« Back

Футбол янгиликлари 11.03.2020 15:49

ЧЕМПИОННИНГ ИККИНЧИ ҒАЛАБАСИ

Футбол бўйича Суперлига жамоалари ўртасида уюштирилган мамлакат миллий чемпионатининг 2-тури ҳам амалдаги чемпион “Пахтакор”га яна омад келтирди.

Бу сафар Шота Арвеладзе бош мураббийлигидаги “Пахтакор” жамоаси ўз майдонида “Бухоро” клуби билан куч синашди. Аввалги турда ҳам йирик 3:0 ҳисобида зафар қучган пахтакорчилар бу сафар ҳам тўлиқ устунликка эришишди ва бухороликларни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Пахтакорчиларнинг ҳар учта голини меҳмонлар дарвозасига Драган Черан киритгани таҳсинга сазовор.

Вадим Абрамов бош мураббийлигидаги “Бунёдкор” жамоаси бу сафар ўз майдонида “Машъал” билан куч синашди. Аввалги турда “Машъал” ҳам, “Бунёдкор” ҳам рақибларидан устун келишгани боис ушбу ўйин муросасиз кечиши тахмин қилинган эди. Дарҳақиқат, баҳс анча шиддатли ва қизиқарли курашлар остида ўтди. 10 дақиқада ёш иқтидор эгаси Жасур Жалолиддинов томонидан меҳмонлар дарвозасига киритилган гол “Бунёдкор”га муҳим ғалабани туҳфа этди.

Турнинг марказий баҳси
Наманганда бўлиб ўтди. Унда “Навбаҳор” ўтган йилги кумуш медаллар совриндори “Локомотив”ни қабул қилди. Шиддатли кечган ўйин майдон эгаларининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Азим Аҳмедов ва Игорь Голбан голларга муаллифлик қилишди.

Қолган учрашувлар қуйидагича якунига етди: “Металлург” – “Қўқон-1912” – 1:0, “Сўғдиёна” – АГМК – 1:1, “Қизилқум” – “Сурхон” – 1:2, “Насаф” – “Андижон” – 2:1.

Ўтказилган баҳслардан кейин 6 тадан очко жамғарган “Пахтакор”, “Насаф” ва “Бунёдкор” жамоалари турнир жадвалида етакчилик қилишмоқда.

Акбар ЙЎЛДОШЕВ