун зарур бўлган маълумотнома ва тасдиқловчи ҳужжатлар сонини тубдан қисқартириш;

белгиланган мезонларга мувофиқ кам таъминланган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасини объектив баҳолаш, давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этиш жараёнларини автоматлаштириш орқали қарорларни қабул қилишда субъектив ёндашувни бартараф этиш;

аҳолининг эҳтиёжманд тоифаси таркиби ўзгариши динамикаси мониторинги ва таҳлилини юритиш, уларни баҳолаш мезонларини республика ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш;

давлат ижтимоий хизматлари ва ижтимоий ёрдам олувчиларнинг доимий янгиланиб турадиган ягона маълумот базасини шакллантириш;

манфаатдор вазирлик, идоралар ва ташкилотларнинг ўзларига юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришда хизматларни бепул ёки имтиёзли асосда тақдим этиши учун маълумот билан таъминлаш.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 2-иловада назарда тутилган ҳужжатлар ва маълумотлар фуқаролардан талаб этилишига йўл қўйилмайди;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали белгиланган тартибда кам таъминланган деб эътироф этилган шахслар ёки оилалар қўшимча ҳужжатлар ва маълумотномаларни тақдим этмасдан 3-иловага мувофиқ хизматлар ва имтиёзларни ҳам олишга ҳақлидир;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлик тўғрисида маълумотнома ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади ва ўн икки ой давомида амал қилади.

5. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими, манфаатдор вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари ўртасида ўзаро электрон ҳамкорликни янада яхшилаш ва кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Дастур ижроси устидан доимий мониторинг ўрнатсин ва чора-тадбирларни бажариш муддатларининг бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг вазирлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, унинг ҳудудий бўлинмалари ва туман (шаҳар) бўлимларига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий этилишини ва фаолият кўрсатишини таъминлаш учун 5-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланадиган штат бирликларини ажратиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Белгилансинки, мазкур қарорнинг 5-иловасида кўрсатилган штат бирликларининг:

200 таси меҳнат органларининг инспекторлар ва мутахассислари штат бирликлари;

125 таси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тизими штат бирликлари;

100 таси Давлат солиқ хизмати органлари штат бирликлари мақбуллаштирилиши ҳисобидан ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратида тасдиқланган штат бирликлари доирасида фуқароларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали ижтимоий нафақаларни тайинлашга оид мурожаатлари ва шикоятларини қабул қилиш бўйича шўъбаси ташкил этилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 2021 йилнинг 1 январига қадар “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (кейинги ўринларда – ФҲДЁ органлари) архивларида қоғоз ташувчиларда сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базаларини шакллантирилишини таъминласин.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги 2020 йил 1 сентябрга қадар ФҲДЁ органлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланадиган ҳужжатлар электрон маълумотлар базаларини шакллантириш учун зарур бўладиган қўшимча ходимларни вақтинча ишга жалб этиш ва уларни жойлаштириш чораларини кўрсин, уларга зарур бўлган компьютер ва бошқа оргтехника воситалари, офис жиҳозлари, канцелярия товарлари, телефон ва интернет алоқаси билан таъминласин, шунингдек, архив ҳужжатлари билан ишлаш тартибига қатъий риоя қилинишини назорат қилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ФҲДЁ бўлимлари архивларида қоғоз ташувчиларда сақланадиган ҳужжатлар электрон маълумотлар базаларини шакллантириш, шунингдек, шартнома асосида ходимларни вақтинчалик жалб этиш ҳамда зарур компьютер ва бошқа оргтехника воситаларини харид қилиш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан 30 миллиард сўм маблағ ажратилишини таъминласин.

Белгилансинки:

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан мазкур қарор доирасида компьютер ва бошқа оргтехника воситалари, истисно тариқасида, энг яхши таклифларни танлаб олиш орқали харид қилиниши мумкин;

“ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимида ФҲДЁ органларининг архивларида қоғоз ташувчиларда сақланадиган ҳужжатлар электрон маълумотлар базаларини шакллантириш бўйича тадбирлар тўлиқ якунлангандан кейин, ушбу қарор доирасида харид қилинган компьютер ва бошқа оргтехника воситалари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг тақсимотига мувофиқ тегишли туманлар (шаҳарлар) умумтаълим муассасаларига белгиланган тартибда беғараз ўтказиб берилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашган платформаси орқали “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими билан идоравий ахборот тизимлари ва ресурслари ўртасида сифатли ва тўлақонли ахборот алмашинувини таъминласин, бунда Молия вазирлигига ҳар томонлама, шу жумладан, зарур техник кўмак берсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2020 йил якунига қадар Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш” лойиҳаси доирасида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими тўлақонли ва сифатли ишлаши учун зарур бўлган серверлар, компьютер ва бошқа техника воситалар, асбоб-ускуналарни сотиб олишни;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими функционал имкониятларини кенгайтириш;

“ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимида ариза берувчининг оила аъзолари таркибини аниқлаш функцияси жорий этилганидан сўнг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими томонидан ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун аризаларни электрон тарзда онлайн режимида қабул қилинишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар маълумотлар тақдим этиш махфийлиги ва ёпиқлигини таъминлаш асосида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номига олинган пул ўтказмалари ва очилган депозит ҳисобварақларидаги қолдиқлари тўғрисидаги маълумотларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинганда ариза берувчилар ва уларнинг муомалага лаёқатли оила аъзолари розилиги билан тақдим этиш имкониятини яратиш тавсия этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ўзларининг ҳамда таркибидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимлари, уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва болалари) томонидан ижтимоий нафақалар ва кам таъминланган оилалар учун назарда тутилган бошқа давлат ижтимоий хизматларини олиш учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аризалар тақдим этишини чеклаш ва уларнинг кўриб чиқилишига йўл қўймаслик чораларини кўрсин.

12. Махфий.

13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги 2021 йил 1 январга қадар “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимидаги фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларига фуқароларга тегишли бўлган шахсий идентификация рақамини бириктириш орқали ариза берувчининг оила аъзолари таркибини аниқлаш функцияси жорий этилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда, ижтимоий нафақаларни тайинлашда устуворлик даромади нисбатан пастроқ бўлган оилаларга берилиши назарда тутилсин;

икки ой муддатда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этишнинг ягона тизимини жорий этиш, ижтимоий нафақаларни, хизматларни ва ёрдамни тайинлашда асос қилиб олинадиган муҳтожликни аниқлаш мезонларини такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилингунга қадар Сирдарё вилоятининг кам таъминланган оилаларига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилсин.

15. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ушбу қарор мақсади ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида кенг ёритилишини таъминласин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 
Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2020 йил 4 август