« Back

Футбол 27.08.2020 14:18

Coca-Cola Суперлига: Кеча 12-тур тугади, бугун эса 13-тур бошланади

Ёҳуд 2020 йилги мавсумда Суперлигадаги илк техник натижа – «Андижон» жамоаси «Пахтакор»га қарши ўйин учун Тошкентга кела олмаслигини маълум қилди ва техник мағлубиятга рози бўлди.

Бутун дунё каби юртимизда ҳукм сураётган пандемия туфайли мамлакат миллий чемпионати Суперлигасининг биринчи даврадаги сўнгги тўртта тури пойтахт ва пойтахт вилояти стадионларида марказлашган ҳолда давом этаётганлигидан хабарингиз бор. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси вазиятдан келиб чиқиб тақвим бўйича кунига ўйинлар белгилаган. Шунинг учун ҳам кеча ниҳоясига етган 12-турдан кейин бугуннинг ўзида навбатдаги 13-тур учрашувларига старт берилади.

Кеча 12-тур доирасидаги сўнгги турда «Машъал» ва «Бухоро» жамоалари майдонга тушишди. Бир тур олдин бухороликлар мавсумдаги илк ғалабасини «Сурхон» жамоасини мағлуб этиш эвазига қўлга киритганди. Лекин бу ютуқ турнир жадвалини пастдан «бошқараётган» «Бухоро» жамоасига юқорига кўтарилишга хизмат қилмаганди. Қачонки навбатдаги турда «Машъал»ни енга олсагина юқорилашига имкон туғиларди. Аммо бу ҳам насиб этмади. Чемпионатда ўртамиёналар сифатида одимлаётган «Машъал» Сардор Абдураимов голи эвазига ён қўшниларини мағлуб этишди. Лекин бу ғалаба ҳам худди «Бухоро»ники каби «Машъал»нинг турнир жадвалидаги мавқеига таъсир қилмади – муборакликлар саккизинчи поғонадаги ўринларида муқим қолишди.

12-тур.

МАШЪАЛ – БУХОРО - 1:0. ОКМК спорт мажмуаси

Ҳакамлар: Зокир Қодиров, Руслан Самандаров, Бахтиёрхўжа Шавкатов, Тўрабек Суюнов

Гол: Сардор Абдураимов, 25 (1:0)

«Машъал»: Раҳимжон Давронов, Нажмиддин Нормуродов, Сирожиддин Раҳматуллаев, Никита Павленко, Элла Кен Арманд (Жаҳонгир Абдусаломов, 77), Жамолиддин Убайдуллаев, Аббос Шодмонов, Сардор Абдураимов (Денис Василев, 81), Сирожиддин Қўзиев, Самандар Шукуруллаев, Ҳумоню Муртазоев (Зафарбек Акрамов, 90+4).

«Бухоро»: Зафар Сафоев, Миржалол Жумаев, Бобиржон Амонов, Анваржон Жўраев (Бобурбек Фарҳодов, 80), Жасурбек Ҳакимов, Жасур Ҳасанов (Зоҳир Пиримов, 80), Бехруз Саъдиллоев (Иззатилла Абдуллаев, 61), Бекзод Саидов (Суҳроб Неъматов, 66), Эргаш Исмоилов, Азизбек Амонов (Шаҳзод Бешимов, 66), Солибек Каримов.

Огоҳлантиришлар: Сирожиддин Раҳматуллаев (65) – Бобиржон Амонов (39), Бекзод Саидов (58), Солибек Каримов (64).

Назоратчи - Марат Исмоилов

Комиссар - Александр Давиденко

Шу тариқа, 12-турдан кейин мусобақа турнир жадвалида қуйидаги вазият юзага келди:

1.”Пахтакор” 31 очко

2. АГМК 28

3.”Қўқон-1912” 22

4.”Бунёдкор” 22

5.”Насаф” 20

6.”Навбаҳор” 19

7.”Металлург” 19

8.”Машъал” 16

9.”Сўғдиёна” 13

10.”Локомотив” 12

11.”Қизилқум” 9

12.”Сурхон” 8

13.”Андижон” 6

14.”Бухоро” 6

Чемпионат тўпурарлари:

Драган Черан («Пахтакор») - 12

Игор Сергеев («Пахтакор») - 9

Мурод Холмуҳамедов («Қўқон-1912») - 7

Эрен Дердиёк («Пахтакор») - 7.

Бугун старт оладиган 13-тур ўйинлари тақвими:

27 август

«Локомотив» – «Насаф»

28 август

«Сўғдиёна» – «Сурхон»

«Навбаҳор» – «Қўқон-1912»

«Бунёдкор» – «Қизилқум»

29 август

«Бухоро» – АГМК

“Металлург2 – «Машъал».

Бугун, шунингдек, «Андижон» – «Пахтакор» ўйини бўлиб ўтиши керак эди. Аммо «Андижон» футбол клуби молиявий қийинчиликлар сабаб «Пахтакор» билан учрашувга етиб кела олмаслиги бўйича ЎзПФЛга хат йўллади. Шу боисдан бугун бўлиб ўтиши керак бўлган учрашувда «Пахтакор» жамоасига техник ғалаба ёзилади.

Ойбек ЮНУСОВ,
 ЎзА