« Back

Спортчиларимиз 05.06.2020 13:13

Риогача ва Риодан сўнг: Шерзод Тошматов спортдаги фаолиятига назар

Рио-де-Жанейро Олимпиадаси 2016 йил август ойининг жуда ҳам улкан воқелиги бўлди. Унинг кўлами йиллар ўтгани сари янада салобатли кўриниб, миқёси улканлашаверади. Айниқса, чармқўлқоп усталарининг кетма-кет ғалабалари ўзимизни ҳам ҳайратга солган бўлса, не ажаб!

...Равшан Эрматовнинг 2010 йил ЖАРдаги футбол бўйича жаҳон чемпионатида илк ўйинга ҳакамлик қилгани эсингиздами? Бир қизиқиб, бир бепарво, ҳа, энди, битта ўйинга рухсат берибдида, деган қараш билан уни кузатган эдик, не тонгки, финалдан ҳам умидвор бўлганмиз якунда. Худди шундай боксчиларимизга қарашда ҳам ана шу кечинма ўтганди кўнглимиздан.

Бу бежиз эмас эди. Сўнгги икки Олимпиада боксчиларимиз учун унчалик омадли келмади. Гарчи бокс бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси тўлиқ таркиб билан Риога борган бўлсада, Элшод Расуловнинг илк босқичдаёқ мусобақани тарк этгани бизни эмас, боксчиларнинг руҳини тушириб юборган эди.

Олимпиадани кузата туриб, ғалаба учун пойдевор Риогача қўйилганини илғаш қийин эмас эди. 2014 йилгача жаҳон чемпионатлари ва шу йўсиндаги мусобақалардан қуруқ қайтиш церийаси давом этаётган, Ўзбекистон боксига тажрибали менежер, спорт жонкуяри етишмаётган эди. Чунки катта мактаб ва тажрибали мураббийлар бору, аммо уларни йўналтира оладиган мутахассисини боксчилар сабрсизлик билан кутишаётган эди. Бу кенг дунёқарашга эга креатив менежер - ўша пайтда федерация вице-президентлигига тайинланган Шерзод Тошматов бўлди.

Шарқ яккакурашлари вакиллари орасида таниқли спорт мутахассиси ва замонавий тадбиркорга Олимпия спорт тури нечоғли ишониб топширилганини унинг аввалги фаолиятига бир қур назар солган мухлислар яхши билишади. Муайтай бўйича жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этган Тошматов феномени нафақат ишқибозлар, балки ҳукумат раҳбарларини ҳам бефарқ қолдирмаганди ўшанда. Бирор ишга киришдими, уни майда деталларигача синчков ўрганиб амалга ошириши билан назарга тушганди у. Мусобақа ҳам тўй сингари - келадиган меҳмонлар аҳвол-руҳиясига қарашу тадбир ўтадиган жойни дид билан безатишгача мезбон зиммасида. Тошматовда ана шу жиҳатлар устувор эди.

Бокс билан бундай бўлиши қийин. Чунки шарқ яккакурашларига нисбатан олимпия оиласи вакиллари табиатан бирмунча инжиқроқ, талаби бир бош юқори туради. Аммо янги раҳбар тез орада қатъиятлилиги, талабчанлиги, муаммолар қаршисида довдираб қолмаслиги, спорт менежерига хос ноёб фазилати билан Ўзбекистонга бокс кайфиятини қайтара олди, жамоа билан тез тил топишди. Буларнинг бари Олимпиадагача қилинди.

2014 йил Ўзбекистон бокс федерацияси вице- президентлигига тайинлангач, Шерзод Тошматов бу масъулиятли ишни ўта эҳтиёткорлик, мулоҳаза билан бошлади. Давлатимиз ва ҳукумат раҳбарияти томонидан спортни ривожлантиришга қаратаётган юксак эътиборидан руҳ ва куч олди. Олдига қатъий мақсадлар қўйди. Яхши жамоа тузди. Терма жамоа таркиби ва мураббийлар штабини шакллантирди. Умуман, вице-президент ўзидан олдин яратилган энг яхши анъаналарни олди ва қўшимчалар билан ривожлантирди. Чунки бокс бизда отахон спорт турларидан бўлиб, ХХ аср бошиданоқ юртимизда ривожлана бошлаган ва эътиборлиси, юртимиз чарм қўлқоп усталари Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатларида ўз саҳифаларини очишга улгурган. Дунё бокс оламида ҳам яхши кўрсаткичларга эга спортчиларимиз кўпчиликни ташкил этади. Аммо Пекин-2008 Олимпиадасида бирорта медаль қўлга киритилмаган, Лондон-2012да эса фақатгина Аббос Атоев бронза медали соҳиби бўлган, жаҳон чемпионатларида кўзга ташланадиган натижаларимиз кўринмаётган эди.

...Мутахассис ишни биринчи навбатда селекциядан бошлади. Жамоа мукаммал ўрганилди. 2015 йилда Қатар мезбонлик қилган жаҳон чемпионатига астойдил ҳозирлик кўрилди. Муроджон Аҳмадалиев, Фазлиддин Ғойибназаров, Бектемир Мелиқўзиевлар кумуш медалларни қўлга киритди, Баҳодир Жалолов, Элнур Абдураимов ва Элшод Расуловлар бронза медаллар билан юртимизга қайтиб келишди. Мана шу натижа бир йилдан сўнг Риода бўладиган Олимпиадага борувчи терма жамоа кучга тўлиб бораётганини амалда кўрсатганди... Умумжамоа ҳисобида медалларга кўра жадвалда 7-ўрин асл салоҳиятимизга мос эмас, деган ишонч пайдо бўла бошлади...

Кўпчиликнинг ёдида бор, тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси олдидан бокс бўйича яна бир катта мусобақа - Бутунжаҳон бокс церийаси (WSB) саралаш мусобақалари ҳам пойтахтимизда ташкил этилди. Унда юртимиз шарафини «Uzbek Tigers» жамоаси ҳимоя қилди. Тўғри, бу жаҳон чемпионати эмас, лекин бу турнирда ҳам дунёнинг етакчи боксчиларидан таркиб топган жамоалар иштирок этди. Ўзбекистонлик мухлислар қувончини айтмайсизми?? Одамлар бокс билан ётиб, унинг муҳокамаси билан уйғонадиган бўлишди. Юртимизга ҳали қадами етмаган Куба, Англия, Россия, Венесуэла, Буюк Британия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг кучли боксчилари иштирокидаги ажойиб бокс кечаларини мухлислар завқ билан томоша қилишди. Тошматов феномени шу ерда ҳам бор бўй-басти билан намоён бўлди - мусобақаларни ташкил этишда ички ва ташқи безаги, ташкилий ишларида ҳеч бир жиҳат беэътибор қолмади. Мухлислар нафақат Тошкентда, ҳатто Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ҳам баҳсларни жонли кўриш имконига эга бўлишди. Бокс бутун шукуҳи билан мамлакатга қайтди, каттаю кичикда забардаст ўғлонларга нисбатан ишонч ҳисси ортди.

Шерзод Тошматовда қарийб ўн йиллик тажриба бунда асқотди, деб айта оламиз. У 2008 йилдан Ўзбекистон муайтай федерациясида фаолиятни бошлади. 2010 йил илк бор муайтай бўйича Осиё чемпионати ўтказишда бош-қош бўлди. Қитъанинг 25 мамлакати аъзолари иштирок этган ушбу чемпионатни Бутунжаҳон муайтай федерацияси раҳбари бевосита кузатиб, ташкилий жиҳатларига юқори баҳо берди. 2011 йилда муайтай бўйича жаҳон чемпионати илк бор ўз ватани Таиландда ташқарида ўтди. Тошкентда юқори савияда ўтган дунё биринчилигини эса муайтай ватани вакиллари ҳам эътироф этиб кетишган эди. Ўзбекистонлик тай-бокс усталари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Шундан кейин муайтай бўйича «Буюк ипак йўли» халқаро турнирига ҳам асос солинди. Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида етакчи муайтайчилар иштирокида беллашув ташкил этилди.

Яна Риога қайтамиз. Федерация раҳбарияти ўша пайтда иқлим шароитига мослашиш, спортчилар руҳиятига салбий таъсир қиладиган омилларни йўқ қилиш мақсадида жамоани бир ой аввал Риога олиб борди. Якунда жамоа бирлаштира олди, Рио-2016дан 3 та олтин, 2та кумуш ва 2 та бронза билан қайтдик. Ўзбек бокси олимпия тарихида илк бор мана-ман деган жамоаларни ҳам ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида Куба, Россия, Қозоғистон каби асосий таъқибчиларини ортда қолдириб, биринчи бўла олди. Биз боксда дунёнинг энг кучлиларидан бирига айландик!

Ўша йилнинг декабрь ойида Шерзод Тошматов Осиё бокс федерациясининг вице-президенти этиб тайинланди ва Ижроия қўмитасига аъзо бўлди.

2017 йилнинг 30 апрель - 7 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтган Осиё чемпионати Ўзбекистон бокс терма жамоасининг мутлақ ғолиблиги билан якунланди.10 та вазн тоифасида ўтган чемпионатнинг 9 вазнида олтин медаль соҳиби бўлган йигитларимиз Осиёда янги рекорд қайд этдилар.

12-22 май кунлари Озарбайжон пойтахти Бокуда ўтган IV Ислом ҳамжиҳатлик ўйинларидаги чарм қўлқоп усталаримиз иштироки ўзбек бокси савиясини яна бир бор намойиш этди.

Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида 7 та медални қўлга киритган ҳолда вакилларимиз қитъада ҳам биринчи бўлди.

Спортда шундай: ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради. Машҳур мураббийлардан бири Анатолий Тарасовнинг бир гапи бор: «Ҳаётда иккинчи бўлимнинг ўзи йўқ, қиладиган ишинг ва вазифаларингни сен учун берилган биринчи бўлимда бажариб ол». Ўз вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган, нафақат Осиё ва жаҳон, балки Олимпия ўйинларида ҳам натижа кўрсата олган Тошматов шахсига нисбатан ҳам турлича қарашлар ва босим пайдо бўла бошлади. 2018 йилда мамлакат спортининг янги раҳбарияти Бутунжаҳон бокс церийаси (WSB)да Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб келаётган «Uzbek Tigers» жамоаси фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Федерация вице-президенти иш фаолиятига аралашувлар унинг ишчанлик кайфиятига салбий таъсир кўрсатди. Аммо бу Шерзод Тошматовни руҳан синдира олмади.

Мулоҳаза ўрнида шуни айтиш лозимки, аксарият ҳолларда юқори турувчи раҳбарлар айнан иш кўрсатаётган, натижалар қайд этаётган мутахассислар ишидан камчилик топишга, халақит беришга уринишади.

Айниқса, спорт соҳасида бу қимматга тушиши мумкин. Ортида баркамол ва соғлом авлодни тарбиялаш, Ватан шаън ва обрўси, олимпия ғояларини тарғиб этишдек масъулиятли ва залворли вазифалар турганда, майда камчилик излаш ва шу орқали жараёнга аралашиш кимларгадир ёқар, лекин ундан давлат, халқ зарар кўришини наҳотки билишмаса...

Бир сўз билан айтганда, Рио Олимпиадаси сари элтувчи йўл ва унинг атрофидаги саъй-ҳаракатлар мутахассислар томонидан ўрганилишга муҳтож. Бу давр ҳали узоқ йиллар ўзбек боксида акс-садо бериб туришига ишонаман.

P.S. Қарийб бир йилдирки, етакчи спорт менежери фаолиятидаги учинчи спорт ташкилотига раҳбарлик қилиб келмоқда. Шерзод Рихсибоевичга Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раислиги ишониб топширилди. Бу ерда ҳам у яхши жамоа шакллантира олди. Мақсади - ўзбек таэквондоси ютуқларини Олимпиадаларда намойиш этиш.

Фурсатдан фойдаланиб, Шерзод Тошматовни бугунги таваллуд куни билан табриклаймиз. Унга узоқ умр, тан-сиҳатлик, мамлакат спорти равнақи йўлидаги хайрли ишлари бардавом бўлишини тилаб қоламиз.

Бир гуруҳ Ўзбекистон спорт журналистлари

ЎзА