« Back

Оғир атлетика 16.07.2020 13:19

Оғир атлетика бўйича илк бор халқаро онлайн мусобақа ўтказилади

Ушбу нуфузли мусобақада ўзбекистонлик оғир атлетикачилар ҳам иштирок этади.

Ҳозирда юзага келган пандемия сабаб кўплаб тадбирлар онлайн тарзда ташкил этилмоқда. Жумладан, дунё аҳли секин-аста спорт мусобақаларининг ҳам шундай ўтишига гувоҳ бўлмоқда.

Халқаро оғир атлетика федерацияси ҳам 18-19 июль кунлари илк бор катта масштабда онлайн мусобақа ташкил қилмоқда. Унда жаҳоннинг 20 дан зиёд давлатидан 80 га яқин маҳоратли атлет иштирок этади. Улар орасида терма жамоамиз вакиллари ҳам бор.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Терма жамоамиз мураббийлар штаби мазкур мусобақада қуйидаги 7 нафар спортчимизни синаб кўриш ниятида:

-73 кг: Адҳамжон Эргашев (22:00),

-89 кг: Сарварбек Зафаржонов (00:00),

-102 кг: Фарҳод Собиров (02:00),

-109 кг: Акбар Жўраев (02:00),

-55 кг: Нигора Абдуллаева (20:00),

-71 кг: Кумушхон Файзуллаева (22:00),

-81 кг: Турсуной Жабборова (02:00).

Атлетларимизнинг чиқиши Тошкент вақти билан кўрсатилган. Мусобақа ташкилотчилари маҳаллий вақт сифатида Жанубий Америка минтақасини танлаган. Зеро, иштирокчи давлатларнинг аксарияти ғарбий ярим шар вакилларига тўғри келади. Бир томондан вакилларимизнинг иродаси ва маҳорати мана шундай мураккаб вазиятда яна бир карра тобланади.

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мазкур мусобақа тайёргарлигига ўзгача ёндашган. Боиси анчадан бери мусобақа кўрмаган полвонларимиз онлайн турнирга катта шижоат билан ҳозирлик кўришмоқда.

Федерация раҳбарияти спортчиларнинг машғулотлардан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида турли кўнгилочар тадбирларни ташкил қилиб турибди. Дам олиш пайтлари вакилларимиз шахмат, шашка, стол тенниси, волейбол каби спорт турларида ҳам ўзаро рақобатлашиб, турли кинофильмлар томошаси ва китоб мутолааси билан бўш вақтларини унумли ўтказишмоқда.

ЎзА