ДУНЁДА
04.07.20

• Канадада коронавирус пандемиясига қарши ўз жонини хатарга қўйиб кураш олиб бораётган ва шундай оғир вақтда ҳам Канада аҳолисини энг зарур маҳсулотлар билан таъминлаётган шифокорлар, кўнгиллилар, озиқ-овқат дўконлари ходимлари ва бошқа ишчилар шарафига махсус танга чиқарилди. Танганинг бир томонида Канада рамзи ҳисобланган заранг дарахти барги билан кесишган юрак тасвири туширилган. Иккинчи томонида эса катта юрак ўртасида қучоқлашиб турган одамлар гуруҳи акс этган. Тасвирнинг тагида мамлакатнинг расмий тили ҳисобланган инглиз ва французчада «Раҳмат» сўзи туширилган. Ушбу танганинг нархи 9 канада доллари ва 95 цент (тахминан 7,5 АҚШ доллари). Тангани фақат онлайн тарзда буюртма бериб харид қилиш мумкин. Тангаларни сотишдан тушган маблағ Канаданинг коронавирусга қарши кураш бўйича хайрия фондига ўтказилади.

• Нур-Султондаги Миллий мудофаа университетида Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг монументи очилди, дея хабар беради мамлакат президенти расмий сайти. Қасим-Жомарт Тоқаев очилиш маросимида онлайн режимида иштирок этди. Унинг айтишича, Миллий мудофаа университетида ҳайкал ўрнатилиши чуқур рамзий аҳамият касб этади, чунки Қозоғистон Қуролли Кучлари айнан мамлакат мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланишга катта эътибор қаратиб келган Назарбоев фармони билан ташкил этилган. Тоқаев мамлакатнинг стратегик йўлини белгилаб берган ва халқни жипслаштирган Назарбоевни замонавий Қозоғистон асосчиси дея таърифлади. «Тинчлик ва барқарорлик, фаровонлик ва бирлик – бу Елбаси сиёсати самарасидир. Ҳар бир давлат тарихида ўзидан беқиёс из қолдирган ноёб шахслар бўлади. Ўсиб келаётган авлод олдидаги бурч - уларнинг хизматларини қадрлаш ва ҳурмат қилишдан иборат», – деди президент.

« Back

Бокс 27.07.2020 16:24

Боксчиларимиз АҚШда жанг ўтказади

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати АҚШда “бокс оқшомлари” бошланиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берди.

Бу мусобақаларда ўзбекистонлик боксчилар иштирок этиши кутилмоқда. Айрим боксчиларимизнинг жанг санаси ҳам аниқ бўлибди. Хусусан, 15 август куни (Тошкент вақти билан 16 август тонгида) АҚШнинг Оклахома штатида ўтказиладиган мусобақада 2 боксчимиз – Исроил Мадримов ва Шаҳрам Ғиёсов рингга кўтарилар экан.

Исроил Мадримов WBA вақтинчалик чемпионлик камари учун америкалик Эрик Уолкерга, Шаҳрам Ғиёсов ўзининг WBA International камарини ҳимоя қилиш учун мексикалик Франсиско Роходанга қарши жанг қилиши айтилмоқда.

Шу кунларда Америкада бўлиб турган Бектемир Мелиқўзиев ҳам катта эҳтимол билан август ойида рингга кўтарилиши мумкин. Ҳозирча унинг рақиби номаълум.

Ўзбек профессионал боксчилари ичида юқори рейтингга эга бўлган Қудратилло Абдуқаҳҳоров 10 октябрь куни IBF вақтинчалик чемпионлик камари учун россиялик Сергей Липинецга қарши жанг ўтказади. Лекин Қудратиллода виза билан боғлиқ муаммолар юзага келгани сабабли АҚШга жўнаб кета олмаяпти.

ЎзА