« Back

Чемпионат 12.06.2020 12:10

Жаҳон чемпионатига йўлланма Ўзбекистонда ҳал бўлади

Осиё футбол конфедерацияси қитъа миқёсидаги мусобақалар қачон давом эттирилишини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон мезбонлик қиладиган 19 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати аввал белгиланган муддатда ўтиши маълум бўлди.

Мамлакатимизда мазкур чемпионат 14-31 октябрь кунлари ўтказилади. Ҳозирча ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳслари қайси шаҳарларда ўтиши аниқ эмас ва бу ОФК назоратчиларининг ташрифидан сўнг маълум бўлади. Ҳозирча Тошкент, Олмалиқ ва Наманган шаҳарларида ўтказилиш эҳтимоли катта.

Эслатиб ўтамиз, ушбу чемпионатнинг финал босқичига Ўзбекистон, Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Қатар, Япония, Тожикистон, Австралия, Индонезия, Малайзия, Ироқ, Ветнам, Камбоджа, Эрон, Яман, Баҳрайн, Лаос ёшлар терма жамоалари йўл олган. Мусобақада ярим финалга чиққан 4 жамоа 2021 йил Индонезия мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўл олади.

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА