« Back

Юнусобод тумани ҳокимининг ҚАРОРИ 03.10.2020 14:19

Юнусобод туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2021 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси 1998 йил 5-6-сон 97-модда), “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги  (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси 2008 йил 7-сон 353-модда), Ўзбекистон Республикаси “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси 2008 йил 4-сон 190-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини бандлигини ошириш ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2007 йил 6 апрелдаги ПҚ-616-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 йил 15-сон 156-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Низомга (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 йил 12-сон 283-модда),  Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги (АВ рўйхат рақами № 3163-сон, 31.05.2019 й) буйруғига мувофиқ Юнусобод туманида истиқомат қилувчи ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун 2021 йилга мўлжалланган банд қилиниши керак бўлган иш ўринлари сонини ва уларга қўйиладиган талабларини белгилаш бўйича туман махсус комиссиясининг 2020 йил  8 сентябрдаги 39-сонли баёнини инобатга олиб,

Қ А Р О Р   Қ И Л А М А Н:

1. Юнусобод туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун тумандаги 241 та ташкилотларда аҳолининг қуйидаги тоифалари учун жами 1391 та иш ўринлари банд қилиб қўйилсин:

Ўн тўрт ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун – болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлганлар учун 17,6 фоиз (245 киши);

Умумий ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари учун – уларнинг касби бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлганлар учун 62,6 фоиз (871 киши);

Сафарбарлик чақириқ захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун – уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлганлар учун 6,0 фоиз (84 киши);

Ногиронлиги бўлган шахслар учун – меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда) берадиганлар учун

3,6 фоиз (51 киши);

Пенсия олди ёшидаги шахслар учун – махсус малакани талаб қилмайдиганлар учун 6,1 фоиз (85 киши);

Жазони ижро этиш муассасаларидан ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар учун – уларнинг касб бўйича тайёргарлик ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари, муайян касб-ҳунарга, малакага эга бўлмаган шахслар учун – махсус малакани талаб қилмайдиганлар учун 3,9 фоиз (55 киши).

2. Юнусобод туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2021 йил учун банд қилиб қўйиш лозим бўлган ташкилотлар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Иш ўринларини банд қилувчи ташкилотлар раҳбарларига:

ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни иш билан таъминлаш учун 2020 йил якунланишидан 10 кун олдин банд қилинган иш жойлари умумий миқдорининг камида 25 фоизи учун,

2021 йилнинг 10 январидан кечикмай иш жойларининг қолган қисми 75 фоизини барпо этиш (ажратиш ёки банд қилиб қўйиш) тўғрисидаги, яъни ҳар бир тоифа бўйича иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар, мутахассисликлар кесимидаги маълумотларни ва қарор бўйича чиқарилган буйруқ нусхаларини туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига тақдим этсинлар.

4. Юнусобод тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (Ш. Инагамов):

Корхона ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан мазкур қарорнинг тўлиқ бажарилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатилсин;

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги (АВ рўйхат рақами

№ 3163-сон, 31.05.2019 й) буйруғига асосан “Ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга – ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлаш” тўғрисидаги норма иш ўрнини банд қилувчи ташкилотларга тўлиқ етказилсин.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган ва иш билан таъминланган фуқаролар белгиланган тартибда ҳисобга олинсин.

5. Туман ҳокимлигининг ташкилий-кадрлар гуруҳи (Г.Ишходжаева), Таҳлилий-назорат гуруҳи (О.Сафаров), Юнусобод туман ҳокимлиги ахборот технологиялари бўйича мутахассиси (Р.Жўраев):

“Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталарида мазкур қарор расмий эълон қилиниши ва www.yunusobod@tashkent.uz веб-сайтига жойлаштирилиши таъминлансин.

6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

7. Юнусобод туман ҳокимининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Юнусобод туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2020 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида”ги 3034-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

Туман ҳокими в.в.б.
Ф.Одилов

2020 йил 30 сентябрь