« Back

Илмий унвон 10.06.2020 12:16

Ахбор Имомхўжаев “Академик”   илмий унвони билан тақдирланди

Ўзбек спорти журналистикаси отахони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи – Ахбор Имомхўжаев “Академик” илмий унвони билан тақдирланди.

8 июнь куни умрининг 60 йилидан зиёдини ўзбек футбол ривожи ва ўзбек спорти журналистикасига бағишлаган Ахбор Имомхўжаев Ўрта Осиё халқлари тарихи институти Турон фанлар академияси Президиумининг қарори билан академиянинг ҳақиқий аъзоси деб қабул қилинди ва устоз журналистга “Академик” илмий унвони академия президенти Ҳайдарбек Бобобеков томонидан топширилди.

Ахбор Имомхўжаев 1936 йилнинг 19 февралида Тошкентда таваллуд топган. Отахон журналист футболга оид бир нечта китобларнинг муаллифи. Маълумот учун, “Аср футболидаги асл қадрдонларим” китоби муаллифнинг ўнинчи китоби бўлиб ўтган йили кенг жамоатчиликка тақдим этилган эди.

Ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишлаб чоп этилган – 800 саҳифадан иборат ушбу китобда ўзбек футболига оид кўплаб тарихий материаллар, хотиралар, қизиқарли фактлар жамланган. Шунингдек, унда ўзбек футболи тарихида ёрқин из қолдирган мураббий, футболчи, мутахассис ва спорт журналисти сифатида фаолият олиб борган машҳур инсонлар ҳақида ҳам қатор қимматли маълумотлар тақдим этилган.

Шу йилнинг февраль ойида, 84 ёшлари арафасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Кенгаши қарори билан Ахбор Рустамовичга университетнинг Фахрий профессори унвони берилган эди.

Ахбор Имомхўжаев 1996 йилда “Шуҳрат” медали, 2006 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” фахрий унвонига сазовор бўлган.

ЎзА