« Back

ЎзЛиДеП 04.12.2019 16:19

ХАЛҚ БОЙ БЎЛСА, ДАВЛАТ ҲАМ БОЙ ВА ҚУДРАТЛИ БЎЛАДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси юртимиздаги муҳим сиёсий жараён — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловолди жараёнларида “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида янгича ғоя, янгича қарашлар билан фаол иштирок этмоқда.

2003 йил 15 ноябрда партиянинг илк таъсис съезди ўтказилган бўлиб, ўтган ўн олти йил ичида ушбу партия уч карра парламент ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловларда етакчи, уч марта партиядан кўрсатилган номзодлар Президент сайловларида ғолиб бўлди.

2016 йил декабрда Президент сайловида партиядан кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини халқимиз якдиллик билан қўллаб-қувватлади.

Партия юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт, барча соҳада қўлга киритилаётган ютуқ ва натижалар Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стартегиясида белгиланган амалий ишлар натижаси эканини эътироф этади.

Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги — миллий юксалиш, яъни мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори поғонага кўтариш босқичига дадил қадам қўймоқда. Барча соҳада модернизациялаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. Давлатимиз, эл-юртимизнинг салоҳияти ва куч-қудратига таяниб, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиб, партия ўз олдига қўйган эзгу мақсадлар сари изчил қадам ташламоқда. Шундай халқчил, шиддатли ислоҳотлар даврида партия мамлакатимиз сиёсий майдонида мустаҳкам ўрин эгаллади.

Сарҳисоб

Бугунги кунда партия мураккаб вазифаларни зиммасига оладиган, мамлакатимиз ва халқимизнинг стратегик манфаатлари йўлида ҳаракат қилишга қодир сиёсий куч сифатида ўзини кўрсатмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида партия дастурларида қўйилган мақсад ва вазифалар ижросига қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди.

Иқтисодиётимизда барқарор юқори ўсиш суръатларига эришилмоқда, саноат, савдо, қурилиш соҳаларида ривожланиш жадаллашмоқда, ишлаб чиқаришга хорижий инвестициялар, замонавий техника ва технологиялар кенг жалб этилмоқда.

Партия дастуридаги давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, мамлакатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича қатор долзарб вазифалар изчил амалга оширилмоқда.

Хусусий мулк ва тадбиркорлик учун кенг шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Макроиқтисодий барқарорлик таъминланмоқда. Валюта бозори либераллаштирилди. Қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бу эса мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч нуқтасига айланган хусусий секторнинг янада жадал ривожланишига хизмат қилмоқда.

Партиянинг муҳим вазифаси — кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашда бу соҳа ҳиссасини янада ошириш учун қулай шарт-шароит яратиб беришдан иборат.

Нега деганда, тадбиркор нафақат ўзи ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Бинобарин, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.

Ялпи ички маҳсулотда хусусий секторнинг улуши ортиб бормоқда. Кейинги йилларда яратилган қулай шароит, хусусий мулк манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик базаси тадбиркорларнинг эркин фаолият олиб бориши учун мустаҳкам замин яратди. Жаҳон банкининг “Doing Business — 2020” рейтингида Ўзбекистон 69-ўринни, “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича эса 190 та давлат орасида 8-ўринни эгаллагани ҳам бунга далолат.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор бериляпти. Биргина шу йилнинг ўзида “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида 7,2 трлн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 59,1 фоизга етди. Республикамизда иш билан таъминланган жами аҳолининг 78 фоизи хусусий секторда банд.

Тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Бунинг учун барча иқтисодий ва ижтимоий дастурлар, инвестиция лойиҳалари, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар марказида ана шу каби муҳим вазифалар турибди.

Партиянинг хорижда ишлаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббуси давлатимиз раҳбари ва хал-қимиз томонидан қўллаб-қувватланди. Чет элда меҳнат қилаётган фуқароларимиз оилаларини арзон уй-жой билан таъминлаш, уларга субсидиялар ажратиш ва ҳимоялаш бўйича зарур шароитлар яратилмоқда.

Халқимизни ҳаётдан рози қилиш ва фаровон турмушини таъминлаш борасида давлатимиз
раҳбари ташаббуси билан “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Yoshlar — kelajagimiz”, “Беш муҳим ташаббус” каби дастурлар амалга оширилмоқда.

Таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Янги шифохоналар, тиббиёт марказлари, оилавий ва хусусий клиникалар фаолияти йўлга қўйилмоқда, давлат-хусусий шериклик, хусусий секторнинг иштироки кенгайиб бориши рағбатлантирилмоқда.

Партия давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонлар, ёшлар, хотин-қизлар, кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоя қилишда фаол иштирок этиб келмоқда.

Албатта, ўз вақтида қабул қилинган кўплаб муҳим Фармон ва қарорлар, ҳукуматимизнинг қатъият ва ташаббускорлик билан иш олиб бораётгани ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Бу борада партия депутатлик корпусининг, айниқса, парламентдаги фракциясининг алоҳида ўрни бор. 2015 — 2019 йиллар давомида O‘zLiDeP фракцияси аъзоларининг ташаббуси билан 90 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари фаоллиги ҳам ошгани сезилмоқда. Улар томонидан 11 057 маротаба эшитув ташкил этилган, 44 035 та депутатлик сўрови юборилган, 2 290 та назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилган, маҳаллий Кенгашлар доимий комиссияларига 5000 га яқин таклифлар киритилган.

O‘zLiDeP ўз ғоялари тарғиботига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада партиявий лойиҳалар муҳим ўрин тутмоқда. Сайловлар оралиғида партиянинг “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” томонидан 30 дан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилди.

200 дан зиёд ёш олимлар иштирокида “Ёш олимлар лигаси”, “Янги авлод кадрлари” лойиҳалари орқали йигит-қизларимизнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этишга кўмаклашилди.

28 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик ҳақидаги меморандум имзоланиб, унинг доирасида 22 321 талаба тўғрисида маълумот шакллантирилди, шундан 860 нафари O‘zLiDeP таркибига қабул қилинди ва 697 нафари партиянинг истиқболли кадрлар захирасига киритилди.

Аҳоли яшайдиган пунктларнинг 61 тасида “O‘zLiDeP кутубхонаси” ташкил этилиб, кутубхоналар фонди 63 693 та китоб билан бойитилди. “Парламентда менинг ўрним” мақсадли лойиҳаси орқали ёшларни парламент фаолияти билан яқиндан таништириш, янги қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва қабул қилиш жараёнига жалб этиш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга эришилмоқда. Мазкур лойиҳада фаол иштирок этган 850 нафар йигит-қиз партиянинг кадрлар захирасига киритилди.

Ёшларни фермерлик ҳаракатига фаол жалб қилишга кўмаклашиш мақсадида партия “Ёш фермер” республика кўрик-танловини ташкил этди. Бу кўрик-танловда 14 384 нафар ёш фермер қатнашди. Ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган “Start up” партиявий лойиҳасида ёшлар томонидан ишлаб чиқилган бир қатор инновацион ва истиқболли ғоялар қарийб 16 млрд. сўм миқдоридаги кредитлар эвазига молиялаштирилди.

Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган “Бунёдкор аёллар”, “Соғлом оила — мустаҳкам оила”, “Фаровон оила” каби лойиҳалар, айниқса, “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови оммавийлиги билан ажралиб турди.

Ушбу лойиҳалар доирасида беш йиллик ҳисобот даврида 19 935 та тадбир ташкил этилиб, уларда 1 млн. 255 мингдан ортиқ хотин-қизлар қамраб олинган.

Қисқача айтганда, 2015 — 2019 йилларда бошланғич партия ташкилотлари ва партия аъзолари ўсиши, уларнинг сифат таркибини яхшилаш бўйича бир қатор ижобий ишлар рўёбга чиқарилди.

Шу давр мобайнида партия сафларини сифат жиҳатидан мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланди ва иш сон эмас, сифат тамойили асосида ташкил этилди. Аъзоларни партияга қабул қилиш, янги бошланғич партия ташкилотлари(БПТ)ни тузиш тартиби қайта кўриб чиқилди, партия сафларига аъзоликка қабул қилиш бўйича онлайн тизим яратилди.

2015 йили партиянинг бошланғич ташкилотлари 9 329 тани ташкил этган бўлса, 2019 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, уларнинг сони 12 723 тага етди. Бу даврда БПТларимиз 3 394 тага ёки 36 фоизга кўпайган. Партия аъзолари сони 248 379 нафардан 754 820 нафарга етди. Партия аъзоларининг сафи деярли 3 баробар ортган.

