« Back

Бокс 17.07.2020 13:54

Энди Олимпия ўйинларида 41 ёшли боксчилар ҳам иштирок эта олади

Халқаро Олимпия қўмитаси келаси йили Токиода ўтказилиши кутилаётган Олимпия ўйинлари бокс мусобақаларининг ёшга доир чекловларини ўзгартирди. Бу борада литсензион турнир ва ўйинларнинг ўзи учун яна бир йил қўшиб берилди.

Энди баҳсларда 41 ёшли боксчилар ҳам қатнашиши мумкин. Яъни 1980 йилнинг 1 январидан 2002 йилнинг 31 декабри оралиғида таваллуд топган чарм қўлқоп усталари Токио Олимпиадаси ва унинг квалификацион баҳсларида иштирок этади.

Маълумот учун, ҳозирга келиб 43 мамлакатдан 112 нафар боксчи Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиб бўлган. Навбатдаги литсензион турнирларда яна 174 йўлланма ўз эгасини кутмоқда. Ушбу турнирлар 2021 йилда ташкил этилади.

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, бугунга қадар Ўзбекистон терма жамоасининг 7 нафар боксчиси Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган.

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА