« Back

Видеоселектор 20.04.2020 23:04

Шавкат Мирзиёев: “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати – давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнидир

Аҳолининг ижтимоий ҳимояси ҳамда қурилиш ва инфратузилма тармоқлари фаолияти масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Мамлакатимизда коронавирус эпидемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида кўплаб ҳудудлар бу хавфдан сақлаб қолинди. Шунга қарамай, аксарият вилоят ва туманларда корхоналар ўз ишини тўхтатган ёки тўлиқ қувват билан ишламаяпти. Бу ҳолат ҳудудлар иқтисодиёти ва ижтимоий соҳага, оддий қилиб айтганда, аҳоли ҳаётига салбий таъсир қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклиги таъкидланди.

Ҳозирги пандемия пайтида ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши табиий. Турли мамлакатлар касалликка қарши курашиш баробарида иш жойларини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни кескин таназзулга учрамаслиги учун бор имкониятларни ишга солмоқда.

Бутун дунёда бўлгани каби бу мураккаб жараён Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Албатта, халқимизни таъминлаш учун ҳам, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ҳам мамлакатимизнинг захиралари ва имкониятлари етарли.

Шу боис Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

– Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ, – деди давлатимиз раҳбари.

Бунинг натижасида Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилади.

 

Имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун, 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Давлат томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади.

Бу жараёнда йирик корхоналар, уларнинг жойлардаги таркибий бўлинмалари, фермерлар ва кластер хўжаликлари ҳам ихтиёрий қатнашиши муҳим эканлиги таъкидланди.

Ушбу ташаббус Савдо-саноат палатасининг жойлардаги бўлимлари, банклар, ижтимоий муҳофаза идоралари ҳамкорлигида амалга оширилиши белгиланди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланишига ишонаман, - деди Президентимиз.

Мавзуни давом эттирар экан, давлатимиз раҳбари Республика комиссиясига коронавирус умуман аниқланмаган ёки эпидемиологик вазият яхшиланган вилоят, туман ва шаҳарларда карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди. Фаолияти тикланадиган объектларда ишлар санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилади.

Аҳоли бандлиги ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш борасида катта имкониятларга эга “драйвер”лардан бири қурилиш соҳаси ҳисобланади. Хусусан, бу тармоқ 1 миллион 325 минг нафар аҳолини иш билан таъминлайди, бошқа саноат йўналишлари учун ҳам талаб яратади. Шу боис, карантин даврида қурилиш ҳажми камайишига йўл қўймаслик мақсадида бу соҳага қўшимча 3,6 триллион сўм маблағ ажратилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида қурилиш ишлари ҳажми 6,5 фоизга ўсган бўлса-да, ўтган йилнинг шу давридан 4 фоизли бандга орқада қолмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, барча қурилишларни давом эттиришга рухсат берилади. Ички ишлар вазирлигига соҳа корхоналари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаракатланишига шароит яратиш вазифаси қўйилди.

Жорий йилда 30 минг хонадонли кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Лекин 25 та шаҳарда бунинг учун ер майдонлари ҳалигача ажратилмаган. Ипотека кредити олиш бўйича аризаларни кўриб чиқишда ҳам сусткашликка йўл қўйилган.

Йиғилишда бу камчиликларни тез кунларда бартараф этиш, кўп қаватли уйлар учун ерни аҳоли талаблари юқори бўлган ҳудудлардан ажратиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига кредитларнинг фоиз харажатларини қисман қоплаш ва кредит суммасининг 50 фоизигача кафолат бериш механизми жорий этилиши белгиланди.

Янги тартиб асосида берилаётган ипотека кредитлари муддатини 15 йилдан 20 йилга узайтириш, шунингдек, ипотека кредитининг энг юқори чегарасини бозор талаблари асосида кўпайтириш кераклиги қайд этилди.

Қурилиш сифатини ошириш, соҳа корхоналари фаолиятини баҳолаш рейтинги ва электрон тендер тизимини ишга туширишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда қурилиш материаллари бозори билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Карантин даврида мазкур индустрия корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажми 30-40 фоизга камайган. Ўз навбатида, хомашё маҳсулотлари ҳам сотилмай қолган.

Шундан келиб чиқиб, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компаниясига биринчи ярим йилликда маҳсулот ишлаб чиқаришни 10 триллион сўм ва йил охиригача 22 триллион сўмга етказиш вазифаси қўйилди. Бу кўрсаткичларни таъминлашда экспорт бозорлари асосий имконият ҳисобланади.

Импорт ўрнини босувчи маҳаллий қурилиш иатериаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Юртимизда бунинг учун зарур хомашё олиш мумкин бўлган 275 та истиқболли кон мавжуд. Мисол учун, Ғозғонда 52 миллион долларлик 14 та лойиҳа ишга туширилмоқда. Президентимиз конларни ўзлаштириш орқали шундай самарали лойиҳаларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Жорий йилда энергия тежамкор қурилиш материаллари тайёрлаш бўйича 7 та лойиҳани ишга тушириш, келгусидаги объектларни лойиҳалашда ушбу маҳсулотлардан фойдаланишни назарда тутиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Карантин даврида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси қурилишига Инқирозга қарши кураш жамғармасидан қўшимча 1,5 триллион сўм, хусусан, сув таъминоти бўйича 55 та лойиҳага 500 миллиард сўм ва йўл қурилиши бўйича 1 минг 547 та лойиҳага 1 триллион сўм маблағ ажратилди.

Йиғилишда бу лойиҳаларнинг ижроси ҳам кўриб чиқилди. Пудратчиларни аниқлаб, қурилиш ишларини тез фурсатларда бошлаш муҳимлиги қайд этилди.

Пандемия сабабли халқаро молия ташкилотлари маблағлари иштирокидаги лойиҳалар ҳам тўхтаб қолган эди. Хусусан, ичимлик суви тизимини яхшилаш ҳамда йўл қурилиши соҳасида шундай муаммолар мавжуд.

Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, бундай лойиҳаларга тендер орқали маҳаллий пудрат ташкилотларини ҳам жалб қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Давлатимиз томонидан маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш, хусусан, йўл қурилиши учун маблағларни шакллантиришга барча шароитлар яратиб берилди. Энди ҳудудлар республикадан маблағ келишини кутиб ўтирмасдан, ички йўлларни ўзлари таъмирлашлари зарурлиги айтиб ўтилди.

– Умуман олганда, уй-жой қурилиши бўладими ёки инфратузилма объектларими, қурилиш соҳаси янги иш ўринларини яратиш, бозорда талаб ва таклифни шакллантириш, пировардида иқтисодий ўсишни таъминлаш учун катта имконият ва захира ҳисобланади. Тармоқ раҳбарлари бугунги йиғилишда ўзларига юклатилган масъулиятни чуқур ҳис этиб, ишларни тўғри ташкил этсалар, иқтисодий инқироздан имкон қадар кам йўқотишлар билан чиқиб кетамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари қайси соҳани муҳокама қилмасин, қандай қарорга қўл қўймасин, энг аввало бу оддий одамларга нима беради, деган нуқтаи назардан қараб иш тутади. Бугунги видеоселекторда берилган топшириқлар, белгиланган вазифалар ҳам одамларни иш билан таъминлаш, даромадини ошириш, бунёдкорлик ишларини давом эттириб, юртимизни янада фаровон қилишга қаратилгани билан аҳамиятли.

ЎзА