« Back

Видеоконференцалоқа 18.04.2020 13:28

Тошкент вилоятида йирик фармацевтика кластери қурилишига старт берилди

17 апрель куни Тошкент вилояти Зангиота туманида “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери қурилишини бошлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Унда видеоконференцалоқа орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Коронавирус пандемияси туфайли жаҳон иқтисодий инқирози кузатилаётган бугунги кунда мамлакатимизда тиббиёт тизимини ривожлантириш, аҳолини сифатли дори-дармон маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилган йирик лойиҳаларга қўл урилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бундай тўғри ва тезкор чоралар коронавирус оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг барвақт олдини олиш ва уни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.

“Tashkent Pharma Park” инновацион фармацевтика кластери қурилишининг бошланиши шу жиҳатдан тарихий воқеа бўлди.

Маълумки, рақамли тиббиёт, телемедицина, тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, кореялик шифокорлар иштирокида юртимиз аҳолисини юқори малакали тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигининг муҳим йўналишини ташкил этади. “Tashkent Pharma Park” инновацион кластерини барпо этиш мамлакатимиз тиббиёти ва фармацевтика соҳасидаги улкан лойиҳа бўлиб, уни бошлашга Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг 2019 йил 18-21 апрель кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи чоғида келишилган эди.

Келишувга мувофиқ, мамлакатимиз фармацевтика тармоғида ўқув, илмий-тадқиқот салоҳиятини ривожлантириш тизимини шакллантириш, энг яхши хорижий ўқув дастурлари асосида фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш, юқори технологияли янги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш каби мақсадлар кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил январь ойида қабул қилинган қарори билан инновацион кластерни ташкил этиш бўйича концепция ва амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Ушбу мақсадда Зангиота туманида жами 79 гектарлик ер майдони ажратилди. Бу ерда 14 та инвестицион лойиҳани амалга ошириш орқали Марказий Осиё минтақасида ягона замонавий фармацевтика кластери ҳамда 1700 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш мўлжалланган.

Телемулоқот чоғида давлатимиз раҳбари бу ерда инновацион ва юқори сифат кўрсаткичларига эга бўлган дори-дармонлар, тиббий маҳсулот ва техник воситалар ишлаб чиқариш, аҳолининг бу борадаги талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, замонавий кадрлар тайёрлаш, шунингдек, мамлакатимизда фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш, самарали инфратузилма яратишга қаратилган лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш бўйича бошланган ишлар ва режалар билан танишди.

Умумий қиймати 279 миллион долларга тенг кластер технопарк ва саноат зонасидан иборат бўлади. Технопарк ҳудудида академик, илмий ҳамда дори-дармонлар ишлаб чиқарадиган секторлар жойлашади. Хусусан, бу ерда Фармацевтика техник университетини ташкил этиш режалаштирилган.

Саноат зонасида етакчи фармацевтика компанияларининг инновацион дори воситалари ишлаб чиқариш майдонлари барпо этилади.

Келгусида бу ерда чет эл клиникалари, тиббиёт марказларини очиш, кластернинг инфратузилмаларини янада ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Корея Республикаси Эксимбанкининг Иқтисодий тараққиёт ҳамкорлик фонди билан 136 миллион АҚШ доллари миқдоридаги узоқ муддатли кредит ёрдамида кластернинг илмий ва таълим тузилмаларини молиялаштириш ҳақида келишувга эришилди.

“Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери Ҳомийлик кенгаши ҳамда ривожлантириш дирекцияси тузилди. Унинг фаолиятини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги амалга оширади.

