ДУНЁДА
04.07.20

• Канадада коронавирус пандемиясига қарши ўз жонини хатарга қўйиб кураш олиб бораётган ва шундай оғир вақтда ҳам Канада аҳолисини энг зарур маҳсулотлар билан таъминлаётган шифокорлар, кўнгиллилар, озиқ-овқат дўконлари ходимлари ва бошқа ишчилар шарафига махсус танга чиқарилди. Танганинг бир томонида Канада рамзи ҳисобланган заранг дарахти барги билан кесишган юрак тасвири туширилган. Иккинчи томонида эса катта юрак ўртасида қучоқлашиб турган одамлар гуруҳи акс этган. Тасвирнинг тагида мамлакатнинг расмий тили ҳисобланган инглиз ва французчада «Раҳмат» сўзи туширилган. Ушбу танганинг нархи 9 канада доллари ва 95 цент (тахминан 7,5 АҚШ доллари). Тангани фақат онлайн тарзда буюртма бериб харид қилиш мумкин. Тангаларни сотишдан тушган маблағ Канаданинг коронавирусга қарши кураш бўйича хайрия фондига ўтказилади.

• Нур-Султондаги Миллий мудофаа университетида Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг монументи очилди, дея хабар беради мамлакат президенти расмий сайти. Қасим-Жомарт Тоқаев очилиш маросимида онлайн режимида иштирок этди. Унинг айтишича, Миллий мудофаа университетида ҳайкал ўрнатилиши чуқур рамзий аҳамият касб этади, чунки Қозоғистон Қуролли Кучлари айнан мамлакат мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланишга катта эътибор қаратиб келган Назарбоев фармони билан ташкил этилган. Тоқаев мамлакатнинг стратегик йўлини белгилаб берган ва халқни жипслаштирган Назарбоевни замонавий Қозоғистон асосчиси дея таърифлади. «Тинчлик ва барқарорлик, фаровонлик ва бирлик – бу Елбаси сиёсати самарасидир. Ҳар бир давлат тарихида ўзидан беқиёс из қолдирган ноёб шахслар бўлади. Ўсиб келаётган авлод олдидаги бурч - уларнинг хизматларини қадрлаш ва ҳурмат қилишдан иборат», – деди президент.

« Back

Суперлига 22.07.2020 12:12

Coca-Сola Суперлиганинг 10-тур учрашувлари қолдирилди

Бунга «Пахтакор», «Бухоро» ҳамда «Сурхон» жамоаларининг умумий ҳисобда ўндан зиёд футболчилар вирус юқтириб олганлиги сабаб бўлди, дея хабар бермоқда ЎзПФЛ расмий сайти.

Мазкур ҳолат Суперлига учрашувларини қайта тиклаш олдидан Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги билан келишилган йўриқнома шартларига клублар томонидан риоя қилиш сустлашганини англатади.

Бугунги кунда вазият мураккаб экани сир эмас. Бир томондан футбол учрашувларини тўхтатиш — ортга ташланган қадам бўлади. Бу ҳолат турли ёш терма жамоаларнинг халқаро майдондаги ўйинларига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бошқа томондан эса футболчи ва мураббийларнинг, умуман футбол жамоатчилигининг соғлиги билан боғлиқ жиҳатларни ҳам ёддан чиқармаслик керак. Улар нафақат ўз саломатликларини, балки оила-аъзолари соғлигини ҳам хавф остида қолдиришлари мумкин.

ЎзПФЛ юқоридаги фикрлардан, қолаверса, 20 июль куни клублар иштирокида бўлиб ўтган видеоконференция хулосаларидан келиб чиқиб, қуйидаги қарорларни қабул қилади.

Coca-Cola Суперлигаси учрашувлари 28 июлга қадар тўхтатилади ва шу куни чемпионат 10-турдан бошлаб давом эттирилади. Тақвимнинг кейинги эҳтимолий кўринишлари алоҳида муҳокама этилади. ТВ дастурлар вақтига халал бермаслик мақсадида 10-тур учрашувларининг барчаси 19:00 да старт олади.

Унга қадар Суперлиганинг барча клублари бор диққат-эътиборини футболчилар саломатлигига қаратади. Клубларнинг барчаси хусусий клиникалар билан ҳамкорликда тест топширади. Бунда ЎзПФЛ ўзи рўйхатдан ўтказган барча футболчи ва мураббийлар тест топширганига ишонч ҳосил қилиши керак бўлади. Тест жавобларини тўлиқ тақдим этмаган клублар қолган жамоалар футболчилар саломатлигини хавф остида қолдирмаслик учун мусобақага қўйилмайди.

Тест топширган ва унинг натижаларига кўра вирус аниқланмаган футболчилар клуб қароргоҳига жойлаштирилади. Улар карантин тартиби юмшатилгунига қадар машғулотлар ва ўйинларга ўз базаларидан қатнайди. Боиси, уларнинг шаҳар бўйлаб эркин ҳаракат қилиши, футболчилар саломатлигини, бунинг ортидан эса чемпионат ўйинлари давомийлигини хавф остида қолдириши мумкин.

ЎзПФЛ август ойидаги учрашувларни қандай ташкил қилиш ва тақвимга қандай ўзгартиришлар киритиш устида иш олиб боради. Шунингдек, ўз ишига совуққонлик билан ёндашган клублар директорлари, бош мураббийлари ҳамда шифокорларига нисбатан кескин чоралар кўрилади. Вирус тарқалишини сунъий равишда сир тутаётган клубларга нисбатан СEОА билан ҳамкорликда иш очилади.

Ойбек ЮНУСОВ,
ЎзА