« Back

Интервью 05.04.2020 14:00

«Токио-2020нинг кечиктирилиши велоспортчининг жисмоний ҳолатида муҳим рол ўйнамайди»

Токио-2020 Олимпия ўйинлари учун лицензияни нақд қилиб қўйган велоспортчимиз Ольга Забелинская Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматига коронавирус пандемияси туфайли мусобақанинг бир йилга кечиктирилгани ҳамда келгусидаги режалари ҳақида ўртоқлашди:

– Барча кутган Олимпиаданинг кечиктирилиши ҳақидаги қарорни қандай қабул қилдингиз?

– Менимча, бундай қарор вазиятдан оқилона чиқиб кетиш мумкин бўлган ягона тўғри йўл. Боиси айни пайтда кўпчиликда шуғулланиш учун имконият йўқ. Бир қатор спорт турларида эса ҳатто лицензиялар тақсимлаб бўлинмаган. Нима бўлганда ҳам Олимпиада мухлислар учун ҳақиқий байрам. Ҳозирги ҳолат ҳеч кимга байрамдек татимас эди. Шу ўринда коронавируснинг кенг тарқалишини олдини олиш учун ҳамманинг уйда қолишини ва шифокорлар тавсияларига риоя қилишларини сўраб қоламан.

– Сизнингча, бу қарор спортчиларнинг тайёргарлигига қандай таъсир ўтказади?

– Бошқа спорт турлари ҳақида гапиришдан йироқман. Велоспорт нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, биз бир йилда бир неча бор юқори спорт формасига чиқишимиз мумкин. Шу боис Олимпиаданинг бир йилга сурилиши жуда катта роль ўйнамайди. Ҳатто Токиодан кейин спортни якунлашни режалаштирганларга ҳам.

– Вазиятдан келиб чиққан ҳолда қандай режа туздингиз?

– Умуман олганда, 2021 йил мобайнида Республикамизда хотин-қизлар спортини ривожлантиришга бор эътиборимни қаратмоқчи эдим. Ҳукумат ва федерация раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистонда профессионал жамоа тузиш учун етарли имконият бор. Бу ёш спортчиларга улкан мотивация берибгина қолмай, ушбу спортнинг юртимизда янада ривож топишида катта ҳисса қўшади. Айниқса, хотин-қизлар мисолида. Ўзбекистонда соғлом миллат вояга етказиш учун улкан захира бор.

ЎзА