Пандемия шароитида дунёнинг кўплаб мамлакатларида жиддий қийинчиликлар кузатилаётган бир вақтда мамлакатимизда бундай йирик лойиҳанинг бошланиши халқимиз саломатлигини асраш билан бирга саноатнинг узлуксиз фаолиятини таъминлашга хизмат қилади.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътиборни, айниқса, пандемияга қарши кураш борасидаги ижобий натижаларимизни халқимиз сезаяпти. Албатта, ҳозирги шароитда энг катта масала – сифатли дори-дармон ишлаб чиқариш. Бугун маҳаллий дори-дармон маҳсулотлари ички бозорни бор-йўғи 20 фоиз таъминлаяпти. Шуни инобатга олиб, соҳага мутлақо бошқача эътибор бериш мақсадида йил бошида фармацевтика кластери ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган эдик. Яқинда Корея Республикаси Президенти билан телефон орқали мулоқот чоғида ҳам бу борадаги амалий ишларни гаплашиб олдик. Фармацевтика соҳасига ички бозоримизни таъминлаш нуқтаи назаридан катта силжиш қилмасак, аҳвол оғир бўлишини дунёдаги ҳозирги вазият кўрсатиб турибди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, бугун коронавирус туфайли дунёда дори-дармон ва тиббий буюмлар танқислиги юзага келди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа замонавий, талаб юқори, экспортбоп дори-дармонлар ва тиббий ускуналар ишлаб чиқаришни кенгайтиришни назарда тутади.

Маълумки, Тошкент фармацевтика институтининг кадрлар тайёрлаш, илмий салоҳияти, ўқув муассасасининг ускуналар билан таъминланганлик даражаси бугунги замонга мос эмас. Фармацевтика кластерида ташкил этиладиган янги университетда дори воситалари, тиббиёт маҳсулотлари ва техникалар, косметология ва бошқа ашёлар ишлаб чиқариш соҳасида халқаро таълим стандартлари даражасидаги юқори малакали кадрлар тайёрланади.

Технопарк ҳудудида университетнинг ўқув лаборатория бинолари, талабалар, ўқитувчилар ва чет эллик мутахассислар учун турар жойлар, симпозиум маркази, меҳмонхона, спорт-соғломлаштириш мажмуаси, тадқиқот ва тиббиёт, фармакология марказлари, фармацевтика маҳсулотлари экспертизаси давлат маркази жойлашади.

Шунингдек, саноат зонасида Корея, Чехия ва Украинанинг етакчи фармацевтика компаниялари томонидан қиймати 80 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.

Президентимиз ушбу кластер мамлакатимиз тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида муҳим лойиҳа эканига алоҳида эътибор қаратиб, уни ўз вақтида, сифатли қуриб битказиш юзасидан топшириқлар берди.

Қурилиш майдонида бўлиб турган мутасаддилар ва лойиҳага сармоя киритган кореялик ҳамкорлар инновацион ва юқори технологияли ушбу кластерни муваффақиятли ишга тушириш учун барча чоралар кўрилганини маълум қилди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари қурилишни бошлашга рухсат берди.

– Бугун мамлакатимиз фармацевтика соҳаси учун тарихий кун. Президентимиз фармацевтика соҳаси ривожига катта эътибор қаратаяпти. Ушбу кластер бу борадаги ишларда юқори натижаларга эришиш имконини беради. Айниқса, бу ерда малакали кадрлар тайёрлаш, олимларимизнинг кашфиётлари асосида янги турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш кўзда тутилгани маҳаллий фармацевтика саноатининг жаҳон бозорига чиқишига кенг йўл очади, – деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев.

– Коронавирус туфайли дунёда мураккаб вазият ҳукмрон бўлишига қарамай, Корея Республикаси ва Ўзбекистон тиббиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бор имкониятни ишга солмоқда. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон фармацевтика тармоғини тараққий эттиришга хизмат қилади. Ўтган йили Корея Республикаси Президентининг юртингизга ташрифи давомида бу борада аҳдлашувга эришилган эди. Бугун мазкур лойиҳа мамлакатларимиз ҳамкорлигининг рамзига айланди, – деди Корея Эксимбанкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Чо Ингю.

Ҳеч шубҳасиз, ташкил этилаётган ушбу кластер соҳада ўзига хос биринчи “илмий шаҳарча” бўлиб, у бутун тармоқ учун мустаҳкам пойдевор яратади. Унда халқаро тажрибани кенг қўллаш, хориждан инвестициялар ва илғор илмий ишланмаларни жалб қилиш, инновацион ечимлар ва юксак технологияларни жорий этиш йўли билан юртимизда фармацевтика ривожи мутлақо янги босқичга олиб чиқилади.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,
ЎзА