Партия аъзоларининг сифат таркибида ўзгаришлар катта бўлди: хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари икки баробар кўпайган ҳолда 215 534 нафарни ташкил этмоқда. Партия аъзоларининг 387 515 нафари ёки 51 фоизи ёшлардан иборат бўлса, 312 631 нафари ёки 42 фоизини аёллар ташкил этади.

Қулайликлар яратиш мақсадида партия веб-сайтида онлайн аъзолик жорий этилди, 26 мингга яқин партия аъзолари бу имкониятдан фойдаланди.

Партия бошланғич партия ташкилотларини кўпайтириб, участкаларни тўлиқ қамраш бўйича вазифаларни уддалади. Ҳозирги вақтда республика бўйича 10 137 та сайлов участкаси бўлса, партияда 12 723 та БПТ бор. Яъни тўлиқ қамраб олиш имконияти мавжуд. Бу эса Қонунчилик палатасига 150 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 831 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларига 5 738 нафар депутатликка партия номзодларининг сайловларда муносиб қатнашишини таъминлаш имконини беради.

Сайловолди дастуридаги
5 та йўналиш бўйича устувор вазифалар

O‘zLiDeP Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясидаги кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлини оғишмасдан, қатъий ва изчил давом эттириш, эркин, демократик, инсонпарвар давлат қуриш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтириш ва янада равнақ топтиришни ўзига асосий дастуруламал этиб белгилаб олган. Шунинг учун ушбу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилган O‘zLiDeP IX съездида тасдиқланган сайловолди дастуридаги 5 та йўналиш бўйича устувор вазифалар қуйидагиларни ўз ичига қамраб олади:

 

БИРИНЧИ ЙЎНАЛИШ:

— истиқболда изчиллик билан сайловларнинг пропорционал тизимига ўтиш, “Электрон парламент” ва “Электрон халқ депутатлари кенгаши” концепцияларини ривожлантириш;

— бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, “Электрон ҳукумат” концепциясини изчил амалга ошириш;

“рақамли ва ахборот жамияти” шаклланиши шароитида давлат ва жамият бошқарувининг барқарорлигини, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;

— давлат хизматига замонавий фикрлайдиган, янгича тафаккурга эга ёш авлод кадрларини жалб этиш, бошқарувнинг инновацион, янада мослашувчан моделларини, шу жумладан, лойиҳа моделини (Agile, Scrum, Kanban, PRINCE2 ва бошқа) ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

 

ИККИНЧИ ЙЎНАЛИШ:

— судлар мустақиллигини амалда таъминлаш учун бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ортиқча ваколатларини оптималлаштириш;

— жиноят қонунчилигини қайта кўриб чиқиш, халқаро амалиётни чуқур ўрганиб, демократик ва либерал қонунчилик тамойилларига мувофиқ бўлмаган миллий жиноят қонунчилигимизнинг санкцияларини инсонпарварлик тамойиллари асосида либераллаштиришни изчил давом эттириш;

— адвокатура соҳасига аралашувлардан бутунлай воз кечиш, адвокат мақомини олиш учун қўйилган стажировка муддати ҳақидаги талабни бутунлай бекор қилиш;

— нодавлат нотариатни кенг йўлга қўйиш, нотариатда квота деган эскича, ўзини оқламаган қараш ва тизимдан бутунлай қутулиш, нотариал ҳаракатларнинг масофадан туриб, интерактив — электрон хизмат кўринишидаги фаолият соҳасини кенгайтириш;

— олий юридик таълим даргоҳларини кўпайтириш.

 

УЧИНЧИ ЙЎНАЛИШ:

— тадбиркорликка оид барча қонун ва қонуности ҳужжатларини тўлиқ инвентаризация қилиш ва унификациялаш ҳамда Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш;

— Ўзбекистоннинг “Бизнесни юритиш”, глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 мамлакати қаторидан ўрин эгаллашини таъминлаш, 2030 йилгача иқтисодиётда саноат улушини икки баробар ошириш;

— инвестиция фаолиятига оид 10 га яқин қонунларни унификациялаш, инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашнинг соддалаштирилган тизимини жорий этган ҳолда ягона Инвестиция кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш;

— қишлоқ хўжалиги кластерларини, кўп тармоқли фермер хўжаликларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, ишлов бериш, транспортда ташиш ва сотиш (экспорт қилиш) бўйича кичик ишлаб чиқариш корхоналари (“қишлоқ хўжалиги хаблари”) тармоғини ривожлантириш ҳамда “Кластерлар фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;

