« Back

Футбол 20.02.2019 09:33

“Пахтакор” ОЧЛда ўйнайди, АГМК уйга қайтади

Бироз аввал “шерлар” Осиё Чемпионлар Лигаси саралаш босқичи плей-оффидан ўрин олган учрашувда ғалабага эришди. Олмалиқликлар эса худди шу босқичда ўз иштирокини якунлади.

Пойтахтликлар БААнинг “Ан-Наср” клуби билан беллашиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашувнинг 15-дақиқасида мезбонлар пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Аммо Негредо зарбани голга айлантира олмади. 31-дақиқада Черан худди шундай вазиятда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди.

Иккинчи бўлим вакилларимизнинг тезкор ҳужумлари билан бошланди. 50-дақиқада Марат Бикмаев ўнг қанотдан жарима майдонига етказилган тўпни боши билан дарвозага жойлади. Бу тошкентликларнинг баҳсдаги охирги голи эди. Орадан 8 дақиқа ўтиб эса “Ан-Наср” ҳисобни қисқартирди. Садриддин Абдуллаев жарима майдони ичида тўпни қўли билан қайтаргач, бош ҳакам яна бир пенальтини белгилади. Бу сафар Негредо уни аниқ амалга ошириб ҳисобни 1:2 кўринишига келтирди.

“Пахтакор” кейинги босқичда.

Куннинг иккинчи учрашувида Олмалиқнинг АГМК жамоаси сафарда Саудия Арабистонининг “Ан-Наср” клуби билан куч синашди.

Баҳсда мезбонлар бутун ўйин давомида устунлик қилди. Тўғри, айрим паллаларда Миржалол Қосимов шогирдларида ҳам қулай вазиятлар бўлди, бироқ футболчиларнинг ноаниқ ҳаракатлари ҳамда жамоадаги тажрибасизлик клубни кейинги босқичда иштирок этиши учун етарли бўлмади.

Мезбонларнинг Хавсавий, Ал-Ғаннам ва Жулиано (2та) каби футболчилдари томонидан киритилган голларига олмалиқликлар ҳеч қандай жавоб қайтара олишмади.

Натижада, “Ан-Наср” мусобақанинг гуруҳ босқичига йўл олди. АГМК​ эса мусобақани тарк этди.