« Back

Футбол мусобақалари 08.06.2020 13:30

Суперлига 13 июндан давом эттирилса, Про-лига мавсуми 3 июлдан старт олади

Пандемия сабаб маълум муддат тўхтаб қолган футбол мусобақалари яна жонлана бошлади.

Яқин-яқингача карантин чекловларидан озод бўлиб, яна яшил майдонга қайтган Германия, Дания, Чехия каби давлатлар футболига ғавас қилаётгандик. Беларус, Фаррер ороллари, Туркманистон давлатларида эса ҳар қандай шароитда ҳам футбол ўйинлари тўхтаб қолмаганидан таажжубландик. Май ойи охирида Полша, Сербия, Украина, Хорватия, июнь ойи бошида эса Австрия, Португалия чемпионати йўлга қўйилганини кузатдик, бугун-эрта Швейцария ва Испанияда, уларнинг кетидан Швеция, Туркия, Англия, Италия, Россия стадионларига футбол қайтишидан хабаримиз бор. Франция, Нидерландия ва Бельгияку аллақачон муддатидан олдин чемпионатларини якунлаб бўлишган.

Хўп, ўзимизда нима гап?

Юртимизга коронавирус пандемияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 29 майдаги қарорига асосан 1 июндан профессионал футбол клубларига карантин тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда машғулотларни бошлаш, 5 июндан эса расмий мусобақаларни давом эттиришга рухсат берилди. Футболчиларнинг узоқ муддат карантин ҳолатда стадионда шуғулланмаганлиги, етарли жисмоний тайёргарликка эга бўлишлари учун маълум муддат талаб этилишини инобатга олган Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Суперлига клублари учун расмий мусобақани 13 июндан бошлашларига изн берди. Шу тариқа 15 мартдан, чемпионатнинг 3-туридан кейин тўхтаб қолган Суперлига ўйинлари расман 13 июндан яна давом эттириладиган бўлди.

Шу куни «Бунёдкор» ўз майдонида «Қўқон-1912»ни, «Қизилқум» эса Навоийда АГМК жамоаларини қабул қилади. Қолган ўйинлар:

14 июнда

«Сўғдиёна» – “Пахтакор

«Насаф» – «Навбаҳор»

15 июнда

«Бухоро» – «Андижон»

«Сурхон» – «Машъал»

«Металлург» – «Локомотив»

Про-лига мавсумининг бошланиш муддати ҳам маълум бўлди. Пандемия сабаб анча муддат йўқотилганлигини инобатга олган ЎзПФЛ мусобақа қоидасига бироз ўзгартириш киритди. Бунга кўра, Про-лига ўйинлари аввал белгиланганидек тўрт даврали бўлмайди, балки икки даврали ва якунда финал босқичи ўтказилади. Саккизта жамоа аввалига 14 турдан иборат уй-сафар тизимида куч синашади.

Кейинчалик дастлабки тўрт ўрин эгалари алоҳида ва қуйи тўрт ўрин эгалари алоҳида яна икки давра — жами 6 та ўйинда иштирок этади.

Шунда Про-лиганинг барча клуби мавсум якунига қадар умумий 20 та тур учрашувида қатнашади. Бунда жамоалар жамғарган очколар сақланиб қолади. Сир эмаски, Про лига ғолиби CocaColа Суперлига йўлланмасини қўлга киритади. Лиганинг иккинчи жамоаси ўтиш ўйинида Суперлиганинг 13-клубини ўз уйида қабул қилади. Шунингдек, Про-лиганинг икки жамоаси Ўзбекистон Кубогининг гуруҳ босқичида иштирок этади. Шундай қилиб, Про-лига-2020 мавсумининг 1-тур ўйинлари қуйидагича тартибда кўриниш олди:

1-тур

3 июль (жума)

«Нефтчи» – «Динамо»

«Хоразм» – «Турон»

«Оқтепа» – «Зомин»

«Шўртан» – «Истиқлол»

Суперлига ва Про-лига ўйинларининг тўлиқ тақвими кейинроқ ҳавола этилади.

ЎзПФЛ айни пайтда аёллар ва футзал чемпионатларининг режалари билан банд. Аёллар футболи бўйича янги мавсум шу ой охирида Суперкубок ўйини билан бошланиши кўзда тутиляпти. Унда 2019 йили мавсум чемпиони «Севинч» ҳамда Кубок соҳиба «Бунёдкор» жамоалари ўзаро куч синишишади. Ўйин бетараф майдонда ўтказилади. Жойи ва санаси тез кунда эълон қилинади. 2020 йилги чемпионатга эса июль ойининг бошларида старт берилиши мўлжалланяпти. Шунингдек, аёллар футболи бўйича Ўзбекистон Кубоги ва Биринчи лига ўйинлари тақвими ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Футзал мусобақаси катта футболдан фарқ қилади. Катта футбол очиқ майдонда, футзал баҳслари эса ёпиқ иншоотда ўтишини яхши биласиз. Шунинг учун спорт залларда ўтадиган расмий мусобақаларга ҳозирча расман рухсат берилмаган. Футзалчилар шароитдан келиб чиқиб очиқ майдонларда машғулотларга киришди, ёпиқ иншоотларга кириш масаласи эса тез кунларда ҳал бўлиб қолишига умид билдирилмоқда.

ЎзА