— жаҳон “Тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган бир паллада Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини ошириш, мамлакатнинг инновацион тараққиётини жадаллаштириш, “билимлар иқтисодиёти” ва “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш;

“Ҳар бир оила — тадбиркор” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, жамиятда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, “Тадбиркорлар академияси”ни, соҳага қизиқаётган ёшлар учун эса консалтинг марказларини ташкил қилиш;

2020 — 2025 йилларда республикада хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;

— илмий-техник ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ қилишни тезлаштириш ва инновацион маҳсулотларни халқаро бозорга чиқариш тизимининг барқарор занжирини яратиш ва ривожлантириш мақсадида “Венчур тадбиркорлиги” ёки “Венчур молиялаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

 

ТЎРТИНЧИ ЙЎНАЛИШ:

— аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш эвазига иш ўринларини яратишнинг комплекс чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

— ёшларга доир давлат сиёсатини оғишмасдан давом эттириш;

— ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсон бўлиб камол топиши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этиш;

профессионал ва хусусий таълимни изчил ривожлантириш;

— соғлиқни сақлаш тизимини дунёдаги пеш-қадам марраларга олиб чиқиш, унинг инновацион ва инсон капиталини кўпайтириш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида тиббиёт сифатини тубдан яхшилаш;

— хусусий мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, профессионал хусусий таълимни янада ривожлантириш “бутун умр давомида таълим олиш” концепциясини жорий қилиш;

 

БЕШИНЧИ ЙЎНАЛИШ:

— диний экстремизмга қарши кураш сиёсати, энг аввало, “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Маърифат ва таълим — тинчлик ва бунёдкорлик йўли” тамойилларини ҳаётга изчил татбиқ қилиш асосида олиб борилишини қўллаб-қувватлаш;

— мамлакатимиздаги турли миллат ва элатлар, фуқаролар тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек асраш;

— юртимизда виждон ва эътиқод эркинлиги, турли миллат вакилларининг ҳуқуқларини тенг кафолатлаб, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш;

— диёримизда 130 дан зиёд миллат ва элатлар вакиллари ўзаро ҳамжиҳат яшаши, мавжуд барча конфессияларга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритишига амалий ҳисса қўшиш;

— жамиятимиздаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, қайси миллат, дин ва эътиқодга мансублигидан қатъи назар, фуқаролар учун тенг ҳуқуқларни таъминлаш.

Сайловга саноқли кунлар қолди. Бу муҳим сиёсий жараёнда ғолиб бўлиш учун O‘zLiDeP ва унинг барча аъзосида етарли имконият, куч ва салоҳият бор. Шу кунларда ҳар бир юртдошимиз, айниқса, бўлажак сайловда биринчи марта қатнашиши кутилаётган 2,5 миллион йигит-қиз O‘zLiDeP партиясига жуда катта ишонч билан қараб турибди. Бу ишончни оқлашдан, юртдошларимиз учун янада қулай
шароитлар яратиш, фаровон ҳаёт барпо этиш жараёнида фаол иштирок этишдан каттароқ бахт борми?!

Ўзбекистондек жаннатмонанд юртда яшаш, халқимизнинг бахту саодатига шерик бўлиш, ҳеч шубҳа йўқки, ҳар бир партия аъзоси зиммасига жуда катта масъулият юклайди. O‘zLiDeP сайловолди платформаси учун

“Мақсадимиз ойдин ва унга эришишнинг аниқ йўлларини биламиз”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган эзгу сўзларни шиор қилиб танлагани бежиз эмас.

Бугун O‘zLiDeP Ўзбекистоннинг сиёсий саҳнасида энг кўп аъзо ва тарафдорларига эга бўлган, фаровон ҳаётни таъминлашда етакчи роль ўйнайдиган халқчил партияга айлана олди. Шундай экан, бўлажак сайловларда партия 754 мингдан зиёд аъзолари, асосий ғоя ва мақсадларига хайрихоҳ миллионлаб юртдошларига ишонади.

Улуғбек ИШАНХОДЖАЕВ,

ЎзЛиДеП Тошкент шаҳар Кенгаши аппарати мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири,

Муроджон ЎРИНОВ,

ЎзЛиДеП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби